Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 08:27

Меҳнат вазирлиги: Discover Invest қонунни бузмаган. Ишчилар: ҳалиям қулдек ишлаяпмиз!


Discover Invest ишчилари шароитини махсус ўрганган Меҳнат вазирлиги уларнинг рисоладагидай эканини билдирди
Discover Invest ишчилари шароитини махсус ўрганган Меҳнат вазирлиги уларнинг рисоладагидай эканини билдирди

28 январь куни Озодликда эълон қилинган “Тошкент ҳокимига қарашли компания ишчилари ўзларининг қулдек ишлатилаëтганини айтмоқда” сарлавҳали мақола ортидан Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Давлат меҳнат ҳуқуқ инспекцияси “ушбу вазият юзасидан зудлик билан текширув” ўтказган.

Вазирлик эълон қилган баëнотда айтилишича¸ 4 кишилик махсус гуруҳ 1 февраль куни Tashkent City ҳудудидаги 5 ва 8-лотларда қурилиш ишлари олиб бораётган Discover Invest МЧЖ ходимлари меҳнат шароити билан танишган ва текширув давомида меҳнат қонунчилигининг бузилиш ҳолатларини аниқламаган.

Озодлик мақоласида гапирган ишчилар ўзларининг Tashkent City ҳудудида ишлашини айтмаган¸ улар икки объект – Юнусобод туманидаги эски автопарк биносида бузилиш ишлари ва Шаҳристон кўчасида йўл ëқасига брусчатка тераëтганларини тилга олиб¸ Аграр университетининг собиқ ëтоқхонасида ëтиб-туришларини билдирган эди.

Вазирлик баëнотида Озодликда тилга олинган бу объектларда текширув ўтказилган-ўтказилмаганига оид маълумот йўқ.

5 февраль куни Озодлик айни ишчилар билан қайта боғланди - улар ўзлари яшаб-ишлаëтган шароитнинг ўзгаришсиз қолаëтганинини таъкидлади.

Махсус гуруҳ: Discover Invest Tashkent Cityда меҳнат қонунларини бузмаган

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги эълон қилган расмий баëнотда ëзилишича¸ вазирликнинг 2019 йил 31 январдаги Буйруғига биноан тузилган 4 кишидан иборат ишчи гуруҳ Tashkent Cityнинг бош пудратчиси – Discover Invest МЧЖ меҳнат қонунчилигига зид равишда ишчилар меҳнат ҳуқуқини поймол этаётгани ҳақидаги шикоятларни ўрганган.

Бу ўрганиш эса¸ Тошкентдаги қатор объектларда иш олиб бораëтган Discover Investнинг Озодлик мақоласидаги шикоятларга бевосита алоқаси бўлмаган битта объекти - Tashkent City ҳудудидаги 5 ва 8-лотларда ўтказилган.

Вазирлик баëнотида ëзилишича¸ ўрганиш натижасида қуйидагилар маълум бўлган:

“Биринчидан, меҳнат ҳуқуқ инспекторлари томонидан текширилганда “Tashkent city” ҳудудида фақат иккита объектда (5 ва 8-лотлар) қурилиш ишларини олиб бораётган Discover Invest МЧЖ ходимлари – ишчилари ўртасида, мақолада келтирилганидек, иш ташлаш, дам олишсиз меҳнат қилиш, ойлик иш ҳақларидан ушлаб қолиш сингари меҳнат қонунчилигига зид ҳолатлар аниқланмаган. 2017 йил 3 январда иш берувчи ва меҳнат жамоаси кенгаши вакили ўртасида тасдиқланган ички меҳнат тартиб қоидалари бўйича 6 кунлик иш ҳафтасида ишловчи ходимлар учун 7 соатлик иш куни, яъни соат 9:00 дан 17:00 га қадар (шанба куни 9:00 дан 15:00 га қадар) меҳнат қилиш белгилаб қўйилган (3.5-бандида) ва шу тартибда иш олиб борилмоқда. Масалага янада ойдинлик киритиш мақсадида, ушбу объект директори М.Сагдуллаев, меҳнатни муҳофаза қилиш ва техника хавфсизлиги муҳандиси З.Қозоқов, иш бошқарувчи (прораб) М.Саттаров, пайвандчи Б.Содиқов ва ишчи З.Шавқиевлар билан суҳбат ўтказилиб, улардан тушунтириш хатлари олинди.

