Линклар

Шошилинч хабар
29 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:39

OzodDayjest: Вазирнинг ўзбек тили соатини қисқартириш ташаббуси танқидга учради


Мактабларда ўзбек тили дарс соатларини қисқартириш таклифи халқ таълими вазири Шерзод Шерматовдан чиққан.
Мактабларда ўзбек тили дарс соатларини қисқартириш таклифи халқ таълими вазири Шерзод Шерматовдан чиққан.

Вазирларнинг ўзбек тили ва тарих фанлари соатини қисқартириш ташаббуси танқид қилинмоқда. Хитойлик дипломатлар самарқандлик сохта пайғамбарга эътироз билдирди. Таниқли актриса коронавирусдан вафот этгани ҳақидаги хабар ёлғон экани айтилди.

_______________________________________________________

Иброҳим Ғафуров: Мактабда ўзбек тили соатини қисқартириш калвакларнинг кўпайишига олиб келади

Атоқли адиб ва таржимон Иброҳим Ғафуров халқ таълими вазирининг ўзбек тили дарс соатларини, олий таълим вазирининг тарих фани дарс соатларини қисқартириш борасидаги ташаббусини танқид қилди (“Миллий тикланиш” газетаси, 23 июль).

Мабодо, ўзбек тили ва тарих дарсини қисқартирсак, нима бўлади? Осмон узилиб ерга тушмайди, албатта. Аммо аниқ: умуммиллий саводхонлик қадриятини бутунлай йўқотамиз ва барбод қиламиз. Ўзимиз ҳам емирилиб ниҳоят адо бўламиз”, деб ёзди И. Ғафуров.

Қайд этилишича, тилдан бошланғич саводхонлик мустаҳкам ва кучли бўлмаса, қолган барча билимларни ўзлаштириш чала бўлиб қолади.

Грамматикасиз илоҳиёт ҳам, дин ҳам, фалсафа ҳам, математика ҳам, квант механикаси ҳам, Ернинг тортилиш қонуни ва умуман, ҳеч қандай қонуният йўқ ва тушунарли эмас. Грамматикасиз ёзувчилар чала, тарихчилар чала, қонунчилар чала, муомала чала, фикрлар чала, муносабатлар чала бўлади. Қодирий грамматикасиз одамларни калвак деб атаган эди”, деб ёзади адиб.

Она тилини қисқартириб яшаш девори йиқилай, томи босиб тушай деб турган уйда истиқомат қилиш билан баробар”, дея хулоса қилади муаллиф.

Хитой элчихонаси самарқандлик сохта пайғамбарга эътироз билдирди

Cамарқандлик эркак ижтимоий тармоқ орқали: “Мен Аллоҳнинг элчисиман, коронавирус вабосининг йўқолиши менга боғлиқ, Хитойдаги ўлим масканига бориб келишим керак”, дея видеомурожаат тарқатган эди. Хитойнинг Ўзбекистондаги элчихонаси бу ҳолат бўйича раддия берди (www.sof.uz, 20 июль).

Биз пандемияни енгиш учун бутун инсониятнинг билими ва кучини бирлаштириш ва барча ресурсларни сафарбар қилиш керак, деб ўйлаймиз. Бироқ, шуни ёдда тутишимиз керакки, Хитой бу инқирозни биринчи бўлиб аниқлаб берган ва асло вируснинг “ватан”и эмас. Бундан ташқари, тобора кўпроқ илмий тадқиқотлар шуни кўрсатадики, коронавируснинг янги тури Хитойда тарқалишидан анча олдин бошқа жойларда пайдо бўлган ва унинг келиб чиқиши аниқ эмас”, дейилади элчихона хабарида.

Эслатиб ўтамиз, Самарқанд вилояти ИИБ пайғамбарлик даъвоси билан чиққан шахс 1962 йилда туғилган Х.У. бўлиб, у 1980-1982 йилларда Афғонистондаги фуқаролик урушида ҳарбий хизмат ўтагани ва хизмат давомида бош мия контузиясига чалинганини маълум қилди. Унинг психологик ҳолатини аниқлаш мақсадида вилоят руҳий касалликлар диспансери мутахассиси кўригидан ўтказиш чоралари кўрилаётгани ҳам хабар берилган.

Ўзбекистон мусулмонлар идораси ҳам Х.У. даъвосини кескин қоралаб чиқди.

Таниқли актриса коронавирусдан вафот этгани ҳақида ёлғон хабар тарқалди

Ўзбек миллий академик драма театри актрисаси, Ўзбекистон халқ артисти Муқаддас Холиқова ҳамда унинг оила аъзолари коронавирусга чалингани ҳақида хабар берилган эди (www.daryo.uz, 20 июль). Бунинг ортидан ижтимоий тармоқда Муқаддас Холиқованинг вафот этгани ҳақида хабар тарқалди.

Актрисанинг қизи Зебинисо Холиқова бундай асоссиз хабарлар тарқатаётган Telegram каналлари устидан ҳуқуқ-тартибот органларига мурожаат қилишини билдирди.

Ёлғон хабар тарқатаётган азиз блогерлар, инсоннинг ҳаёти сиз учун ўйинчоқми? Онам бетоблар! Худо хоҳласа тузалиб кўрмагандек бўлиб кетадилар! Лекин ёлғон хабар тарқатманглар. Қариндош-уруғларимиз ва яқинларимиз соғлиғи сизга ўйин эмас!” деб ёзди З. Холиқова.

Ҳафта давомида яна бир таниқли актриса, Ўзбекистон халқ артисти Гулчеҳра Жамилованинг COVID-19 инфекциясига чалингани ҳақида хабарлар тарқалди. Актрисанинг ўзи буни рад этиб, соппа-соғ эканини маълум қилди.

XS
SM
MD
LG