1 сентябр куни Германияда жаҳондаги энг йирик рентген ишга тушди. Янги мослама олимларга атомлар, вируслар ҳамда кимёвий реакцияларни кузатиш имконини беради.
Гамбург шаҳрида ер сатҳидан 38 метр чуқурликда жойлашган янги қурилма 3,4 км узунликдаги туннель ичида сониясига 27 минг лазер нури чиқара олади.
Жуда катта тезликда ҳаракатланувчи бу нурлар олимларга илк маротаба нано дунёга назар солиш имконини беради.
Нано дунёси ҳақида тасаввурга эга бўлишингиз учун: инсон соч толаси 100 минг нанометрдир.
Янги рентген ёрдамида вируслар атомларини кўриш, ҳужайра молекулаларининг уч ўлчамли суратини олиш ёки кимёвий реакцияларни тасвирга олиш мумкин бўлади.
Янги қурилмадан касалликларни даволашда ҳамда бинолар ёриқларини ўрганишда фойдаланиш мумкин бўлади.
Лойиҳани якунлаш учун 8 йил вақт ва 1,7 миллиард доллар маблағ кетган. Уни 11 мамлакат, жумладан, Германия ва Россия молиялаштирган.