Линклар

Шошилинч хабар
20 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:25

COVID-19 га қарши эмлаш: Минтақа давлатларидаги вазият


Шу кунгача Ўзбекистонда тақрибан 500 минг киши, Қозоғистонда 800 мингдан сал ортиқ, Қирғизистонда қарийб 15 минг киши коронавирусга қарши эмланди. Бу уч қўшни давлатда COVID-19 га чалиниш ҳолатлари ҳар куни қайд этилмоқда.

Ўзбекистоннинг бошқа икки қўшнисидан бири - Тожикистон расмийлари жорий йил бошидан буён ҳеч кимга коронавирус юқмаганини айтса, яна бир қўшниси - Туркманистон ҳукуматига кўра, мамлакатда ҳеч ким, ҳеч қачон COVID-19 га чалинмаган.

Ўзбекистон

Минтақанинг энг кўп аҳолиси яшайдиган (34 миллион 700 минг) Ўзбекистонга, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг хабар қилишича, 23 апрель куни Россияда ишлаб чиқарилган “Спутник V” вакцинасининг биринчи партияси келтирилган. ССВ илк партияда Тошкентга қанча доза вакцина олиб келинганини очиқламади.

Вазирлик Гамалея номидаги Миллий эпидемиология ва микробиология илмий-тадқиқот маркази ишлаб чиққан “Спутник V” вакцинаси Ўзбекистонда оммавий фойдаланиш учун ўзбек расмийлари томонидан шу йил февраль ойида сертификатлагани ва тасдиқлаганини қайд этган.

Шу кунда Ўзбекистонда аҳолини коронавирусга қарши эмлаш учун Британиянинг AstraZeneca ҳамда Хитойнинг Ўзбекистон билан ҳаммуаллифликда ишлаб чиқарган ZF-UZ-VAС2001 вакцинаси вакциналаридан фойдаланилмоқда.

ССВ қайдича, шу кунда Ўзбекистонга ZF-UZ-VAС2001 ва AstraZeneca вакциналарининг қўшимча дозаларини олиб келиш бўйича ҳам ишлар олиб бориляпти.

21 апрель куни Ўзбекистонда жами 28405 нафар киши COVID-19 га қарши эмланди ва эмланганларнинг умумий сони 486 960 нафарга етди.

Маълумотларга кўра, жорий йил иккинчи чорагида Ўзбекистонда 4 миллионга яқин фуқарони COVID-19 га қарши эмлаш режаланган. 2021 йил охирига бориб бу кўрсаткич 7 миллионга ўсиши мумкинлиги айтилмоқда.

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони, 2021 йил 22 апрель ҳолатига кўра, 88 минг 280 нафарни ташкил этган.

Қозоғистон

Қозоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг хабар қилишича, 23 апрель тонгигача бу мамлакатда коронавирусга қарши вакцинанинг биринчи компонентини 823 498 киши ёки аҳолининг 4,3 фоизи олди.

Сoronavirus2020.kz сайти маълумотларига қараганда, аҳоли сони 19 миллион кишини ташкил этадиган Қозоғистонда коронавирусга қарши эмлаш ишлари 2021 йилнинг 1 февралидан бошланган. Эмлашда Россияда ишлаб чиқарилган Гам-КОВИД-Вак («Спутник V») вакцинаси қўлланмоқда.

15 февралдан эса, Қарағанда фермацевтика маркази базасида ишлаб чиқарилган Гам-КОВИД-Вак вакцинасидан ҳам фойдаланилиши айтилган. Сoronavirus2020.kz сайти 2021 йилнинг 2- чорагидан бошлаб эмлаш жараёнига Қозоғистоннинг ўзида ишлаб чиқарилган QazCovid-In препаратидан ҳам фойдаланиш режалаштирилганини хабар қилган эди.

Қозоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг хабар қилишича, 22 апрелда бу мамлакатда 2894 кишининг ПЦР тести ижобий чиққан, яъни коронавирусга чалинган. Бир кун олдин бу рақам биттага кам эди.

