Озодлик Радиоси

«Додамизнинг дачаси»: тошкентлик фаол президентнинг сирини очди

Озодлик

феврал 23, 2021

Тошкентлик 50 яшар фаол Алексей Гаршин президент Шавкат Мирзиëев учун Оҳангарон тоғларида яширин дача қурилаëтганини биринчи марта 2018 йил охирларида овчи дўстларидан эшитганини айтади.

Гаршинга кўра¸ оҳангаронликлар “дача” деб ном берган бу ҳашаматли қурилиш ҳақида Шоввозсой ўрмон хўжалигининг сайëҳлар¸ аниқроғи оддий ўзбекистонликлар учун тўсиб қўйилгани ортидан хабар топган.

“Шоввозсой тарафга бу гапларнинг қанчалик тўғрилигини ўз кўзим билан кўриш учун 2019 йилнинг декабри бошида бордим¸” - дейди YouTube да Мирзиëев ҳақида кескин танқидий видеолар эълон қилиб келаëтган Гаршин Озодлик билан суҳбатда.

Тошкентлик фаол Алексей Гаршин тоғ йўлида

Алексей ва унинг ов қилишга расмий лизенцияси бор дўсти 2019 йил охирлаб қолган кунларда Тошкентдан 100 километрлик Шоввозсойга қараб машинада йўлга чиқишди. Йўл-йўлакай у тоғ манзаралари¸ йўлларни ҳам видеотасвирга олишни унутмади.

Икки саëҳатчи Красногорск шаҳарчасидан чиқишдаги кўприкдан унча ҳам узоқ юрмай туриб¸ қулоққа чалинган гапларнинг камида биттаси ҳақиқат эканига ишонч ҳосил қилдилар: шлагбаум билан тўсилган йўл бўйидаги икки қўриқчи “кириш тақиқланади” деган ёзувни кўрсатиб¸ улардан орқага қайтишни сўради.

Аммо Гаршин ва дўсти қўриқчиларнинг бир оғиз гапи билан орқага қайтишга шошилмайди – улар йўл тўсган қўриқчиларни обдон сўроққа тутади.

Гаршин¸ “Нима учун шлагбаумнинг нариги томонига ўтолмаймиз?” деган саволни қайта-қайта бераверганидан кейин қўриқчилардан бири иккинчисига қарата:

“Бу ҳозир қаергача борганини қаердан биламиз? Ўтиб кетиб қолсачи?...Айтинг¸ доданинг дачаси бор нарëғда денг”, - дейди.

Бу гапдан сўнг иккинчи қўриқчи Гаршин ва ҳамроҳига, афтидан бор гапни айтишга қарор қилади.

“Брат¸ бу территория нимага қўриқланяпти биласизми? Ҳув нарида¸ тоғларнинг орасида дача бор”¸- дейди ўзини Муҳаммаджон деб таништирган қўриқчи.

Бу гапга Гаршин “муҳтарам президентимизнинг дачаси-да”¸ - дея луқма ташлайди.

“Ҳа, - деб давом этади қўриқчи ва қўли билан тоғлар тепасини кўрсатиб¸ – у томонда қўриқчилар турибди. Ҳеч кимни қўйишмайди. Бу нарсалар бекорга қўйилмаган (шлагбаумни кўрсатиб). Ҳар-хил одам бор-да. Масалан¸ мен хаëлингизда нима борлигини қаердан биламан”¸ - дейди.

Озодлик ўтказган суриштирув давомида “тоғлар орасидаги дача” қурилишидан бевосита хабардор бир-биридан мустақил манбалар Шоввозсойдаги мажмуанинг президент Шавкат Мирзиëев учун қурилгани ва унинг давлат ғазнасига энг камтар ҳисоб-китобларга кўра¸ бир неча юз миллион долларга тушганини билдирди.

Мирзиëевнинг сири тоғларга яширилган қароргоҳ

2018 йилнинг октябрида Тошкентдан 65 км жануб-шарқда жойлашган Оҳангарон шаҳрининг марказий кўчасида йўллар шошилинч таъмирланиб, қурилиш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилганини оҳангаронликлар яхши эслашади.

