Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:09

Консерватория ўқитувчи-профессорлари: Дарс соатларимиз кўпайди¸ ойлигимиз эса камайди!


1 октябрь - Устоз ва мураббийлар куни Озодликка боғланган Ўзбекистон давлат консерваториясининг бир гуруҳ мураббийлари янги ўқув йилидан бошлаб ўзларига юкланган дарс соатлари кўпайгани ҳолда¸ маошлар¸ аксинча¸ камайганини маълум қилди.

Мамлакатдаги энг катта мусиқа даргоҳи мураббийлари¸ шунингдек¸ кейинги йилларда таътил пуллари кечикиши, мукофот пуллари берилмаслиги, унвон олган мураббийлар ойликлари оширилмаслиги мунтазам кўриниш олганини билдирди.

Олийгоҳ ва вазирлик босимидан чўчиган Озодлик суҳбатдошлари ўз шахси сир қолишини сўради.

“1,5 ставка ишлаб, ярим ставка пулини олаяпмиз”

Консерватория оддий ўқитувчиларидан бирининг Озодликка айтишича, янги ўқув йилидан бошлаб, иш соатлари икки баробарга кўпайган, айни пайтда ойлик маошлари камайган.

“Консерваторияда молиявий муаммо бир йилча аввал бошланди, раҳбарият консерваториянинг қарзи кўплигини айтишди. Шу молиявий муаммо сабаб биз мураббийларни қийнашаяпти. Янги ўқув йилидан шу қарздорликни қоплаш учун бизни 1,5-2 ставкадан ишлатаяпти. Лекин 0,5-0,8 ставканинг пулини бераяпти. Яъни ўқитувчиларнинг соати кўпайиб, ойлиги камайди ёки бошқача айтадиган бўлсак, ўқитувчилар ишлаган соатининг фақат 60-65 фоизи тўланаяпти. Масалан, менга йиллик 1400 соат берилган, оладиган ойлигим 700 соатники”.

Консерватория профессорларидан бири эса¸ муаммонинг нафақат оддий ўқитувчилар, балки профессорларга ҳам тааллуқли эканини билдирди.

“Бир пайтлари профессорнинг йиллик нагрузкаси 500 соат эди. Ҳозир 1000 соат беришди. Соатлар кўпайди, лекин ойлик пасайиб кетаяпти. Ойликлар 50 фоизга камайди, нагрузкалар 50 фоизга кўпайди. Авваллари профессорнинг иш соати оддий ўқитувчиникидан фарқ қиларди. Профессорларга камроқ дарс соати ажратиларди. Ҳозир деярли тенглаштириб қўйишди. Профессорларнинг номи улуғ, супраси қуруқ. Уйимизни келиб, кўрсангиз худди бродяга каби яшаймиз. Давлат мукофотлари олганмиз, орден, медаллар беришган, лекин бугун ижодкорнинг аҳволи жуда аянчли бўлиб қолди”.

“Таътил пулини 2,5 ой кечикиб олдик”

Консерватория мураббийларидан яна бири¸ ëзги таътил пулини 2,5 ой кутганини айтади.

“Ўзбекистон қонунчилигига кўра, мамлакатдаги ўқитувчилар 1 июлдан таътилга чиқади. 5-6 июлгача таътил пулини бериши керак эди. Лекин бизнинг таътил пулимизни 24 сентябрь куни беришди. Тўғри¸ ҳамкасбларимиз орасида тўйга чиқиб, қўшимча пул ишлайдиганлари ҳам бор. Лекин кўпчилик фақат ижод билан машғул. Улар фақат ойлик ҳисобига ишлайди. Консерваторияда 400 га яқин ходим бор. Уларнинг 50 фоизи бюджетдан ойлик олади. Қолган ярми шартнома асосида ишлайди. Бюджетдагиларнинг таътил пулини олдинроқ беришди. Мен ҳам шартнома асосидаман. Таътил пулимни 2,5 ой кутдим. Таътилда на ўзимиз дам олдик, на болаларимизни ёзги таътилда бирор жойга олиб бора олдик. Энди эса, аудиторияларни ремонт қилишни ҳам домлалар зиммасига юклаяпти. Парталарни краскалаш, пол, девор, эшикни ремонт қилиш, янги пардалар тақиш- ҳаммасини домлаларга юклашди. Яна бир гап, бизнинг таътилимиз ўзи 26 августгача бўлиши керак. Лекин бу йил 23 августдан ишга чақиришди. Сабабини тушинтиришмади ҳам".

“Унвонли ўқитувчилар ойлигини оширишмади”

Консерваториянинг яна бир ходими олий ўқув даргоҳи муаллимларини қийнаётган бошқа бир муаммони тилга олди.

“Профессор ёки доцент унвонини олганда каттароқ ойлик бериши керак. Бу йил ёқлаганларнинг ойлиги янги ўқув йилидан оширилиши керак эди. Уларни бирма-бир чақириб, “Янги йилдан бошлаб оласизлар. Ҳозир эски нархда оласизлар” деди. Кейин кириш имтиҳонлари пайти айрим ўқитувчилар 10 кун давомида эрталабдан кечгача ишлашади. Бу 10 кунлик учун бериладиган пул ҳам фақат янги йилда тушириб бериларкан. Ўтган йили ҳам шундай қилишганди. Агар прокуратурадан келиб текширса, ҳаммасини аниқлайди. Фақат нимагадир шикоятларимиз жавобсиз қолиб кетаяпти. Ўзимизнинг раҳбариятга бир нарса десангиз, дарров, “Хоҳламасанг, аризангни ёз” дейишади. Бу Каримов давридан қолган одат. Консерватория мураббийларини асосий ишидан ташқари ишларга жалб қилиш ҳам эски тузумдан қолган. Домлалар йилига 10 дан зиёд марта ётоқхоналарда тунги навбатчиликларга қўйилади".

“Гонорар ва мукофот пулларини ҳам беришмайди”

Консерватория профессорларидан бири (юқорида суҳбатлашганимиз) гонорар ва мукофот пули билан боғлиқ муаммога ҳам эътибор қаратишни сўради.

“Мукофот пулларини деярли бермай қўйишди. Бошида¸ жаҳон миқёсига чиққанларга берилади премия¸ дейишди. Лекин хорижга чиқаётганларга ҳам премия йўқ. Гонорар масаласи ҳам катта муаммолардан бири. Шаҳардаги театрларга опера, мусиқали драмалар ёзиб берамиз. Гонорар пулини ойлаб, баъзида йиллаб, ололмаймиз. Берганда ҳам гонорарнинг энг пастини беришади. Энди буни кимга айтасиз? Ректоримиз Сайфуллаевнинг ўзи Маданият вазири бўлса. Вазирлик “Пул йўқ” дейди, тамом. Дардимизни кимга айтишни ҳам билмаймиз. Консерваториядаги муаммоларни маҳаллий матбуот орқали ҳам айтиб чиқдик. Лекин ҳеч қандай натижа бўлмади. Ҳеч ким эътибор ҳам қилмади. Малакали ўқитувчилар, профессионал солистлар чет элга кетиб қолаяпти. Кейинги 4 йил ичида консерваториядан 22та одам кетди".

-----------------------------------------------------------------------------------------------

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 724 971 539 ва +420 724 740 755 рақамига йўлланг.

OzodMikrofon сизга мунтазир!

OzodMikrofon рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!

XS
SM
MD
LG