Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 22:15

Диний таълимга чеклов ва нашида учун қамоқ. АҚШ диний эркинликлар ҳисоботида Ўзбекистон


Ўзбекистон, намозхонлар.
Ўзбекистон, намозхонлар.

Ўзбекистон ҳукумати диний эркинликларни таъминлашга доир айрим ваъдалари устидан чиққан бўлса-да, кўплаб ваъдалар амалга ошмай қолмоқда. Бу ҳақда АҚШ Давлат департаменти томонидан 2023 йил учун жаҳондаги диний эркинликлар вазияти юзасидан ҳисоботда сўз боради.

Анъанавий ҳисоботда қарийб 200 давлат, жумладан, Ўзбекистондаги диний эркинлик ҳолати таҳлил қилинган.

АҚШ ҳукумати ҳисоб-китобига кўра, Ўзбекистонда 35 миллион сунний ва 122 минг шиа мусулмон, 822 минг православ насроний ҳамда 540 мингдан зиёд бошқа динларга эътиқод қилувчи аҳоли истиқомат қилади.

Мамлакат қонунчилигига мувофиқ, дин давлатдан ажратилган. Бинобарин, давлатнинг диний ташкилотлар фаолиятига аралашуви тақиқланди. 2023 йилда қабул қилинган Конституциянинг янги таҳририда Ўзбекистон Республикаси “дунёвий давлат” экани белгилаб қўйилди.

Стив Свердлов: “Ўзбекистонда диний эркинликлар доираси торайиб бормоқда”
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:22:42 0:00

Давлат департаментининг 2022 йилги ҳисоботида Ўзбекистон қамоқхоналарида террорчилик ва экстремистик фаолиятга алоқадорликда ёки диний фундаменталистик ташкилотларга аъзоликда айбланган 1800 дан ортиқ маҳкум сақланаётгани қайд этилганди.

“Ўтган йиллардан фарқли равишда ҳукумат (бу гал) диний экстремизм ёки диний фундаменталистик ташкилотларга алоқадорлик важидан қамоққа олинган маҳбуслар тўғрисидаги маълумотларни тақдим этмади. Маҳаллий ОАВ интернетдаги диний фаолияти сабаб судлар томонидан қамоқ ёки уй қамоғи жазоларига ҳукм қилинган камида 5 киши ҳақида хабар берди”, – дейилади ҳисоботда.

Ҳужжатда, жумладан, диний қўшиқ (нашида) йўллагани учун жазога тортилган Тошкент давлат иқтисодиёт университети талабаси Жаҳонгир Улуғмуродов ва 21 ёшли IT мутахассиси Сардор Раҳмонқулов кейслари ёдга олинган. Қайд этилишича, 3 йил олдин синфдошига юборган диний қўшиқ сабаб аввалига 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган, кейинроқ жамоатчилик босими остида 2 йил синов муддати билан озодликка чиқарилган Сардор Раҳмонқуловга нисбатан, шунингдек, давлат томонидан тайинланган имомларни танқид қилгани ортидан узоқ муддат қамоқ жазосига ҳукм қилинган, 2023 йил декабрь ойида эса озодликка чиқарилган диний блогер Фозилхўжа Орифхўжаевга нисбатан тергов чоғи қийноқ қўлланган.

Давлат департаменти “Форум 18” ташкилотига таяниб ёзишича, мамлакатда рейдлар ўтказиш, уйларни тинтув қилиш, ҳибсга олиш, давлат рухсатисиз диний сабоқ берганлик учун маъмурий жазолаш ҳамда жиноий тергов орқали мусулмонлар устидан назорат ўрнатилган.

“Ҳуқуқ ҳимоячилари президент Шавкат Мирзиёевнинг ислоҳотлари ва дин тўғрисидаги қонун Мирзиёев президентлик лавозимига келгунга қадар диний амалиёт ва эътиқоди учун қамоқда қолган маҳбуслар ишини ҳал қилмагани ва улар ҳибда қолаётганини таъкидламоқда.

Маҳаллий фаолларга кўра, Мирзиёев президентлиги бошланганидан бери ижобий ўзгаришлар кузатилган ва кўплаб диний маҳбуслар озод этилганига қарамай, диний амалиётда иштироки сабаб сезиларли миқдордаги маҳбуслар ҳибсда қолмоқда”, дейилади ҳисоботда.

Ҳисобот муаллифлари “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунда назарда тутилган чекловларга ҳам эътибор қаратган.

