Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 06:10

Диктаторнинг ўлими. Авторитар раҳбар ўлганда нима бўлади - Каримов ва бошқалар мисоли


Шавкат Мирзиёев Ислом Каримовнинг тобутини кўтариб бормоқда. Самарқанд, 3 сентябрь, 2016 йил
Шавкат Мирзиёев Ислом Каримовнинг тобутини кўтариб бормоқда. Самарқанд, 3 сентябрь, 2016 йил

Постсовет ҳудудидаги бирон мамлакатда диктатор ўлимидан сўнг нима бўлади? Демократик эврилишларми? Илиқлашув ва енгилликми? Ёки ўлган диктатор ўрнига бошқаси келадими? Қуйида – сўнгги пайтларда бир неча авторитар раҳбар вафот этган минтақа, яъни Марказий Осиё мисолида шу саволга жавоб изланади.

Ўлгунча мамлакатни бошқариш – нафақат монархияларга хос. СССРда буни “мансаб курсисида жон бериш”, дейишарди. Мисоллар кўп: Ленин, Сталин, Брежнев, Андропов, Черненко.

Янги тарихда ҳам бўлди бунақа воқеалар. Масалан, Сапармурод Ниёзов ва Ислом Каримовлар ўлимини эслаш мумкин.

Каримов мустақил Ўзбекистонни 25 йил бошқарди ва 2016 йилда Мустақиллик байрамидан бир кун ўтиб вафот этди. Ҳар ҳолда расмий Тошкент айнан 2 сентябрни унинг вафот этган куни деб эълон қилган. Аслида Каримовнинг ўлими ҳақидаги хабарлар ҳукумат бу ҳақда расмий баёнот беришидан бир неча кун олдин тарқала бошлаганди.

“Каримовнинг ўлими биз учун кутилмаган иш бўлди, – дейди ўзбек диссиденти Муҳаммад Солиҳ. – Чунки у соппа-соғ эди, ҳар ҳолда унинг саломатлигида бирон муаммо борлигини ҳеч ким билмаган.

2016 йилнинг август ойи охири эди. Бизга, яъни “Эрк” партияси сайтига “Каримов оғир касал, ўлган бўлса ҳам ажаб эмас”, деган хабар келди. Уч кун ўтгач эса... Дарвоқе, учинчи куни байрам эди, чамаси. Ҳа, Мустақиллик куни. Байрамда унинг табригини ўқиб беришди. Президент номидан унинг табриги ўқиб эшиттирилди. Яъни Каримов вафот этганини бир неча кун сир сақладилар”.

Махсус дастур: Каримов вафоти хроникаси
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:19:07 0:00

Ўзини Туркманистоннинг умрбод президенти ва туркман халқи етакчиси – “Туркманбоши” деб эълон қилиб улгурган Сапармурод Ниёзов ўлимини ҳам ҳукумат шунақа яширган эди.

“Ниёзов ҳаётининг сўнгги йилларида жиддий хаста эди, – дейди муҳозирликда яшаётган туркман мухолифатчиси Нурмуҳаммад Ханамов. – Қанд касали зўрайиб кетган, қон босими жуда юқори эди. Махсус учоқда олиб келинадиган немис врачлари уни текшириб, тавсия бериб туришарди. Аммо Ниёзов шифокорлар айтганини қилмасди. Овқатга хўра эди, конякни яхши кўрарди. Маишатдан кечолмай, соғлиғини бой берди оқибат.

Ниёзов ўлганини эшитганим билан Ашхободдаги танишларга телефон қилдим. “Хабаримиз йўқ, ҳозир, телевизорни ёқайлик-чи”, дейишди. Телевизорда шунчаки мусиқа қўйилаётган экан, бошқа ҳеч нарса йўқ. “Одатда куннинг бу пайтида бирон кўрсатув, янгиликлар ёки концерт бўларди”, деб ҳайрон бўлишди улар ҳам. Совет Иттифоқи давридан яхши биламиз: бош котиблар ўлганида ҳамиша қанақадир мусиқа қўйиларди. Масала равшан бўлди. Бир неча кун ўтиб ҳаммага маълум нарсани расман тасдиқладилар”.