Оҳангарон тоғларида Мирзиëев учун ҳашаматли дам олиш мажмуаси қуриш режаси¸ Озодлик ихтиëридаги ҳужжатларга кўра¸ Мирзиëев президентликка келганидан икки ой ўтиб-ўтмай бошланган. Махфий қарорлар асосида махфий қароргоҳ қурилиши бошланган айни кезларда Шавкат Мирзиëев ўзбекистонликларга Каримовникидан фарқли адолат¸ инсон ҳақларига ҳурмат ва халққа ҳисоб берадиган бошқарув ваъда қилаëтган эди.

Шоввозсой мажмуаси ва унга ëндош сув омбори қурилаëтган даврда Мирзиëев шунингдек, мамлакатдаги иқтисодий аҳволнинг “ниҳоятда оғирлиги”ни айтиб¸ мулозимларга икки йил фавқулодда ҳолатда ишлаш¸ давлат бюджетининг ҳар бир тийинини тежаб сарфлаш ҳақида кўрсатмалар берган .

Шоввозсой мажмуаси ва унинг учун алоҳида сув омбори қурилишининг тагига етишни мақсад қилган Алексей Гаршин ўз уринишлари акс этган видеоларни ўзининг ютуб-каналига жойлаштира бошлади: улардан бири 2019 йил декабрида шлагбаумдан нарига ўтолмаган саëҳат ҳақида бўлса¸ 2020 йилнинг ноябрь ойида тайёрланган иккинчи видеода Гаршин қурилишнинг қанчага тушгани борасида унда қатнашган компанияларга қилинган телефон сўзлашувларини эълон қилди.

Озодлик Гаршиннинг бу видеоларига Шоввозсой қурилишида бевосита қатнашган қурувчилар юборган маълумотларни ўрганиш жараёнида дуч келди.

Гаршин видеоларидаги манзара ва у аниқлаган маълумотлар Озодликка бир-биридан мустақил қурувчи ва мулозимлар берган маълумотларни тасдиқлайди.

Алексей Гаршин дуч келган "кириш тақиқланади" белгисига "Ўзбекистон темир йўллари" логоси туширилган

«Махфийлик» тамғаси остида

Мирзиëев ҳукуматини танқид қилганидан кейин таҳдидлар бўлгани ҳақида жамоатчиликка очиқ гапирган Гаршин¸ Шоввозсой мажмуасининг ўзбекистонлик солиқ тўловчиларга қанчага тушганини ўрганиш аҳдидан қайтмаган.

Тошкентлик фаол шунингдек¸ давлат ҳимоясидаги миллий табиат боғи ҳудудида улкан қурилиш қилиб¸ уни одамлардан тўсиб қўйишнинг қонунларга қанчалик мувофиқлигини ҳам савол остига олиб келмоқда.

Алексейнинг айтишича¸ Шоввозсой сув омборини бевосита кўрган мутахассислардан бири бу омбор тўғонининг 2019 йилда ëрилиб¸ сув сиза бошлаганини билдирган. Бу эса¸ Шоввозсойни қурган ота-бола Сангиновлар ҳамкорлигининг яна бир намунаси - Сардоба сув омборидаги техноген фалокатдан қарийб бир йил олдин содир бўлган.

“Президент дачаси учун қурилган сув омборини бевосита кўрган мутахассисдан бу тўғоннинг Сардобадаги фожиадан анча олдин дарз кетганини эшитганимдан кейин қурувчи ташкилотларга Ўзбекистон фуқароси сифатида телефон қилиб¸ бу қурилишлар ҳақида маълумот олишга киришдим”¸ - дейди Озодлик билан суҳбатда Гаршин.

