Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:50

COVID-19: Эрон масжидларни очди. Касаллик бўйича 2-чи ўринга чиққан Россия чекловларни бекор қилди


Эронда апрель ўртасидан бошлаб АҚШ санкцияларидан қаттиқ зарар кўрган ва таназзулга юз тутган иқтисодиётини тиклаш мақсадида нормал иқтисодий фаолиятни босқичма-босқич тиклдашга рухсат берилди.
Эронда апрель ўртасидан бошлаб АҚШ санкцияларидан қаттиқ зарар кўрган ва таназзулга юз тутган иқтисодиётини тиклаш мақсадида нормал иқтисодий фаолиятни босқичма-босқич тиклдашга рухсат берилди.

Коронавирус инфекциясидан дунё бўйлаб 286 минг киши вафот этди, 4,1 миллион кишига вирус юққани тасдиқланди. Ҳукуматлар бу касаллик тарқалишини камайтиришга ҳаракат қилаётган пайтда оммавий тартибсизликлар келиб чиқмоқда.

Эрон чекловларни енгиллатиб, вақтинчалик барча масжидларни очишга рухсат берди; Россияда яна 11 мингга яқин вирус юқтирганлик ҳолати хабар қилинди.

Эрон

Бу мамлакатдаги барча масжидлар 12 майдан қайта очилмоқда. Бу янги коронавирус тарқалишини тийиб туриш мақсадида жорий этилган чекловларни енгиллатиш йўлидаги яна бир қадам бўлди.

Масжидларни очиш тўғрисидаги қарор Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан маслаҳатлашилгандан сўнг қабул қилинди. Бу ҳақда Ислом тараққиёти ташкилоти директори Муҳаммад Қумий Эроннинг IRIB ахборот агентлигига билдирди.

Қумий кейинчалик айтишича, муқаддас Рамазон ойининг алоҳида кечаларини нишонлаш учун масжидлар уч кун очиқ бўлади. Нимрасмий Fars ахборот агентлиги билдиришича, улар шундан сўнг очиқ туриши ёки турмаслиги маълум эмас.

Яқин Шарқда коронавирус тарқалишидан энг кўп зарар кўрган Эрон мамлакатнинг айрим жойларида инфекция тарқалиши ортаётганига қарамай, чекловларни енгиллата бошлади.

Tasnim ахборот агентлиги 10 майда Хузистон вилоятидаги бир туман карантинга ёпилганини хабар қилган эди. Унинг вилоят ҳокимига иқтибосан билдиришича, касалликка чалинганлар сони кескин ортиб кетган ва айни ҳол ҳокимият идораларини ишга босқичма-босқич қайтишни бекор қилишга мажбур этган.

Эрон 11 апрелдан бошлаб АҚШ санкциялари оқибатида инқирозга юз турган иқтисодиётини қутқариш учун иқтисодий фаолиятни босқичма-босқич тиклашга киришишга рухсат берган эди. Ҳукумат ўтган ҳафта санкциялар ва коронавирус пандемияси сабаб бўлган пулнинг кескин қадрсизланишига қарши курашиш учун миллий пул бирлиги қадрини пасайтиришга қарор қилди.

11 май ҳолатига кўра, Эронда коронавирусдан ўлган кишилар сони 6685 нафарга етди, деди Соғлиқни сақлаш вазири матбуот котиби Киануш Жаҳонпур давлат телевидениеси орқали берган баёнотида. Ушбу касаллик ташхиси қўйилган кишилар сони 109 282 нафарга етган.

Президент Ҳасан Руҳоний ўтган ҳафтада вирус тарқалиш хавфи кам бўлган 132 та туманда масжидларни очиш мумкинлигини айтган эди. Ушбу рақам Эрон маъмурий бўлинмаларининг1/3 қисмини ташкил этади.

8 майда Эроннинг коронавирус инфекциясини юқтириш хавфи кам бўлган 180 та шаҳар ва қўрғонида жума намозларини масжидларда ўқиш бошланди.

Президент сайтига кўра, мактаблар келгуси ҳафтада очилади.

Эронда шаҳарлараро борди-келдига рухат этилди, йирик савдо марказлари ишлай бошлади.

Россия

Россияда аҳолининг ишга чиқишига тўсқинлик қилувчи чекловлар 12 майда тугади, бироқ мамлакатдаги расман қайд этилган инфекция юқтирганлик ҳолатлари ҳар куни 10 минг кишига ортиб бормоқда.

Россияда сўнгги 24 соат ичида деярли 11 000 та янги вирус юқтирганлик ҳолат қайд этилгани хабар қилинди. Ушбу мамлакат тасдиқланган вирус юқтирганлик ҳолатлари кўрсаткичи бўйича дунёда иккинчи ўринга чиқиб кетди. Айни пайтда Европанинг айрим мамлакатларида карантин чекловлари юмшатилмоқда.

Гарчи Россияда коронавирус инфекциясини юқтирган кишилар сони Европада ниҳоятда тез ўсиб, жами 232 243 нафарга етган ва айни кўрсаткич бўйича фақат Қўшма Штатлардан орқада қолаётган бўлса-да, 12 май ҳолатига кўра, жами ўлим ҳолатлари (2116 киши) нисбатан паст бўлди.

Россиялик амалдорлар кунлик ўсиш суръати баланд эканини тиббий текширувлар кенг миқёсда ўтказилаётгани ва шу пайтгача 5,8 миллион киши тест топширгани билан изоҳламоқда.

Лекин айрим танқидчилар Россиядаги ўлим ҳолатлари камайтириб кўрсатилаётгани, бошқалар эса тест натижалари аниқ бўлмаслиги мумкинлигини айтмоқда.

XS
SM
MD
LG