Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 08:31

Сурхондарёда фоҳишахонага борган 9-синф ўқувчисини қўшмачи пичоқлаб ўлдирди


Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Янги йилнинг иккинчи куни Сурхондарё вилоят, Денов туманида фоҳишахона сақлашда икки марта айбланиб, жазога тортилган 27 яшар аёл уйига келган 16 яшар мактаб ўқувчисининг юрагига пичоқ санчиб ўлдирди. Озодликка 10 январь куни етиб келган бу хабарни маҳаллий ҳуқуқ-тартибот органи ҳамда касалхона вакиллари тасдиқлади. Воқеа гувоҳларига кўра, ўқувчини бу уйга коллеж ўқувчиси бўлган 2 ўртоғи олиб борган.

Жорий йилнинг 2 январь куни кечқурун соат 10 ларда Денов шаҳридаги Меҳр-оқибат маҳалласида истиқомат қилган, муқаддам фоҳишахона сақлашда айланиб судланган, икки нафар фарзанднинг онаси, 27 яшар Д.А. 80-умумтаълим мактабининг 9-синф ўқувчисини Б.Э.ни ўз уйининг подъездида пичоқлаб ўлдирганликда айбланяпти.

Бу ҳақда Ёшлар иттифоқи ташкилотининг Денов туманидаги фаолларидан бири Озодликка хабар берди.

Унинг бу фожиага бевосита гувоҳ бўлган танишининг гапига таяниб айтишича, болалар Д,А.нинг уйига жинсий эҳтиёжини қондириш учун келган:

“Бу болалардан бирини яхши танийман. У дарсдан бўш вақтларда Сарбон ресторанида официантлик қиларди. Ўзи маиший хизмат кўрсатиш коллежида ўқийди. У ресторанда Д. исмли бир аёл билан дон олишиб юрганини айтган эди. Ўша куни у яна бир ўртоғи ва 9-синфда ўқийдиган танишини ҳам ўша уйга олиб борган. Кейин ичкарида фоҳиша талашиб, жанжал чиққан ва бояги мактаб ўқувчиси "Мама Роза" ни (фоҳишахона сақловчиларга нисбатан қўлланиладиган умумий ном -таҳр.) онасидан сўккан. "Мама Роза" эса, ошхона пичоғини у боланинг юрагига санчиб олган”, деди ташкилот фаоли.

Денов тумани Тез тиббий ёрдам касалхонасининг исми сир қолишини сўраган шифокори ўқувчи боланинг ўша жойнинг ўзида ўлганини тасдиқлади:

“Пичоқ зарбаси тўғри юракка урилгани учун ўқувчи бола ўша жойнинг ўзида жон таслим қилган. Бизнинг тез ёрдам етиб борганда, у ўлиб бўлган экан”, деди шифокор.

Қотилликда айбланаётган аёлнинг қўшниларидан бири ҳам воқеага гувоҳ бўлганини айтади:

"Бу аёлнинг оёғи енгил эди. Илгари ҳам уйида фоҳишахона очганлиги учун жарима тўлаб қутулган эди. Ўша куни биз ҳам скорийнинг шовқинидан кейин бу воқеадан хабар топдик. Ташқарига чиқсак, скорий болани олиб кетаётган экан. Айтишларича, бола уйдан қочиб чиққанда орқасидан қувиб, подъездда ушлаб олиб пичоқ тиққан экан. Подъезд тўла қон бўлди. Ҳозир ҳам деворда излари қолган", деди қўшнилардан бири.

Сурхондарё вилоят ҳуқуқ-тартибот идораларидан бири мулозимининг Озодлик манбасининг айтишича, ўқувчи болани пичоқлаб ўлдирганликда айбланаётган аёл милициянинг рўйхатида турган:

“Бу аёл ахлоқи бузуқ шахслар рўйхатида туради. Икки фарзанди бор. Ҳеч қаерда ишламас эди. Ўтган йилнинг охирларида милиция ва ҳокимлик масалаҳати билан Сарбон ресторанига ишга жойлаштирилган эди. У муқаддам Ўзбекистон Жиноят кодексининг 131- моддаси (Фоҳишахона сақлаш ёки қўшмачилик қилиш) билан икки марта судланган. Айни пайтда унга нисбатан Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 97- моддаси (Қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилган ва тергов давом этяпти”, деди мулозим.

Унинг айтишича, агар қотилликда айбланаётган аёлнинг айби тасдиқланса, у 10 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Ўзбекистон Жиноят кодексининг 131- моддасига биноан, мўмай пул топиш мақсадида фоҳишалик билан шуғулланган ёки қўшмачилик қилган шахс энг кам иш ҳақининг 25 дан 50 баробаригача жаримага тортилади ёки 3 йилгача мажбурий тарбиявий меҳнат билан жазоланади.

XS
SM
MD
LG