Бу уринишлар давомида Гаршин Шоввозсой ҳудудининг расмий эгаси¸ қўриқланадиган бу табиий ҳудудда ҳашаматли мажмуа қурилишининг буюртмачиси бўлган “Ўзбекистон темир йўллари” давлат ширкати¸ қолаверса Ўзбекистондаги каттаю кичик сув омборлари эгаси ва қурувчиси Абдуғани Сангинов раиси бўлган “Ўзбекгидроэнерго” тизимларига тинимсиз қўнғироқ қилади.

Шавкат Мирзиëевнинг узоқ йиллик садоқатли мулозимлари саналган Очилбой Раматов ва Абдуғани Сангиновнинг Шоввозсой мажмуаси ва сув омборини қуришда асосий шахслар бўлганини Озодликнинг қатор манбалари ҳам тасдиқлади.

Алексей Гаршин ўз саволларига жавоб излаб қилган қўнғироқлари аудиоëзувларини Озодликка тақдим қилди. Бу ëзувларнинг кўпчилигини у YouTube каналидаги видеоларидан бирида ҳам эълон қилган.

Абдуғани Сангинов раислик қилувчи давлатга қарашли “Ўзбекгидроэнерго” компаниясига "Шоввозсой сув омборини ким қурди?" деган савол билан қайта-қайта қилган қўнғироқлари Алексейни Сангиновнинг кенжа ўғлига қарашли хусусий To’palang Water Construction МЧЖга элтади.

(Эски номи “Резаксой сув қурилиш” бўлган бу МЧЖ 2020 йил 1 май куни ëрилган Сардоба тўғонини қурган асосий пудратчи ташкилот ва унинг собиқ директори Карим Рўзиев Сардоба иши юзасидан қамоққа олинган 9 шахснинг биридир.)

Телефон суҳбати бошида ўзини МЧЖнинг бош ҳисобчиси деб таништирган шахс¸ Шоввозсой сув омборини ҳақиқатан ҳам To’palang Water Construction қурганини эътироф этади¸ аммо қурилишнинг қанчага тушганига оид рақамларни очиқлашдан бош тортади.

“Ўзбекгидроэнерго”нинг 2018 йилги ҳисоботида сув омбори қурилиши бораётган вақтда Сангиновнинг кенжа ўғли Ислом Абдуғаниевич Абдураҳмонов асосий акционери бўлган To’palang HPD Holding билан бир неча юз миллиард сўмлик келишувлар имзолангани қайд этилган. Айнан шу ҳолдинг To’palang Water Constructionнинг 100 фоиз акциялари мулкдоридир.

Айни пайтда Туронбанк тақдим этган ушбу миллиардлаб кредитларнинг қайси мақсадларга ажратилгани ва сарфлангани очиқланмаган.

Мирзиëевнинг харитада йўқ сув омбори

Оҳангароннинг Чотқол тоғлари этагида жойлашган Тут қишлоғи ҳаëти азалдан Шоввозсойга боғланган. Чорвачилик ва деҳқончилик билан тирикчилик қилиб келган тутликлар, қишлоқ айнан шу сой туфайли пайдо бўлган, деб ишонишади.

Озодликка тақдим этган баёнотида “Ўзбекгидроэнерго” Шоввозсой сув омборининг қурилишида иштирок этмагани, унинг эксплуатацияси ва назорати билан шуғулланмаслигини таъкидлади.

Айни пайтда¸ Озодлик қўлга киритган молиявий ҳужжат “Ўзбекгидроэнерго” шўъба корхонаси бўлган “Гидролойиҳа” Шоввозсой сув омбори сатҳида нишаб-барқарорлик ўлчовларини олиб борганини тасдиқлайди.

Мирзиëевнинг сири тоғларга яширилган қароргоҳ

2018 йилнинг октябрида Тошкентдан 65 км жануб-шарқда жойлашган Оҳангарон шаҳрининг марказий кўчасида йўллар шошилинч таъмирланиб, қурилиш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилганини оҳангаронликлар яхши эслашади.

2020 йилнинг 3 ноябрь куни Алексей Гаршин телефонда ўзини “Ўзбекистон темир йўллари” компаниясининг Капитал қурилиш дирекцияси бош мутахассиси Тўлаганходжаев деб таништирган мулозим билан гаплашади ва унинг сўзларини ëзиб олади.

