Линклар

Шошилинч хабар
21 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:45

Трампнинг Қуддус бўйича қарори Ислом оламида норозилик уйғотди


ҲАМАС исломий ташкилоти пайшанба куни АҚШ президенти Дональд Трампнинг Қуддус шаҳрини Исроил пойтахти деб тан олганига жавобан фаластинликларни тинчлик саъй-ҳаракатларидан воз кечиб, яҳудий давлатига қарши янги қўзғолон кўтаришга даъват қилиб чиқди. Фаластин сиёсий ташкилотлари жумани “Ғазаб куни” деб эълон қилди.

Пайшанба куни Ғарбий қирғоқ ва Ғазо бўлгасида юз берган норозилик намойишлари фаластинликлар ва Исроил қўшинлари ўртасида тўқнашувларга сабаб бўлди.

Тиббиёт ходимларига кўра, 31 киши Исроил аскарлари ўқлари ва резина ўқлари тегиб ярадор бўлди.

Трамп Қуддус шаҳрини Исроил пойтахти сифатида тан олди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:17 0:00

Исроил ҳарбийларининг айтишича, улар ҲАМАС қўл остидаги Ғазо бўлгасидан Исроил томон учта ракета учирилгандан сўнг жангариларга тегишли иккита постни қирувчи учоқ ва танк нишонга олган.

Ракеталарни Ғазодаги “Ал-Тавҳид” бригадаси деб аталувчи салафийлар ташкилоти учирганини эълон қилди.

Ушбу ташкилот минтақада ҳокимият юритувчи ҲАМАС ташкилотига бўйсунмайди ва унинг ракета отмай туриш тўғрисидаги даъватига қулоқ осмади.

Ҳарбийлар Ғарбий қирғоқдаги қўшинлар сонини кўпайтирганини маълум қилди.

Айрим норозилик намойишчилари аскарлар тош отиб, “Америкага ўлим! Аҳмоқ Трампга ўлим!” деб бақирди.

Трамп сешанба куни АҚШнинг бир неча ўн йиллардан бери давом этиб келган сиёсатини бекор қилиб, Қуддусни Исроил пойтахти деб тан олди.

Бу ҳол араб дунёсининг ғазабини қўзғатди ва мамлакатининг Ғарбдаги иттифоқчилари ҳафсаласини пир қилди.

Мусулмонлар ҳам, яҳудийлар ҳам, христианлар ҳам муқаддас деб биладиган Қуддус шаҳри мақоми масаласи Исроил билан фаластинликлар ўртасида тинчлик шартгномасига эришиш йўлидаги энг катта тўсиқ бўлиб қолмоқда.

Исроил Қуддусни абадий ва бўлинмас пойтахти деб ҳисоблайди.

Фаластинликлар эса шаҳарнинг шарқий қисми ўзларининг мустақил давлатига пойтахт бўлишини истайди.

Уни Исроил 1967 йилги Яқин шарқ урушида босиб олган эди.

Ушбу ишғол қилинган қисмни халқаро ҳамжамият шу пайтгача тан олгани ҳам, бирор мамлакатнинг у ерда элчихонаси ҳам йўқ.

АҚШ расмийларига кўра, Трамп Фаластин президентини Қуддусни Исроилнинг пойтахти сифатида тан олмоқчи эканидан огоҳлантираётган пайт унга бирга тузилган тинчлик режаси фаластинликларни хурсанд қилишини айтган.

Трамп сешанба куни маъмурияти АҚШ элчихонасини Тел-Авивдан Қуддусга кўчириши жараёнини бошлашини айтди.

Унинг фикрича, ушбу жараён бир неча йил давом этади. Трампнинг ўтмишдошлари вазиятни чигаллаштирмаслик учун бу ишни орқага суриб келаётган эди.

Исроил бош вазири Бенямин Нетаняҳу Трампнинг қарорини “тарихий воқеа” деб атади ҳамда кўплаб мамлакатлар АҚШдан улги олишини ва бу ҳақда музокаралар олиб борилаётганини айтди.

Лекин айнан қайси мамлакатлар билан музокара олиб борилаётганини очиқламади.

Вашингтоннинг Ғарб мамлакатларидаги яқин иттифоқчилари Франция билан Британия Трампнинг элчихонани кўчириш ҳақидаги баёнотини танқид қилди.

Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат маҳкамаси раҳбари Федерика Могерини Қуддус ҳам Исроил, ҳам Фаластин давлати пойтахти бўлиши шартлигини айтди.

Фаластин ҳукуматининг юқори лавозимли вакили АҚШ вице-президенти Майк Пенснинг декабрь ойида минтақага қиладиган сафари “Фаластинда хушланмаётгани”ни билдирди.

Фаластиннинг БМТдаги доимий вакили ўринбосари Фидо Абдулҳодий-Наср чоршанба куни Хавфсизлик Кенгашига Трампнинг қароридан шикоят киритди.

Хавфсизлик Кенгаши мажлиси жума куни чақирилиши кутилмоқда.

ҲАМАС раҳбари Исмоил Ҳания Аббосни Исроил билан тинчлик музокараларини бекор қилишга, араб мамлакатларини эса Трамп маъмуриятини бойкот қилишга чақирди. Аббос АҚШ ушбу қарори билан тинчлик музокараларидаги воситалигидан маҳрум бўлгани ҳақида баёнот берди.

Ливандаги “Ҳезбаллоҳ” ташкилоти раҳбари Саййид Ҳасан Насруллоҳ янги интофадага даъватларни қўллаб чиқди ва: “Биз Американинг қаттиқ тажовузига рўбарў бўлиб турибмиз”, деди.

Арабистон ярим оролидаги “Ал-Қоида” жангарилари ташкилоти вакили Трампнинг қарори Форс кўрфазидаги айрим мамалкатлар билан Исроил ўртасидаги “муносабатларни нормаллаштириш сари қўйилган қадам” натижаси бўлганини айтди.

Трампнинг баёнотидан сўнг Иордания, АҚШнинг Истанбулдаги консуллиги олдида ва Покистонда норозилик намойишлари бошланиб кетди.

Пайшанба минглаб тунисликлар бир неча шаҳарларда кўчага чиқди.

XS
SM
MD
LG