Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 02:48

Хоразмда дори ўғирлаб сотган ҳамширалар ишдан ҳайдалди


Воқеа гувоҳларининг Озодликка хабар беришича¸ Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Урганч филиали ҳамшираси касалларга текин бериладиган дориларни сотишга олиб кетаётганда МХХ ходимлари томонидан қўлга олинган. Манбалар таъкидича¸ "ўғирлик миқдори катта бўлмагани учун МХХ бу ҳамширага маъмурий чора кўриш учун тиббиёт бирлашмасига тақдимнома киритган". Ишдан ҳайдалган ҳамширанинг ҳамкасблари, дори-дармонни ўғирлаб сотишга катта ҳамшираю ва бошқа раҳбарлар ҳам алоқадор эканлигини иддао қилмоқда.

Республика шошилинч тиббий ёрдам маркази Урганч филиали жарроҳлик бўлими ҳамшираси Ш. М. (Озодликка шахснинг исми-шарифи маълум¸ аммо уни эълон қилмасликка қарор қилди) 30 декабрь куни соат 15 ларда сотишга олиб кетилаётган дори-дармон билан қўлга олинди.

Исми сир қолиш шарти билан бу ҳақда Озодликка хабар берган марказ шифокорларидан бирига кўра, ҳамширани МХХ ходимлари қўлга олган.

“Ҳамширани касалхона стоянкасида, сумкаларга солинган дори-дармонни такси юкхонасига жойлаштираётганда МХХ ходимлари ушлади. Сумкалар очиб кўрилганда¸ кейинроқ хирургия бўлими катта ҳамшираси Ш.Э. хонаси текширилганда 2,5 мингта шприц, трансфузия системалари, 5 литр спирт, стерил қўлқоплар борлиги аниқланди. Жиноят устида ушланган ҳамширалар тилхат олинганидан сўнг қўйиб юборилган. Бугунги кунда Хоразм вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси назорат инспекцияси ходимлари тафтиш олиб бормоқда”, деди Озодликнинг бевосита воқеага гувоҳ бўлган манбаси.

Хоразм вилояти соғлиқни сақлаш бошқармасининг исми сир қолишини сўраган мулозими воқеа бўлганини тасдиқлади ва унга алоқадор шахслар жазоланганини айтди.

“Кеча шу масалани кўриб чиқдик. Ҳамшира Ш. М. ва катта ҳамшира Ш. Э.ни ишдан ҳайдаш ҳақида буйруқ чиқарилди. Бўлим мудири Ҳусанбой Бекчановга қаттиқ ҳайфсан берилди. Бизга берган маълумотга кўра, 55 дона трансфузия системаси ва 3 литр спирт билан ҳамшира қўлга тушган. Ўғирлашга ҳаракат қилинган дори-дармон кўлами катта бўлмагани учун жиноят иши қўзғатилмади ва маъмурий чора кўриш учун бизга МХХ тақдимнома киритди”, деди бирлашма мулозими.

Жазоланган ҳамшираларнинг исми сир қолишини сўраган ҳамкасбларидан бири асосий айбдорлар қолиб, уларнинг кичик "югурдаклари" жазоланаётганини иддао қилди.

“Марказда касалларга бериладиган текин дори-дармонлар неча йиллардан буён сотилиб келинаётганини ҳамма билади. Ш.М. фақат энг кичик бўғиндаги ижрочи бўлган. Нега бўлим мудири ишдан ҳайдалмади, нега бош врач жазо олмади? Калтак фақат энг пастки ижрочилар бошида синди. Мана бунинг схемаси қандай. 639-тартиб бўйича бирламчи дори-дармон текин берилиши керак. Булар эса, беморнинг қариндошларига дори, шприц, системани ўзларинг олиб келинглар, бизда йўқ, дейди. Ўзлари эса давлат томонидан берилган дори-дармонни таниш аптекачилари орқали соттиради. Қизиғи шундаки, бу ампула ёки дориларга сотилиши мумкин эмас, деб ҳам ёзиб қўйилган. Бу уюшган жиноятчилар ўзагини асосан катта ҳамшира, бўлим мудири, бош врач ташкил этади”, деб иддао қилди ҳамширалардан бири.

Ўзбекистондаги касалхоналарда беморларни дори-дармон билан таъминлашда узилишлар бўлаётгани айтилади.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ўз сайловолди дастурида аҳолини дори-дармон билан таъминлашни яхшилашга ваъда берган эди:

“Арзон ва ишончли дори-дармон билан таъминлаш масаласида бугун биз аҳолимиздан қарздормиз ва ўйлайманки, бу қарзни узиш вақти келди. Айни пайтда биз тиббиёт ходимлари томонидан беморларга қиммат дориларни асоссиз равишда тайинлашга, дорихона тармоқларида нарх-навонинг бесабаб ошиб кетишига йўл қўймайдиган энг қатъий чораларни кўрамиз” , деган эди президент.

Шундан сўнг, президент дори-дармон нархини тартибга солувчи қарор чиқарди. Президент қарорига кўра, 1 январдан бошлаб, 167 турдаги дори ва 22 турдаги тиббиёт асбоб-ускуналари учун арзонлаштирилган давлат нархи белгиланиши лозим эди.

Бироқ Ўзбекистондаги аптекалар дори-дармонни бир хил нархда сотишни 1 январдан бошлаб йўлга қўя олмади. Аптекачи- тадбиркорлар фикрича, буни амалга ошириш учун 3-4 ой вақт лозим.

XS
SM
MD
LG