“Фаоллар ва халқаро ташкилотлар, жумладан, Amnesty International 2021 йилда қабул қилинган дин тўғрисидаги қонунни танқид қилиб, унда илгари амалда бўлган жуда кўп чекловлар сақланиб қолганини айтмоқда. Хусусан, диний эътиқодни давлат рухсатисиз амалга ошириш, ўқитиш ва баҳам кўриш тақиқлангани, шунингдек, диний адабиётларга нисбатан қаттиқ цензура юзасидан хавотир изҳор этилган”, дейилади йиллик ҳисоботда.

OzodNazar: Болалар диний таълими тарафдорлари ва қаршилар баҳслашди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:52:01 0:00

Фуқаролик жамияти фаоллари мамлакат қонунчилигида экстремизм тушунчаси жуда кенг маъно-мазмунда талқин этилиши, зўравонликдан холи диний эътиқод билан зўравонликни қўллаб-қувватловчи мафкуралар ўртасидаги аниқ фарқ кўрсатилмагани борасида хавотир билдириб келади.

Давлат департаменти тадқиқотида БМТнинг диний эркинликлар бўйича собиқ махсус маърузачиси Аҳмад Шаҳиднинг хулосалари ҳам ёдга олинган. Шаҳид 2023 йил 27 март куни Тошкентдаги АҚШ элчихонасида Ўзбекистондаги сўнгги 5 йилликка оид ҳисоботини эълон қилган эди.

Собиқ маърузачи 2017 йилги ташрифи чоғида Ўзбекистон раҳбариятига 12 та тавсия берган. Аҳмад Шаҳидга кўра, “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунда диний ташкилотларни рўйхатга олиш, диний таълим бериш, диний адабиётлар чоп этилиши жараёнини эркинлаштиришга оид нормаларда “қолоқлик” сақланиб қолмоқда.

Диний эркинлик билан боғлиқ жиноий, маъмурий қонунчиликка ўзгартиришлар киритиш, “экстремизм” тушунчасини қайта кўриб чиқиш, шахсларга “диний экстремизм”, “конституцияга хилоф фаолият” тушунчаларини аниқлаштириш тавсияси ҳам бажарилмаган.
Шунингдек, “ноқонуний диний гуруҳлар фаолиятида иштирок этиш”да айблаш мумкин бўлган ҳолатларни ислоҳ қилиш ва вояга етмаганларга диний маълумот олиш имкониятини берувчи шароитлар яратиш амалга ошмаган.

Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари диний мотивларга кўра ҳибсга олинган шахслар орасида туҳмат ва уйдирма қурбонлари кўплиги, шунингдек, диний маҳкумларнинг жазо муддати янги айбловлар қўйиш орқали узайтирилишини танқид қилиб келади. Расмий Вашингтон ҳисоботида ушбу амалиётлар давом эттирилаётгани баён қилинган.

“Диний эркинлик фаолларининг айтишича, ҳукумат хавфсизлик хизматлари диний экстремизмга нисбатан қаттиққўллигини кўрсатиш учун маҳбусларга тўқима айбловлар қўйишни давом эттирмоқда. Таниқли адвокатлардан бирининг ҳикоя қилишича, ҳуқуқ органлари айрим шахсларни фақат телефонига келган хабарлар асосида экстремизмда айблаган. Ҳукумат расмийлари ўша хабарларда “Ҳизб ут-таҳрир” зикр қилинганини айтган бўлса-да, ҳибсга олинганларнинг ўзлари бу хабарларни ёзмаган, юбормаган ёки уларга жавоб бермаган”, дейилади ҳисоботда.

Диний идора нега фатво чиқардию нега уни қайтиб олди?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:12:49 0:00

Мамлакатдаги христиан черковлари вакиллари давлат рўйхатидан ўтказишдаги бюрократик тўсиқлардан шикоят қилган. Масалан, “Иегова шоҳидлари” Тошкент ва Самарқандда иккита янги жамоани давлат рўйхатидан ўтказа олмаган. Расмийлар маҳаллий фуқароларнинг “миссионерлик ва прозелитизм фаолияти” устидан кўп сонли аризаларини рад жавобига асос ўлароқ кўрсатган.

“Форум 18” ташкилотига кўра, 2023 йил апрель ойида баптистлар черковининг Қашқадарё вилояти Қарши шаҳридаги диний маросими ҳуқуқ-тартибот идораларининг рейди сабаб бузилган.

АҚШнинг Халқаро диний эркинликлар бўйича комиссияси ҳам (USCIRF) 2023 йилда Ўзбекистонни “ёмонларнинг ёмони” рўйхатидан чиқарган, аммо ҳануз диний эркинликлар жиддий равишда бузилаётган махсус кузатувдаги давлатлар рўйхатида қолдирган эди.

Форум

XS
SM
MD
LG