Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:20

COVID-19: Эмланган аҳоли ниқоб тақмаса ҳам бўладими? Жо Байден маъмурияти янги йўриқнома ишлаб чиқди


Президент Байден касалланишларнинг яна бир тўлқини ёпирилмаслиги учун америкаликларни ҳушёр бўлишга чақирди.
Президент Байден касалланишларнинг яна бир тўлқини ёпирилмаслиги учун америкаликларни ҳушёр бўлишга чақирди.

COVID-19 инфекциясига қарши тўлиқ эмланган инсонлар бошқа эмланганлар билан кичик гуруҳларда ниқобсиз йиғилиши мумкин. Аммо зарурат бўлмаса саёҳатга чиқмаслик ва жамоат жойларида ниқоб тақиб юриш тавсияси ўз кучида қолади, деб баёнот берди президент Жо Байден маъмурияти душанба куни.

АҚШ Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш марказининг (CDC) янгиланган қўлланмасида айтилишича, тўлиқ эмланган инсонлар таҳдид гуруҳига кирмайдиган шахслар билан ҳам кичик гуруҳларда ниқобсиз учрашса бўлади.

Эмланганлар сони шиддат билан ошиб бораётган бир вазиятда пандемия чекловлари бирозгина юмшатилиши соғлиқни сақлаш масаласига ҳамон эҳтиёткорлик билан ёндашилаётганидан далолатдир. Президент Байден касалланишларнинг яна бир тўлқини ёпирилмаслиги учун америкаликларни ҳушёр бўлишга ҳамда тиббий йўриқларга амал қилишга чақирди.

Касалликларни назорат қилиш идорасига кўра, тўлиқ эмланган инсонлар катта йиғилишларда иштирок этмагани, шунингдек, улар ҳали эмланмаган ёки COVID-19 инфекциясининг оғир кечириши мумкин бўлган шахслар билан учрашганда ниқоб таққани маъқул.

СDC раҳбари Рошель Валенскийнинг қайд этишича, кунига 60 мингта янги касалланиш қайд этилаётган бир пайтда хавф гуруҳида бўлган ёки ҳали эмланмаган аҳоли вакилларини муҳофаза қилмоқ даркор.

“Пандемияни тўлиқ енгганимиз йўқ, аҳолининг 90 фоиздан кўпроғи ҳали эмланмаган. Шу сабаб, эмланганлар ҳам, эмланмаганлар ҳам зарурат бўлмаса саёҳатга чиқмаслиги ва кўп одам йиғиладиган жойларга боришдан тийилиши лозим”, – дейди Валенский.

АҚШда COVID-19 инфекцияси туфайли нобуд бўлганлар сони 525 минг кишидан ошди. Коронавирус таҳдиди бўрттириб кўрсатилаëтганини даъво қилиб, жамоатчиликни пандемия тез орада тугашига ишонтиришга уринган Трампдан фарқли ўлароқ, Байден президентлигининг илк куниданоқ аҳолини ниқоб тақиб юришга ундади. Эмлаш жараёни бошлангач, баъзи штатлар деярли барча чекловларни бекор қилмоқда.

Аввалги ҳаёт тарзига қайтишни интиқиб кутаётган америкаликлар имкон қадар тезроқ эмланишга ҳаракат қилмоқда. Тадбиркорлар, хусусан, саёҳат, кўнгилочар ва хизмат кўрсатиш соҳалари вакиллари аҳоли тўлиқ эмлангач, уларнинг фаолияти яна жонланишига умид қилмоқда.

Янги йўриқномалар коронавирус ҳамон тарқалаётган шароитда эмланган аҳоли аввалги ҳаёт тарзига қай тарзда хавфсиз қайтиши мумкинлиги борасидаги тавсияларни ўз ичига олади, лекин ҳозирча омма кутаётган жиддий енгилликлар йўқ.

“Йўриқномалар дастлабки муҳим қадам бўлди. Бу бизнинг якуний маррамиз эмас. Кўпроқ аҳоли эмланиб, жамоавий иммунитет ҳосил бўлгач, йўриқномалар янгиланаверади”, – дейди Валенский.

CDC маълумотига кўра, ҳозирда 30 миллион киши, яъни АҚШ аҳолисининг 9,2 фоизи Pfizer/BioNTech, Moderna ва Johnson & Johnson вакциналари билан тўлиқ эмланган. Аҳолининг 18% фоизи, яъни 58,9 миллиони коронавирусга қарши вакциналарнинг камида битта дозасини қабул қилган.

Қайд этилишича, вакциналар COVID-19 инфекцияси билан касалланишнинг олдини олади, эмланган инсонлар инфекцияни тарқатиши мумкинлиги ҳақида ҳам ҳозирча маълумот йўқ. Лекин бу инфекцияга йўлиқиш хавфи юз фоиз йўқолганини англатмайди.

Эслатиб ўтамиз, Касалликларни назорат қилиш идораси ўтган ойда ковидга чалинган инсон билан мулоқотда бўлган эмланган инсонлар, агарда уларда касаллик асоратлари кузатилмаса, 14 кунлик карантинга амал қилмаса ҳам бўлади деб баёнот берган эди.

XS
SM
MD
LG