CОVID-19 вакциналари кўплаб одамларнинг ҳаётини сақлаб қолмоқда, аммо ўта юқумли янги мутациялар пайдо бўлганда вакциналар ҳам ожиз қолмоқда. Табиий бир савол туғилади: ҳар бир неча ойда кучайтирувчи (бустер) дозани олиш керакми? Янги вакциналар зарурми? Бу ҳақда “Associated Press” мақола эълон қилди.
Муаммони ҳал қилишда тиббиёт ходимлари ўзларининг асосий вазифаларини бажарар экан, кўплаб мутахассислар янги вакциналарни ҳаддан ташқари кўпайтирмаслик ҳақида огоҳлантирмоқда.
“Биз эмлашдан мақсад нима эканлигини биргаликда қайта кўриб чиқишимиз керак. Ҳар қандай эмлаш инсонларни инфекциядан, енгил сурункали касалликлардан абадий ҳимоя қилади, деб ишониш ҳақиқатга тўғри келмайди”, дейди юқумли касалликлар бўйича мутахассис доктор Дениел Куритзкес.
Агар мақсад касалликнинг олдини олиш бўлса, “ҳар сафар янги штамм чиққанда янги вакцина яратиш шарт эмас”.
“Associated Press” мақоласида келтирилишича, мутацияга учраган вирус асосан шаклини ўзгартиради. Кейинги штамм қанчалик ёмон бўлишини билиб бўлмайди. Ўзига хос мутацияларга эга бўлган омикрон штаммини ташувчи қуйи штаммлар аллақачон айланиб юрибди. Келгуси мутант вирусларга қарши кенгроқ ҳимояни таклиф қиладиган янги авлод вакциналарини яратиш устида тадқиқотлар олиб борилмоқда, аммо улар ҳали бери тайёр бўлмайди.
Тезкор ечим шуки, бугунги кунда кўпроқ инсонларни эмлаш “вируснинг мутацияга учраши ва юнон ҳарфлари остида янги штаммлар пайдо бўлиш эҳтимолини камайтиради”, дейди Жонс Хопкинс тиббий хавфсизлик марказидан Женнифер Нуззо.
Нега иммунитет мукаммал эмас
Организмда вирусни зарарсизлантирувчи антитаналар эмлашдан кейин ёки CОVID-19 билан дастлабки касалланишдан кейин пайдо бўлади ва кейинги сафар организм вирусга дуч келганда унга қарши курашишга тайёр туради.
Ягона муаммо шундаки, мутациялар худди фирибгарлар қўлга тушмаслик учун ниқобларини ўзгартирганидек, коронавирусни қоплайдиган шохли қобиқ ҳам кўринишини ўзгартиради. Шундай қилиб, омикрон олдинги штаммларда пайдо бўлган ҳимояни ёриб ўтишга муваффақ бўлди. Унинг тиканли қопламаси антитаналар мавжудлигини ҳам йўққа чиқарди.
Бундан ташқари, иммунитет тизими доимий огоҳ туришга мўлжалланмаган. Шунинг учун инфекциядан ҳимоя қилувчи антитаналар вақт ўтиши билан заифлашади. “Pfizer” ёки “Moderna” вакциналари икки дозаси билан эмланишдан бир неча ой ўтгач, антитаналар сусайиши омикрондан ҳимояланиш имкониятини ҳам пасайтирмоқда.
Яхшиямки, Т‑ҳужайралар деб аталадиган турли хил иммун тизимининг аскарлари вирус жиддий касалликка айланиши олдини олишда асосий вазифани бажаради ва бу ҳимоя узоқроқ давом этади. Чунки Т-ҳужайралар вируснинг осонгина мутацияга учрамайдиган бошқа қисмларини таниб олади.
Учинчи доза муҳим
Бустер дозадан сўнг, омикрондан ҳимояланиш тахминан 70 фоизни ташкил қилади. Бу вакциналарнинг аввалги штаммларда қайд этилган 94 фоизлик ҳимояси каби яхши кўрсаткич эмас, лекин барибир жуда самарали. Шуни таъкидлаш керакки, бустер доза жиддий касалликлардан ҳам ҳимояни янада кучайтиради.
Тадқиқотчилар учинчи дозадан кейин инфекцияга қарши антитаналар узоқ давом этишини диққат билан кузатмоқда. Аммо, муайян бир пайтда бу даража яна пасайиши аниқ. Кейинги сафар организм керак деб ҳисоблаганда хотира ҳужайралари деб аталадиган мазкур ҳужайралар янада кўпроқ ишлаб чиқарилиши мумкин.