Гаршиннинг Шоввозсой дам олиш зонаси қурилишининг буюртмачиси ким¸ деган саволига мулозим ўзи ишлайдиган Капитал қурилиш дирекцияси эканини айтади. Мажмуанинг расман “Шоввозсой ўрмон хўжалиги ҳудудида дам олиш зонаси қурилиши” деб номланишини таъкидлаган мулозим ушбу қурилиш лойиҳаси Вазирлар Маҳкамаси қарори билан амалга оширилганини айтади.

Суҳбат давомида Тўлаганходжаев дейилган шахс¸ 2020 йилнинг ноябрида ҳам “эксплуатацияга топшириш ҳужжатлари ҳали ниҳоясига етмагани учун бу комплексдан ҳеч ким фойдаланмаëтгани”ни иддао қилади.

Гап орасида Гаршин Шоввозсой дачасининг жаноб Мирзиëевнинг шахсий эҳтиëжлари учун қурилгани ҳеч кимга сир эмаслигини қистириб ўтади.

Бунга жавобан “Ўзбекистон темир йўллари” мулозими:

“Ҳа¸ мана биларкансизку! Бизнинг халқ ажойиб-да¸ жуда кўп нарсани¸ гўë сир бўлган нарсаларни яхши билади”¸ дея жавоб қайтаради.

Гаршин “Ўзбекистонда иқтисодий аҳвол оғир бўлиб турган бир пайтда фақат президент кўнгилхушлиги учун қурилган бундай мажмуанинг халққа қанчага тушгани” билан қизиқаверганидан кейин мулозим бу рақамлар ошкор қилинмаслигини айтади.

“Объектнинг қанчага тушганини айтолмаймиз. Бу ҳақдаги ҳужжатлар “махфийлик” тамғаси остида”¸ - дейди “Ўзбекистон темир йўллари” мулозими.

Алексей Гаршин халқ орасида "Мирзиёев дачаси" деб аталадиган махфий қароргоҳ йўлида дуч келган блокпост

Озодликнинг Тўлаганходжаев билан боғланишга уринишлари натижа бермади. Телефон гўшагини кўтарган аёл Тўлаганходжаев 2020 йил охиридан буён “Ўзбекистон темир йўллари”да ишламаётганини айтди. "Нима учун?" деган саволга жавобан у Кадрлар бўлимига мурожаат қилишни маслаҳат берди.

“Ўзбекистон темир йўллари”нинг бошқа бир ходими Тўлаганходжаевнинг нафақага чиққанини айтди, аммо унинг ёши ҳақида маълумот бермади. Компаниянинг Кадрлар бўлимига қилинган қўнғироқлар эса жавобсиз қолди.

Гаршин миллий боғнинг энг гўзал ҳудудларини Мирзиëев ва мулозимлари дам олиши учун жамоатчиликдан тиканли симлар билан ўраб олинишини конституцияга зид, деб ҳисоблайди.

“Бу ҳашаматли бинолар пулини солиқлар ҳисобидан тўлаëтган халқ миллий боғ ҳудудига яқинлашолмаса¸ оиласи билан тоғларга чиқиб¸ дам ололмаса!”¸ - дейди ҳассослик билан Гаршин.

Тошкентлик фаол ўз эътирозини қувватлаш мақсадида Ўзбекистон конституциясининг 55-моддасини тилга олади.

Бу моддага кўра¸ “Ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий захиралар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасидадир.”

Озодликнинг Президент Мирзиёев администрациясига бу борада изоҳ сўраб қилган мурожаатлари жавобсиз қолдирилди.


Мирзиёевнинг сири: Тоғларга яширилган қароргоҳ ва сув омбори

2018 йилнинг октябрида Тошкентдан 65 км жануб-шарқда жойлашган Оҳангарон шаҳрининг марказий кўчасида йўллар шошилинч таъмирланиб, қурилиш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилганини оҳангаронликлар яхши эслашади.