Линклар

Шошилинч хабар
15 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:45

Ҳозирча махфий: тақиқланган диний адабиëт, сайт ва ташкилотларнинг янги рўйхати тасдиқланди


Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари қўмитаси мамлакатда тайёрлаш, тарқатиш ва хориждан олиб кириш тақиқланган диний материалларнинг янгиланган рўйхатини тасдиқлади.

2019 йил 25 декабрь куни тасдиқланган ҳужжатнинг Озодликка сиздирилган нусхаси "Хизмат доирасида фойдаланиш учун" деб таснифланган.

Дин ишлари қўмитаси рўйхатнинг ИИВга тақдим қилингани, аммо бу ҳақда Озодликка ҳеч қандай маълумот берилмаслигини билдирди.

Нусхаси 20 январь куни ички ишлар тизимидаги мулозим томонидан шахси сир қолиши шарти билан Озодликка тақдим этилган ҳужжат А-4 форматда, 40 саҳифадан ортиқ.

Рўйхатга киритилган материалларнинг асосий қисми Ўзбекистон ва қатор давлатларда диний экстремист, радикал ва террорчи деб топилган ташкилотлар, гуруҳлар вакиллари ва алоҳида уламоларга тегишли маърузалар, китоблар, сайтлар, ижтимоий тармоқдаги саҳифалар, каналлардир.

Булар сирасида "Ҳизбут Таҳрир", "Нурчилик ҳаракати", "Акромийлар жамоаси", "Нурсафардия ҳаракати", "Тавҳид ва жиҳод катибаси", "Жабҳатун нусра", "Таблиғ жамоати" ва ҳоказо гуруҳ номлари қайд этилган.

Бундан ташқари, ушбу гуруҳларга тегишли бўлган маърузалар, китоблар ва видеолавҳалардан олиниб, алоҳида шахслар томонидан ижтимоий тармоқларга жойланган парчалар ёки улардан илҳомланиб ёзилган мақолалар сарлавҳалари ҳам "қора рўйхат"га тушган.

Шунингдек, рўйхатдан Интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқлардаги муаллифи номаълум бўлган диний-сиёсий мазмундаги мақолалар, маърузалар, шеърлар, видеоматериаллар ҳам ўрин олган.

Бош қароргоҳи Нью Йоркда жойлашган VICE NEWS каналидаги бир лавҳа - Суриядаги Марказий осиёлик жангарилар акс этган қарийб 1 дақиқалик видеолавҳа ҳам рўйхатга киритилган.

Бундан ташқари, Ўзбекистонда танилган ёзувчи Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг "Бу кунлар" китоби, 2018 йилда Ўзбекистонни тарк этган имом Фазлиддин Парпиевнинг президентга видеомурожаати ҳам рўйхатга киритилган.

Швециядан бошпана топган қорақалпоғистонлик имом Муҳаммадсодиқ Обутов, шу кунда Қирғизистонда қамоқ жазосини ўтаётган қорасувлик имом Рашод Камолов ҳамда унинг марҳум отаси Муҳаммадрафиқ Камолов, Швецияда суиқасдга учраган наманганлик имом Обидхон Назаров, 1994 йилда Тошкент аэропортида ғойиб бўлган андижонлик имом Абдували Мирзаевлар номи ҳам рўйхатда.

Ҳужжат бошидаги эслатмада рўйхатдан ўрин олган барча материаллар тақиқланган, деб ҳисобланиши таъкидланган. Бундан ташқари, рўйхат мунтазам янгиланиб, тўлдирилиб борилиши алоҳида қайд этилган.

Қуйида ушбу рўйхатнинг баъзи саҳифалари берилган:

Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Дин ишлари бўйча қўмита вакиллари шундай рўйхат борлиги, Ички ишлар вазирлигига берилганини билдирди.

Аммо рўйхатга оид бошқа саволлар, жумладан бу рўйхат нега жамоатчиликка ошкор қилинмагани ҳақидаги саволни очиқ қолдирди.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигидан бу борада бирор маълумот олишнинг имкони бўлмади.

Бу шу кунга қадар Озодликка келиб тушган хизмат доирасида ички фойдаланиш учун тайёрланган илк тўлиқ рўйхатдир.

Бунга қадар, Адлия вазирлиги Ўзбекистон Олий судининг 2019 йил 12 мартдаги ҳал қилув қарорига кўра, Интернет тармоғидаги 40 та ресурс - саҳифа, канал ва профиль экстремистик, деб топилганини хабар қилган, рўйхатини эълон қилган.

Қуйида ушбу рўйхат билан танишишингиз мумкин:

Адлия вазирлигига кўра, 2018 йил 30 июлда қабул қилинган “Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида”ги қонуннинг 14-моддасига мувофиқ, Ўзбекистонда бирор ташкилотни экстремистик, деб топиш суд тартибида амалга оширилади.

Ташкилотни "экстремистик" деб топиш тўғрисидаги аризани эса Бош прокурор Олий судга киритиши лозим.

Олий суд ҳукм чиқариб, тақиқ қонуний кучга киргач, бу рўйхат Адлия вазирлиги ва Олий суднинг расмий сайтида эълон қилиниши керак.

25 декабрь санаси билан янгиланган рўйхатнинг айнан шу процедурага мувофиқ тасдиқланган-тасдиқланмагани¸ унинг бирор расмий манбада жамоатчиликка эълон қилингани Озодликка маълум эмас - очиқ Интернет ресурсларида бу рўйхат ҳозирча топилмади.

Ички ишлар вазирлиги тизимидаги манбаларнинг маълум қилишича, мамлакат ичкариси ва чегарасида рўйхатга киритилган материаллар билан ушланган ўзбекистонликларга нисбатан Жиноят Кодексининг 244-1-модда ва 246-моддалари қўлланилади.

244-1-моддада "жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш" айби кўзда тутилган.

246-моддада "диний экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастликни тарғиб қилувчи материалларни Ўзбекистон божхона чегарасидан ўтказиш" айби кўзда тутилган.

Бу моддалардаги айб тасдиғини топган тақдирда айбланувчига "базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш" жазоси қўлланиши мумкин.

XS
SM
MD
LG