Иккинчидан, Discover Invest МЧЖнинг “Tashkent city” ҳудудида меҳнат қилаётган 1400 дан ортиқ ишчилари билан тегишли тартибда меҳнат шартномаси тузилган, иш ҳақлари белгиланган муддатда тўланган, текширув давомида мажбурий меҳнат ҳолатлари ва иш ҳақидан қонунчилик талабларига зид равишда ушлаб қолиш ҳолатлари аниқланмади.

Учинчидан, қурилиш объектларида меҳнатни муҳофаза қилиш чоралари кўрилган, ходимлар махсус кийим ва ҳимоя воситалари билан таъминланган, санитария ва гигиена талабларига жавоб берадиган ётоқ жойлар ва ошхона мавжуд, корхона ҳисобидан нонушта, тушлик ва кечки овқат ташкил этилган. Ишчилар сони кўп бўлгани сабаб, навбат бўйича овқатланиш йўлга қўйилган, унга кўра нонушта 8:00 дан 9:00 гача, тушлик 12:00 дан 14:00 гача ва кечки овқат 17:00 дан 18:00 гача берилади.

Қолаверса, Discover Invest МЧЖда меҳнат шароитлари бўйича иш ўринлари аттестациядан ўтказилган. Лабораториянинг шаҳодатлаш гувоҳномаси ҳамда меҳнат шарт-шароитлари бўйича эксперт хулосалари мавжуд.

(расмий баëнотдан иқтибос тугади)

Айрим камчиликлар ҳам аниқланди...

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ишчи гуруҳи ўз хулосасида¸ текширув давомида аниқланган “айрим камчилик”ларни ҳам тилга олган.

“Discover Invest МЧЖда иш берувчи ва меҳнат жамоаси кенгаши вакили ўртасида 2017 йил 3 январда ички меҳнат тартиб-қоидалари тасдиқланган бўлса-да, ушбу ички меҳнат тартиб қоидалари билан ходимлар тўлиқ таништирилмаган.

Шунингдек, Discover Invest МЧЖ томонидан олиб борилаётган қурилишда айрим биноларнинг юқори қаватларидаги баъзи жойларда ҳимоя тўсиқлари ўрнатилмаган, бинонинг қаватларида коммуникация ўтказиш учун мўлжалланган 4 та ҳолатда тирқиш (проём)ларга ҳимоя тўсиқлари қўйилмаган. Бундан ташқари, пойдевор учун қазилган ўра (котлован) атрофига ҳимоя тўсиқлари тўлиқ ўрнатилмаган, натижада айрим иш жойларида хавфли меҳнат шароити вужудга келган”¸ дейилади вазирлик расмий баëнотида.

Ишчи гуруҳ томонидан “аниқланган мазкур камчиликларни бартараф этиш бўйича ёзма кўрсатма берилди ва уч кун ичида бажарилиши назоратга олинди”¸ деб якунланади Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги эълон қилган баëнот.

Мен не дейман¸ қўбизим не дейди

28 январь куни Озодлик эълон қилган мақолада Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга қарашли Akfa Group ҳолдинги таркибига кириши айтилган Discover Invest Tashkent Cityнинг бош пудратчиси экани тилга олинган.

Озодликка шикоят қилган ишчилар ўзларининг Tashkent City ҳудудида ишлаëтганини айтмаган¸ балки собиқ Қишлоқ хўжалик институти собиқ ëтоқхонасида яшаб¸ ҳар куни шу ердан Discover Invest ширкати Тошкентда қураëтган объектларда ишлаш учун олиб кетилаëтганлар экани билдирган эди.

