Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 04:20

Наманганда пахтани кўпайтириш мақсадида юзлаб гектар полиз экинлари ва сабзавот бузиб ташланди


Бузиб ташланаётган полиз экинлари
Бузиб ташланаётган полиз экинлари

Наманган вилояти, Поп туманида фермер ва деҳқонларнинг кўкариб турган қовун, тарвуз, сабзавотига трактор солинди.

Фермерларнинг айтишларича, Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра, полиз экинлари ва сабзавот етиштиришга уларда рухсат бўлса-да, лекин туман ва вилоят ҳокимлиги пахта майдонини кўпайтириш учун гулга кираётган экинзорларни бузиб ташламоқда.

Фермернинг ерида ишлаб бериш шарти билан, сув чиқмайдиган майдонларда қовун етиштириш учун бутун оиласи билан капа қуриб ишлаётган ўнлаб деҳқонлар сарфлаган харажатига куйиб қолди.

Поп тумани қишлоқ хўжалиги бошқармаси мулозимлари Озодлик билан бу ҳақда суҳбатлашишдан бош тортди.

Наманганда пахтани кўпайтириш мақсадида юзлаб гектар полиз экинлари ва сабзавот бузиб ташланди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:00 0:00
Бевосита линк

Поп туманидаги бир қанча фермер ерига экилган полиз экинлари ва сабзавотнинг бузиб ташланаётгани ҳақида, фермерлардан бири Озодликка хабар берди:

“Попда фермерларнинг полиз ва сабзавот экинларига шартнома қилинган ерлардаги сабзи, қовун ва тарвузлар вилоят ва туман ҳокимликлари томонидан шафқатсизларча бузилмоқда. Бунинг оқибатида бор-будини ана шу ерга сарфлаган деҳқонлар ўз жонига қасд қилишга ҳам уринди. Наҳотки, кўкариб гулга кирай деб турган қовуну тарвузларни ҳайдаб ташлашга бу раҳбарларнинг виждони чидаса, илтимос, бизга ёрдам беринг, хонавайрон бўлдик”.

Бузиб ташланаётган полиз экинлари
Бузиб ташланаётган полиз экинлари

"Сабзавот учун ажратилган ер ноқонуний эмас"

Озодлик билан 20 апрель куни суҳбатлашган, исми сир қолишини сўраган фермерлардан бирининг айтишича, гарчи юз гектардан ортиқ ерининг ўн гектари сабзавот ва полиз учун ажратилган бўлса-да, унинг экинлари ҳам ҳайдаб ташланган:

“Бизники оғир зона, насос билан сув чиқади. Насосига ўзимиз пул тўлаймиз. Пахтамизга ишлов берадиган тракторчига тарвуз учун икки гектар ер ажратиб берган эдим. Кадастрда ҳам 10 гектар сабзавотчиликка ажратилгани ҳақидаги ҳужжат ҳам бор. Лекин шунга қарамай кўкариб турган экиннинг ўртасидан трактор солиб, бузиб ташлашди. Бу ерга 20 миллион сўм харажат қилгандим. Размешение бўйича ажратилган ерга пахтани экиб қўйганмиз. Энди буни ўрнига ҳам пахта экасан деяпти. Ҳайрон бўлиб турибмиз”

Фермернинг айтишича, унга сабзавот учун ажратилган ер ноқонуний эмас:

“Қишлоқ хўжалиги бошқармасининг бошлиғини мошинамда олиб келиб кўрсатган эдим. У ернинг ҳолатини кўриб, бу ерда пахта яхши бўлмайди, майли, 10 гектар сизга ажратиб берамиз, сизники насос экан, унинг ремонти, харажати бор, деб ўзи айтган эди. Лекин, вилоятдан буйруқ бўлган экан, мелисаларни олиб келиб, ҳаммани қийратишяпти”

"Сабзавот эмас, пахта еймиз!"

Исми сир қолишини сўраган бошқа фермернинг айтишича, ҳокимларнинг бу хатти-ҳаракати президент қарорининг қўпол равишда бузилишидир:

“Менинг еримдаги қовун ва тарвузларни ҳам пайҳон қилиб ташлашди. Мен бошқарма бошлиғига айтдим, сенинг эшигингда президентнинг фармони турибди, дедим. Қарорда, агар юз гектар ери бўлса, режаларни тўлдириб келган бўлса, 10 фоиз сабзавотга ажратиб беринглар, дейилган, дедим. Бу қарор бошқарманинг эшигидан кираверишда шундай илиб қўйилган. Лекин, улар бунга қулоқ ҳам солмади”.