2006 йил 21 декабр куни Туркманистон телеэкранларида Ниёзов портрети кўрсатилиб, унинг фонида машҳур туркман мумтоз бастакорининг ҳазин бир куйи фортепианода чалинди – бу совет ТВсидаги “Оққуш кўли”нинг аналоги эди, гўё.

Янгиликни эълон қилиш ўрнига мусиқа қўйиб бериш, ўлик номидан халқни табриклаш ва ҳоказо мантиққа зид ишлар нега керак? Гап шундаки, диктатураларда давлат раҳбари ўлганда қандай ҳаракат қилиш бўйича аниқ бир алгоритм бўлмайди кўпинча. Тўғрироғи, расман бўлади, албатта, тегишли тартиб-таомиллар ҳатто Конституцияда белгилаб қўйилиши ҳам мумкин. Бироқ амалда уларга ҳеч ким риоя қилмайди.

Иккинчи одам

Диктатура ва авторитаризм “ҳозирги раҳбаримиздан бошқа ҳеч ким олий ҳокимиятнинг оғир юкини кўтара олмайди”, деган фикр устига қурилади. Кўп диктаторлар кўзлари очиқлигидаёқ барча рақибларидан қутулишга уринадилар. Аммо сиёсий истиблешментда потенциал ворислар ҳар доим топилади.

Айни чоғда ворис – қонун бўйича давлат раҳбари лавозимига ҳақли одам бўлмаслиги ҳам мумкин. Масалан, Туркманистонда Ниёзов вафотидан сўнг унинг вазифасини парламент раиси Овазгелди Атаев бажариши лозим эди. Лекин ҳокимият ўша пайтгача олти йил бош вазир ўринбосари бўлиб ишлаган Гурбангули Бердимуҳамедов қўлига ўтди.

“Парламент раисига ўтмишдаги гуноҳларини дарров эслатиб қўйишди, – дейди Нурмуҳаммад Ханамов. – Бу ишда Гурбангули Бердимуҳамедовга президент қўриқчиларининг бошлиғи Режебов ёрдам берди. Атаевнинг эски жиноят иши қайтадан қўзғатилди, уни қамоққа ташлашди. Бердимуҳамедовга йўл очилди. Шу тариқа давлат тўнтариши амалга оширилди”.

Атаев 2006 йил декабрда қамалган эди, ўшандан бери ундан дом-дарак йўқ. 2012 йилда Туркманистон ИИВ “Атаев озодликка чиқди” дея баёнот берди, бироқ Озодлик ушбу маълумотни мустақил манбалардан тасдиқлашга ёки лоақал сиёсатчи тириклигини тасдиқлашга муваффақ бўлмади.

“Янги Ўзбекистон” - эски авторитар тизим. Марказий Осиё яккаҳокимлиги сиртмоғидан чиқа олмаяпти
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:08:39 0:00

Ўзбекистонда диктатор ўлганидан сўнг ҳокимият транзити анча тинч ўтган.

“Ниғматулла Йўлдошев парламент раиси эди, – ҳикоя қилади Муҳаммад Солиҳ, – ва у Республика Конституциясига мувофиқ президент лавозимини эгаллаши керак эди. Аммо у рад этди. Давлат ишларини тушунмаслигини, сиёсат билан шуғулланмаслигини ва яна қандайдир бўлмағур гапларни айтиб, [президент в.б.] лавозимини бош вазир Шавкат Мирзиёевга топширди”.

Шундай қилиб, президент ўлган тақдирда ҳокимият алмашувини белгилаб берувчи механизм ишламаяпти. Диктатор ўлади, парламент спикери эса ўз бурчини бажармайди – назарий жиҳатдан, мухолифат ўзининг муқобил ягона номзоди билан майдонга чиқадиган пайт келади. Бироқ мухолифат сиёсий курашга кирганини на Ўзбекистонда кўрдик, на Туркманистонда.

Қани мухолифат?

“Каримов ўлган пайтда мухолифатда ҳокимиятни эгаллаш имкони йўқ эди мутлақо, – ҳикоя қилади Муҳаммад Солиҳ. – Чунки ўшангача, Каримовнинг 27 йиллик бошқаруви даврида мухолифатнинг барча тузилмалари қатағонлар ва давлат террори натижасида фалаж қилинганди. Батамом. Мухолифатчилар қамоққа ташланди. Йўқ қилинди. Чет элга қувилди.

