Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:47

Давлат солиқ қўмитаси Озодлик мухбири саволига жавоб бермаган ходимига ҳайфсан берди


23 май куни Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизмати 22 май куни Озодликда чоп этилган “Қашқадарёлик тадбиркорлар Жиззахдаги ободончилик ишларига пул ўтказишга мажбурланаяпти” сарлавҳали мақолага муносабат билдирди.

Расмий баëнот Telegramдаги "Солиқ хизмати хабарлари" каналида эълон қилинди
Расмий баëнот Telegramдаги "Солиқ хизмати хабарлари" каналида эълон қилинди

Озодлик гаплашган тадбиркорлар Қашқадарё вилоят, Яккабоғ туман солиқ инспекцияси ходимларининг дўконма дўкон юриб¸ Жиззах вилоятининг Фориш туманидаги ободонлаштириш ишларига пул ўтказишга мажбурлаëтганини айтган эди.

Айни пайтда¸ Яккабоғ тумани солиқ инспекцияси бошлиғи бу шикоят юзасидан Озодлик билан гаплашишдан бош тортди.

Мақолага муносабат билдирган Давлат солиқ қўмитасининг Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бу шикоятнинг зудлик билан ўрганилганини маълум қилди.

Давлат солиқ қўмитаси ва барча ҳудудий бошқармалар томонидан аҳолини, шу жумладан, тадбиркорларни Фориш тумани қиёфасини замонавий кўринишга келтириш бўйича ҳомийликка мажбурий жалб қилиш юзасидан ҳеч қандай оғзаки ва ёзма кўрсатма берилмаган”¸ дейилади расмий баëнотда.

Айни пайтда қўмита Озодлик саволларига жавоб беришдан бош тортган Яккабоғ туман солиқ инспекцияси раҳбарига “ҳайфсан” берилганини билдирди.

Яккабоғ тумани давлат солиқ инспекцияси раҳбари Аслиддин Рустамовдан “Озодлик” радиоси мухбири қўнғироқ қилганда нима учун жавоб беришдан бош тортганлиги сўралганда, айнан ўша вақтда у тоғли ҳудудда ўтказилаётган тадбирда иштирок этаётгани ва алоқа сифати яхши бўлмаганлиги учун жавоб бера олмагани сабаб қилиб кўрсатилди.

Аммо шунга қарамасдан, инспекция раҳбари Аслиддин Рустамов оммавий ахборот воситаларининг мурожаатига тезкорлик билан муносабат билдирмаганлиги боис, Қашқадарё вилояти давлат солиқ бошқармаси томонидан унга нисбатан “хайфсан” интизомий жазо чораси қўлланилди.

Шу билан бирга, жойлардаги барча ҳудудий давлат солиқ инспекциялари раҳбарлари оммавий ахборот воситаларининг ҳар бир мурожаатига тезкор ва тўлақонли ахборот тақдим этишларига масъул эканликлари яна бир бор кўрсатиб ўтилди.

Ўз навбатида, Давлат солиқ қўмитаси “Озодлик” радиосига бундай ҳолатни олдини олишга амалий ёрдам берганлиги учун миннатдорчилик билдиради”¸ дейилади Давлат солиқ қўмитаси Матбуот хизмати тарқатган хабарда.

Солиқ қўмитасининг Озодлик журналисти саволига жавоб бермасдан телефонини ўчириб қўйган масъул ходимига интизомий жазо бергани ҳақидаги хабар¸ президент Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи вазирлик ва идоралар матбуот хизматлари фаолиятининг “суст даражада қолаётганини” танқид қилганидан икки кун ўтиб пайдо бўлди.

Президент маъмурияти ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори ўринбосари Саида Мирзиёева Facebook саҳифасида шундай фикр билдирган эди:

Матбуот хизматларининг иши сустлиги ва кўпгина давлат органлари раҳбарлари ОАВ билан мулоқот қилиш заруриятини англаб етмагани оқибатида мамлакатимиз аҳолисининг ислоҳотлар бориши тўғрисида хабардорлиги паст, уларни етарли даражада идрок этмаяпти ҳамда Президент ва ҳукумат томонидан қабул қилинаётган қарорларнинг моҳияти ва тафсилотларини тўлалигича англамаяпти. Давлатимиз томонидан амалга оширилаётган кенг миқёсли ишлар мамлакат ичида ҳам, хорижда ҳам етарли даражада ёритилмай, сезилмай қолмоқда.
Оқибатда, бундай вазият текширилмаган ахборот, асоссиз миш-миш ва уйдирмаларнинг пайдо бўлишига олиб келмоқда, улар кенг тарқалиб, матбуот хизматлари томонидан муносабатсиз қолдирилган бир шароитда аҳоли ўртасида тушунмовчилик ва норозилик келтириб чиқариши мумкин.

Вазият матбуот хизматлари кадрлар салоҳияти чеклангани, уларнинг моддий-техник жиҳозланиши ва ходимлари малакаси даражаси пастлиги билан янада кескинлашмоқда.

Кўриб турганингиздек, олдимизда турган муаммо жиддий ва кенг қамровли. Ўйлайманки, бу амалдаги ҳужжатларга қўшимча равишда комплексли норматив-ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқиш ва қабул қилишни тақозо этади.

Хусусан, матбуот хизматларининг давлат органлари ва жамият ўртасидаги ишончли кўприк сифатида самарали фаолиятини таъминлаш, матбуот котиби мавқеини ошириш, мунтазам равишда малака ошириш курсларини ташкил этиш лозим ва ҳоказо.
Биз бу борадаги ишларни бошлаганмиз. Жумладан, тегишли таклифлар ишлаб чиқиш ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатни тайёрлаш бўйича махсус гуруҳ тузилган.

Бундай чора-тадбирларнинг қабул қилиниши мамлакатимиз ахборот соҳасини ривожлантириш учун шароитлар яратишга, шунингдек, энг муҳими, давлат ва жамият ўртасидаги мулоқот асосларини салмоқли даражада мустаҳкамлашга хизмат қилади".(иқтибос тугади)

XS
SM
MD
LG