Фермернинг айтишича, унинг ерида ишлаётган деҳқонлар кучли норозилик билдирган:

“Роса тўполон, қий-чув бўлди. Хотинлар тракторларнинг олдига, ҳайдамайсан, деб ётиб олди. Мелисалар хотинларни кўтариб, олиб чиқиб ташлади. Санг, Тўда қишлоқлари ҳудудидаги ерларга Олмос қишлоғидан оилавий келган, далада чайла қилиб яшаётган ўнлаб мавсумий деҳқонлар зор қақшаб қолди. Уларнинг ҳар бири ерига 15-20 миллион сўм сарф қилган. Ҳар йили шундай ишлардик, пахта ва ғалла режамизни ортиғи билан бажариб келганмиз. Мавсумий ишчиларимиз пахтага ҳам қарарди, деҳқончилигини ҳам қиларди. Иш ҳам бор эди, қовуну тарвуз ҳам. Энди эса, ишчи ҳам йўқ, тракторчи ҳам. Фермерлар зору тавалло қилди, биз шу гектардан чиқадиган пахтани ҳам топиб берамиз, қўйинглар бузманглар увол бўлади, деса ҳам раҳбарлар қулоқ солишмади”

"Менинг гуноҳим деҳқон бўлганимми?"

Чуст туманининг Олмос қишлоғидан оиласи билан келиб фермер ерида қовун эккан деҳқон оғир ҳолатга тушиб қолганини айтади:

“Биз кетмон ва деҳқончиликдан бошқа нарсани билмаймиз. Мен шахсан номимни ҳам ёзолмайман. Ҳар йили 40 километр узоқликдаги қишлоғимиздан 20-30 хўжалик бола-чақамиз билан кўчиб келамиз. Шу далада чайла қуриб яшаймиз. Фермер билан келишиб 1-2 гектар ер оламиз, ўрнига пахтасига, буғдойига қарашамиз. Биз эккан қовунлар Наманганда биринчи бўлиб чиқарди. Ҳозир қовунлар найча тортиб қолган эди”.

Деҳқоннинг айтишича, уларнинг ҳокимият вакилларига таклиф қилган муроса йўли ҳам иш бермаган:

“Биз айтдик, илтимос, фақат бузманглар, майли шартнома қилайлик, ҳосилнинг маълум бир фоизидан давлатга топширайлик ёки бўлмаса биринчи даромаддан пул тўлайлик, десак ҳам тушунишмади. Бизга гектар керак, пахта экамиз, дейишди. Лекин, бу ерда сув йўқ, пахта бўлмайди. Биз оддий деҳқон, давлат сиёсатига қарши бўлмаганмиз, лекин нега бизни хонавайрон қилишади. Менинг гуноҳим, оддий деҳқон бўлганимми?”.

"80-йиллар пахта сиёсатига қайтяпмиз"

Чуст тумани қишлоқ хўжалиги бошқармасида ишлайдиган, матбуотга гапириш ваколати йўқлиги сабаб исми сир қолишини сўраган мутахассиснинг Озодликка айтишича, маҳаллий ҳокимлар нима қилиб бўлса ҳам пахта режасини бажариш учун, Президентнинг озиқ-овқат мустақиллиги ҳақида айтган гапларини саботаж қиляпти:

“Поп туманига 10300 гектар ерга пахта экиш режалаштирилган. Лекин Наманган вилояти ҳокимининг қишлоқ хўжалиги ишлари бўйича ўринбосари Тоҳир Рапиқов яна 3000 гектар қўшимча экасан, деяпти. Президентнинг 15 центнердан кам ерга пахта экма деган кўрсатмаси бор. Лекин, булар президентга қарши иш қилиб, режани тўлдириш учун полиз ва сабзавот экинлари ерлари ҳисобидан пахта эктиряпти. Жуда катта ҳажмдаги экинзорларни бузиш ишлари бошланди. Бу ўтган асрнинг 80-йилларини эслатяпти. Ўшанда томингга ҳам пахта эк дейишганди. Халқ қаттиқ норози бўляпти. Куч ишлатар тизимлари ходимларини олиб келиб, аёвсиз гуркираб ўсаётган экинзорларни ҳайдаб ташлаяпти”.

Озодлик Поп тумани қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи Икром Аҳмадалиев билан боғланиб, ушбу масалага изоҳ олмоқчи бўлди. Лекин Илҳом Аҳмадалиев Озодликнинг саволини эшитиши биланоқ, алоқани узиб қўйди.

Наманган вилояти ҳокимлигидан бу масалага муносабат олишнинг имкони бўлмади.

XS
SM
MD
LG