Бу суратни юборган ишчиларга кўра¸ Discover Invest уларни Юнусобод ҳудудидаги эски автопаркда бузиш ишларида 12 соатлаб ишлатмоқда.
Бу суратни юборган ишчиларга кўра¸ Discover Invest уларни Юнусобод ҳудудидаги эски автопаркда бузиш ишларида 12 соатлаб ишлатмоқда.

Озодлик суҳбатдошлари¸ ўзларини “Қашқадарë¸ Сурхондарë ва Жиззах вилоятларидан келиб¸ Discover Invest компанияси қураëтган объектларда ишлаëтган оддий қурувчилар деб таништирган” ва ўзлари ишлаëтган объектлар орасида Шаҳристон кўчаси ва Юнусобод туманидаги эски автопарк ҳудудини тилга олган эди.

Озодлик 4-5 февраль кунлари қайта боғланган Discover Invest ишчилари вакилларидан айримлари¸ ўзлари ишлаëтган объектда вазият ўзгаришсиз қолаëтганини айтган бўлса¸ бошқаси “келган текширувчиларга бригардирлар меҳнат шароитларининг яхши экани ҳақида” гапириб берганини маълум қилдилар.

Бир-иккитаси келиб номига шароитларни сўраб кетди. Битта ишчи 8 дан 8 гача ишлаяпмиз деса¸ кейингиси пахта қўйиб фирмани мақтаб кетди. Мақтагич бригадир ëрдамчиси эди. Улар ҳамма ишчиларни йиғиб сўраши керак эди¸ лекин бундай бўлмади. Ҳозир ҳам 8 дан 8 гача ишлаяпмиз. Битта ўзгариш - охирги ойликдан 200 минг сўмдан олиб қолишга қўрқишди¸ бўлгани шу”¸ деди ўзининг Discover Invest ишчиси эканини билдирган қурувчи Озодлик билан такрор суҳбатда.

Айни ширкатнинг Тошкентнинг Хонобод маҳалласи ҳудудида жойлашган яна бир объектида ишлаëтган бошқа ишчилар вакили 5 февраль куни Озодликка ўз меҳнат шароитларининг мақолада тасвирлангандан кўра ҳам оғирроқ аҳволда қолаëтганини билдирди.

Ҳозир биз берган адрес – Хонобод 25¸ асфальт заводга келинг¸ кўрасиз ҳақиқий вазиятни. Шикоят қилганлар қолиб¸ булар Tashkent Cityни бориб текширган. Раҳбарият ишчиларга қуллардан ҳам баттар муомала қилмоқда. Яшаш шароити - битта вагонда 22 та одам яшамоқда¸ туалет¸ чўмилиш жойи йўқ¸ овқатланиш жойи санитария-гигиенага умуман жавоб бермайди. Бу ерда меҳнат қилаëтган инсонларнинг аксарияти вилоятдан келган ишчилар¸ инсон ўрнида кўрмаяпти уларни - айби вилоятлик бўлганими? Россияга бориб қул бўлишди¸ қозоққа бориб қул бўлишди¸ энди кўксимизга шамол тегди деб хурсанд бўлсак¸ Россия ва Қозоғистондан ҳам баттар муомала қилмоқда¸” деди 5 февраль куни ўзини Discover Invest ишчиси деб таништирганлардан яна бири.

Озодлик Discover Invest ишчилари вазиятини имкон қадар яқиндан кузатишда давом этади. Сиз ҳам шу ширкатга қарашли объектларда ишлаëтган бўлсангиз¸ ўз меҳнат шароитингиз ҳақидаги маълумотлар¸ хусусан¸ бу шароит акс этган сурат ва видеоларни Озодликка юборишни унутманг.

Бунинг энг қисқа ва осон йўли эса¸ Озодликнинг ижтимоий тармоқлар¸ хусусан¸ Telegram ва WhatsAppдаги рақамимиз: +420 724 971 539 ёки @ozodnews билан боғланишдир.

Озодлик шахсингиз сир қолишини кафолатлайди.

XS
SM
MD
LG