Биз ҳатто яширинча тўплана олмасдик. Бир уйда 10 кишини йиғиб бўлмасди. Бирпасда етиб келиб, ҳаммани ушлашарди. Ўзбекистонда сиёсий қатағонлар шу қадар шафқатсиз эди”.

Ўзбекистонда бўлгани каби, Туркманистонда ҳам мухолифат қаттиқ таъқиб этилган. Сапармурод Ниёзов вафот этган пайтда туркман мухолифатининг барча фаоллари ё қамоқда, ё мажбурий муҳожирликда эди.

“Биз ҳаракатга кечдик, мухолифат президент сайловида иштирок этишга тайёрлигини эълон қилдик. Бу ерда тадбирлар ўтказдик. Халқаро инсон ҳақлари ташкилотлари ёрдам берди, – дейди Нурмуҳаммад Ханамов. – Сўнгра ушбу масала билан Европа Иттифоқига мурожаат қилдик.

ЕИ бизни мухолифат ўлароқ қўллаб-қувватлашини ва кафил бўлишини билдирди, чунки Ўразов ва мен 2002 йилда “давлат тўнтаришига уринди ва Ниёзовга суиқасд қилди” деган сохта айблов билан умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган эдик. Шу боис, Туркманистон президенти сайловида номзодимизни қўйиш учун республикага қайтгудек бўлсак, бизни дарҳол ушлаб, қамоққа тиқишарди”.

Мухолифатдаги "Эрк" демократик партияси раҳбари Муҳаммад Солиҳ.
Мухолифатдаги "Эрк" демократик партияси раҳбари Муҳаммад Солиҳ.

Демак, ҳукумат номзодига муқобил йўқ. Ягона савол шуки, ҳукуматнинг ягона номзоди айнан ким бўлади?

Ҳокимият номзоди

Каримов ўлган пайтда Шавкат Мирзиёев 13 йилдан бери Ўзбекистон бош вазири бўлиб ишлаб келаётганди. Аммо Каримов тириклигида у ягона потенциал ворис бўлмаган.

Бош вазир ўринбосари ва молия вазири Рустам Азимов ҳамда Миллий хавфсизлик хизмати раҳбари Рустам Иноятовлар ҳам бор эди. Уларни уч асосий даъвогар, деб айтишарди. Бироқ Каримов ўлгач улар ҳокимият учун ўзаро курашганини кўрмадик, ҳар ҳолда сиртдан қараганда шундай эди.

Муҳаммад Солиҳга кўра, Каримовнинг жони узилган чоғда Тошкентда кейинги воқеалар сценарийси аллақачон ёзиб қўйилган бўлган:

“Роллар тақсимлаб қўйилганди ва барча чекига тушган ролни ўйнади. Ҳар бир киши. Ниғматулла Йўлдошев биринчи куни ва илк қадамидаёқ қўлига тутқазилган матнни сўзма-сўз ўқиб берди. Ортиқча битта ҳам сўз айтмади. Ҳеч қанақа муҳтамал номзод бўлгани йўқ. Номзод Каримов ўлишидан анча олдин белгилаб қўйилганди. Мен шундай деб ўйлайман”.

Туркманистонда вазият бирмунча чалкаш бўлган, Бердимуҳамедов иқтидорга келишини кўпчилик кутмаганди. Уни омади чопган деб ҳисоблашади. Чунки Ниёзов атрофини тозалаган, яъни барча потенциал рақибларни супуриб тушлаганди. Шу боис сиёсий элитада мувозанат тез-тез ўзгариб турарди.

“Бердимуҳамедов то Ниёзов ўлгунича панада юрган, – изоҳ беради Ханамов. – Ниёзов яна озгина яшаганида у бош вазир ўринбосари лавозимида қолиш-қолмаслиги ҳам номаълум эди. Чунки сўнгги пайтларда президент уни қаттиқ танқид қиларди. Кўпчилик эрта-индин унинг тақдири ҳал бўлишини тахмин қилишарди. Лекин пировардида ишлар чаппасига кетди. Ниёзов ўлди, Бердимуҳамедов эса бундан фойдаланиб қолди.