Шундай қарамай, Исроилда 60 ва ундан катта ёшдагиларга тўртинчи дозани ҳам таклиф қилишмоқда. Шунингдек, барча катта ёшли аҳолини қўшимча бустер дозалар билан эмлаш ҳақида ўйлашмоқда.
Масала шундаки, кучайтирувчи дозалар билан эмлаш ҳақиқатан ҳам энг яхши ёндашув бўладими ёки йўқ. Айниқса, дунё аҳолисининг бир қисми дастлабки дозаларни олганидан сўнг янги қўрқинчли штаммлар пайдо бўлиш эҳтимоли камроқ эканлигини ҳисобга олинадиган бўлса.
Филадельфия болалар касалхонасининг эмлаш бўйича мутахассиси доктор Пол Оффитнинг айтишича, антитана даражасини доимий юқори даражада ушлаб туриш учун антитана миқдорини доимий равишда ошириш “жамоат саломатлигини муҳофаза қилишда самарали стратегияси эмас”.
“Pfizer” ва “Moderna” баъзи америкалик катта ёшлиларда омикронга қарши бустер дозаларни синовдан ўтказмоқда. Аммо, расмийлар касалланишни камайтириш учун тан олинган вакцинадан воз кечадими ёки йўқ аниқ эмас. Икки турдаги вакцина билан битта дозани тайёрлаш техник жиҳатдан мумкин. Аммо, дастлаб аралашма оғир касалликлардан иммунитетни заифлаштирмаслиги тасдиқланиши керак.
Янги ëндашувлар
Омикрон билан нима содир бўлишидан қатъи назар, коронавирус биз билан қолиши аниқ. АҚШ Миллий соғлиқни сақлаш институтлари бир нечта турлардан ҳимоя қилиши мумкин бўлган “пан-коронавирус” вакциналарини ишлаб чиқиш лойиҳаларига қарийб 43 миллион доллар маблағ ажратмоқда. Ҳозирги вакциналарда бўлгани каби вируснинг бир турини эмас, балки тўртдан саккиз хилгача турининг оқсил бўлакларини битта вакцинада жамлаш ягона имконият бўлиши мумкин.
Бу ҳайратланарли ғоя, аммо юқумли касалликлар бўйича раҳбар доктор Энтони Фаучи буни кўп йиллик уриниш деб атади. “Мен ҳеч ким пан-коронавирус вакциналари деярли қўлимизда деб ўйлашини хоҳламайман”, деди у.
Вирус билан биринчи дуч келган пайтда бурун орқали юбориладиган CОVID-19 вакциналарини яратиш ва вирусга қарши антитаналарни ҳосил қилиш яна бир самарали ёндашув бўлиши мумкин. Бурун орқали юбориладиган вакциналарни ишлаб чиқариш иньекция қилинадиганларига қараганда қийинроқ, аммо уринишлар давом этмоқда.
Глобал ҳимояланиш сари
Эмлаш стратегиясини мураккаблаштирадиган нарса шундаки, кам даромадли мамлакатлардаги аҳолининг атиги 10 фоизи вакцинанинг камида битта дозасини олган. Бундан ташқари, яқинда олиб борилган тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, бутун дунё бўйлаб қўлланилаётган вакциналарнинг баъзи турлари омикрондан ҳимояланиш учун ишлатиладиган бошқа вакциналарга қараганда соддароқ кўринади. Бу эса бустер дозаларини қўллаш стратегияларини мувофиқлаштириш кераклигини англатиши мумкин.
Йел университети тадқиқотчилари Хитойнинг “Sinovac” томонидан ишлаб чиқарилган икки дозали вакцинани олган одамларнинг қонида омикронга қарши антитаналарни топмади. “Pfizer” бустер вакцинаси билан дастлабки эмланиш бироз самара берган, бироқ етарли эмас.
Жоржтаун университети доктори Жесси Гудман “биз кейинги штаммлар қандай бўлишини башорат қила олмаймиз”, деди. У ҳар қандай вакцинани алмаштириш сабабини асослаб берадиган глобал стратегия кераклигини айтди. “Акс ҳолда жамиятда яна саросима бошланади”, дея қўшимча қилди Жесси Гудман.