2020 йилнинг мартидан буён вирус юқтириб олгани лабораторияда тасдиқланганларнинг расмий сони 300 минг кишидан ортган бўлиб, 22 апрелда 300 733 нафарни ташкил қилди, расмий маълумотларга кўра, 3512 киши бу касалликдан вафот этди.

Қирғизистон

Қирғизистонда 23 апрель куни Россияда ишлаб чиқарилган "Спутник V" вакцинаси билан эмлаш бошланди. Бу ҳақда хабар қилган Қирғиз республикаси Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий тараққиёт вазирлигига кўра, бу вакцина билан ёши 65 дан ўтганлар эмланади.

"Спутник V" вакцинасининг биринчи партияси 20 минг дозадан иборат бўлиб, у Россиядан Қирғизистонга 22 апрелда келган. Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий тараққиёт вазири Алимкадир Бейшеналиев журналистларга вакцинанинг бир дозаси 10 доллар эканини айтган.

6,5 миллион аҳолига эга Қирғизистон Россияга бир миллион доза вакцинага буюртма берган.

Мамлакат бош вазири Улукбек Мариповга кўра, жорий йил майида Қирғизистонга Австриядан Оксфорд университети билан "AstraZeneca" компанияси ишлаб чиқарган вакцина ҳам келади.

Қирғизистонда коронавирусга қарши эмлаш жараёни шу йилнинг 29 мартида Хитойнинг "SinoPharm" препарати билан бошланган. Ҳукумат раиси эмланишни хоҳловчилар оилавий шифокорлар марказлари вакцина олиши мумкинлигини айтган. 23 апрелгача Қирғизистонда 14861 киши коронавирусга қарши эмланди.

Расмий маълумотларга кўра, Қирғизистонда 2020 йилнинг мартидан буён коронавирус 93 278 кишига юққан, вирусдан 1573 вафот этган.

Тожикистон

Тожикистонда COVID-19га қарши эмлаш ишлари мартнинг сўнгги кунларида бошланган. Озодлик радиоси тожик хизматининг расмий маълумотларга таяниб, хабар қилишича, 18 апрель ҳолатига Душанбе шаҳридаги 15 690 ўқитувчининг 60 фоиздан зиёди вакцина олиб бўлган. Биринчи навбатда соғлиқни сақлаш ва таълим муассасалари, аэропорт ва меҳмонхона ходимлари эмланмоқда.

Тожикистон коронавирусга қарши эмлашни уч босқичда ўтказиши, бу жараён 5,8 миллион киши (Аҳолиси 9,5 миллион киши), яъни ёши 18 дан катта аҳолининг барчасини қамраб олиши эълон қилинган. Ўтган ҳафта охиридаги маълумотга қараганда, мамлакатга 192 000 дозада AstraZeneca вакцинаси олиб келинган.

Тожикистон расмийларига кўра, жорий йил бошидан буён мамлакатда ҳеч кимга коронавирус юқмаган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига қараганда, Тожикистонда COVID-19 13 мингдан зиёд кишига юққан, 90 киши шу касалликдан вафот этган. Бироқ тожикистонлик мустақил таҳлилчилар бу маълумот ва рақамларга ишонмаслигини айтиб келади. Улар фикрича, касалга чалинганлар ҳам, вафот этганлар ҳам расман тан олинаётганидан анча кўпдир.

Туркманистон

6 миллионлик Туркманистон ҳанузгача бирор кишига ҳам коронавирус юққани расман қайд этилмаган мамлакат бўлиб қолмоқда. Нафақат Марказий Осиё, балки дунёдаги энг ёпиқ мамлакатлардан бири бўлиб қолаётган Туркманистонда, гарчи расман ҳеч кимга коронавирус юқмаган бўлсада, аҳолини эмлаш бошланган. Озодлик радиоси туркман хизмати 7 апрелда Ашхободдаги мактаблар ўқитувчилари оммавий тарзда Хитой вакцинаси билан бепул эмланаётганини хабар қилган эди.

Айни пайтда мамлакатда Россиянинг "Спутник V" вакцинаси билан ҳам эмланиш мумкин. Фақат бу вакцина пулли: бир дозаси 1000 манат, Туркманистон Марказий банки курси бўйича 285 АҚШ доллари туради.

XS
SM
MD
LG