Бердимуҳамедовдан олдин кучли даъвогарлар бўлган. Масалан, Ражаб Сапаров. У Ниёзовга жуда яқин одам эди. Иккинчиси – Ёлли Қурбонмуродов. Лекин Ниёзов ҳаётининг сўнгги йилларида уларнинг иккисини ҳам суд қилиб, қамоққа тиққани Бердимуҳамедов учун жуда фойдали бўлди. Унинг йўлига тўғаноқ бўладиган одам қолмади”.

Диктаторлар жанозаси

Хуллас, диктатор ўлди. Янги фаворит, яъни бўлғуси президент – аниқ. Нима иш қоляпти? Қари диктаторни кўмишу сайлов ўтказиш. Иккиси ҳам хўжакўрсин маросим бўлади. Бироқ совет давридан мерос муҳим қонуният бор: янги фаворит доҳийнинг дафн маросимига кайвонилик қилади.

Ленин ўлганида унинг дафн маросимига Сталин раҳбарлик қилганди ва пировардида айнан у Компартия тепасига келди – бирданига эмас, дафн маросимидан кейиноқ бошланган сиёсий курашда рақобатчиларни бартараф этгач.

Сталинни дафн этиш маросимини ташкил этиш комиссиясига Хрушчёв раис бўлган эди. Хрушчёвни, дарвоқе, тириклигида лавозимдан олишди. Унинг ўрнини эгаллаган Брежнев эса жони узилгунича бош котибликда қолиб, анъанани давом эттирди: Брежневни Андропов кўмди, Андроповни – Черненко, Черненкони эса Михаил Горбачёв сўнгги манзилга кузатди.

Туркманистонда раҳбарларни дафн қилишнинг советлардан қолган удуми Ниёзов ўлганида жуда асқатди. Гурбангули Бердимуҳамедовни мамлакатда танишарди, бироқ диктатор тириклигида муҳтамал ворис сифатида ўртага чиқиш жуда хатарли бўлур эди. Дафн комиссияси раислиги эса элитага ва халққа муҳим сигнал бериб, парда ортидаги кураш натижасини англатди.

Кейинроқ, Ўзбекистонда Ислом Каримов вафот этганида Шавкат Мирзиёев ҳам дафн комиссиясига бошчилик қилди ва бўш қолган президент курсисига ўтирди. Жамоатчиликка очиқ-ойдин мужда берилди: биз ўзаро келишдик, мана шу одам давлатни бошқаради. Бошқа ким ҳам бўларди? Боз устига Мирзиёев в.б. вақтидаёқ “катта ўзгаришлар” қиладигандек кўринган эди.

Отасидан Туркманистон президенти лавозимини олаётган Сардор Бердимуҳамедов ҳақида 5 факт
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:42 0:00

Диктатура 2.0

“Ёдингизда бўлса, Туркманистонда Ниёзов таълим тизимини дабдала қилганди – ўрта таълимни ҳам, олий таълимни ҳам, – дейди яна Нурмуҳаммад Ханамов. – Икки йил ўқитадиган ОТМни тасаввур қила оласизми? Тиббиёт институти етти йил ўқитиши керак, яна икки йил амалиёт бор, шундан кейингина диплом беради. Ниёзов шу 9 йиллик таълим даврини икки йилга “жо қилди”. 11 йиллик мактаблар 9 йиллик бўлди, кўплаб муҳим фанлар олиб ташланди, у ёзган “Руҳнома” асосий дарслардан бири сифатида мактаб дастурига кирди.

Иккинчидан, у пенсионерларнинг пенсияларини бекор қилди. Ойлар, ҳафта кунлари номларини ўзгартирди ва яна кўп бўлмағур ишларни қилди.

Бердимуҳамедов президент бўлгач биринчи йили биз уни ҳатто танқид қилишдан ўзимизни тийдик. Чунки у пенсияларни тиклади, таълим тизимини ўзгартирди, ойлар ва кунлар номларини қайтарди. Ана шу илк қадамларида биз унинг мамлакат учун ислоҳотчи бўлишига ишондик.

Бироқ у дастлабки қадамларни қўйдию кейин Ниёзов усулларига ўтиб кетди: халқни қўрқувда ушлашга ҳаракат қила бошлади, мухолифатни таъқиб қилди. Ниёзов етимхонада катта бўлган, қариндош-уруғлари йўқ эди, Бердимуҳамедовнинг эса сингиллари бор ва уларнинг фарзандлари – жиянлар аллақачон вояга етиб қолишган эди. Шундай қилиб бизнесда барча “ёғли” жойлар унинг уруғ-аймоқлари қўл остига ўта бошлади, бу ҳол ҳануз давом этмоқда.

Биз аввал Бердимуҳамедов, ҳозирда эса ўғли тепасида турган режимга қарши курашни тўхтатмадик. Ўғли келганидан сўнг ҳам деярли ҳеч нима ўзгармади. Қилаётган ишларига қаранг. Аёлларга соч, лаб ва тирноқ бўяшни, атир-упа ишлатишни тақиқлаб қўйди. Нима бу, ўрта асрларга қайтишми? Лекин ҳатто ўрта асрларда ҳам осиёлик аёллар хино билан соч бўяганлар, кўзларига сурма сурганлар. Кичик Бердимуҳамедов эса отасидан ўтиб тушди”.

Ниёзов давридаги ва Бердимуҳамедов давридаги Туркманистон, Каримов давридаги ва Мирзиёев давридаги Ўзбекистон сиртдан қараганда бир-биридан анча фарқ қилади. Бироқ амалиёт кўрсатмоқдаки, ушбу ёрқин ўзгаришлар – “хўжакўрсин ислоҳотлар” – мамлакат сиёсий тизимини четлаб ўтмоқда.

Муҳаммад Солиҳ президент алмашганидан сўнг Ўзбекистонда ҳам ўзгаришлар шамоли эсганини, аммо бу сиёсий тизимда реал ўзгаришларга олиб келмаганини айтади:

“Мирзиёев ижтимоий-сиёсий ҳаётни, айниқса иқтисодий соҳа ва ташқи сиёсатда либераллашув томон илк одимларни отди. Чунончи, Тожикистон ва Қирғизистон билан чегараларни очди, божхона тизимини юмшатди. Қардош мамлакатлар билан савдо жонланди, валюта операциялари енгиллашди. Бироқ тўлақонли сиёсий ислоҳотлардан дарак бўлмади, ҳануз йўқ –умидларимиз пучга чиқди.

Нафақат режим ўзгармади – асосий кадрлар ҳам жойида қолди. Бугун Ўзбекистон сиёсатида расман амалдан кетган "кагэбэшник", генерал Рустам Иноятовнинг таъсири борлигига аминман. Ўзи кўринмагани билан сиёсати ҳамон давом этмоқда, чунки махсус хизматларда унинг кадрлари – КГБ, ФСБ ва Москвага алоқадор кимсалар ўтирибди. Ҳуқуқ-тартибот идоралари эски, совет чекистларидан буткул тозаланиши керак. Ўшандагина ислоҳот қилиш мумкин, чунки ислоҳотлар учун энг катта тўсиқ – КГБдан қолган тизим ва Каримов даври қолдиқларидир.

Мен гапирмай қўйдим, жим юрибман, чунки фойдаси йўқ. Гапирадиган бўлсам, 25 йил аввалги гапларимни такрорлашим керак. Нега яна ўша сўзларимни такрорлай, мен 25 йил битта гапни айтишдан уяламан, шунинг учун ҳам сукут қиляпман. Бу сукутим – менинг энг оғир протестим бўлди”.

Бердимуҳамедов ҳам, Мирзиёев ҳам асосан, ўз ўтмишдошларидан қолган эски давлат аппаратига таянишмоқда. Депутатлар, сиёсатчилар, кучишлатар идоралар – ҳаммаси эскича ишлаяпти. Шу боис ушбу мамлакатларда улар иқтидорга келганидан сўнг режим моҳияти ўзгармаяпти ва амалда эски режим 2.0 версияда сақланиб қолмоқда. Мирзиёев, Каримовга ўхшаб қонуний иккинчи муддатидан кейин ҳам иқтидорда қолиш мақсадида Конституцияни қайтадан ёзди. Бердимуҳамедов эса ундан ўтиб тушди – ўғлини президент қилиб қўйди.

Форум

XS
SM
MD
LG