Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:31

Ҳукуматга яқин манбалар: Ишдан олинган ДХХ раиси устидан жиноят иши очилган


Ихтиëр Абдуллаев (суратда) Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) раиси лавозимидан 11 февралда озод қилинди.
Ихтиëр Абдуллаев (суратда) Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) раиси лавозимидан 11 февралда озод қилинди.

11 февраль куни Давлат хавфсизлик хизмати раиси лавозимидан озод қилинган 53 яшар Ихтиёр Абдуллаев жиноят иши фигурантига айлангани тўғрисида Озодликка Ўзбекистон ҳукуматига яқин, бир-биридан мустақил учта манба иддао қилди.

Айни пайтда Ўзбекистон президентининг Интернетдаги расмий саҳифасида Ихтиёр Абдуллаев соғлиги ёмонлашгани, бир йилда бўйин ва умуртқа поғонасида икки марта оғир жарроҳлик амалиётини ўтказгани ортидан лавозимидан озод қилингани билдирилди.

Озодлик суҳбатлашган ва исми эфирда айтилишини истамаган мулозимга кўра¸ “ДХХ раиси сифатида бир йил ишлаган Ихтиёр Абдуллаев айни ташкилотнинг ўнлаб ходимлари устидан жиноят иши очилиб қамоққа олингани ортидан ишдан бўшатилган”.

Мулозимнинг айтишича¸ Ихтиёр Абдуллаев ҳозирча "иқтисодий жиноятларни содир қилганликда" гумонланмоқда.

Озодлик суҳбатлашган бир-биридан мустақил икки нафар мулозимнинг билдиришича¸ Ихтиёр Абдуллаевга нисбатан Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 205-моддаси (“Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш”), 210-модда (“Пора олиш”) ва 211-модда (“Пора бериш”) бўйича жорий йилнинг 8 февралида жиноят иши очилган.

Суҳбатдошлар иддаосига кўра¸ бу жиноят иши январь ойида қамоққа олинган ДХХ ходимлари¸ хусусан ДХХ раисининг собиқ биринчи ўринбосари Жаҳонгир Эгамов кўрсатмаларига асосланган.

Суҳбатдошлар иддаосига кўра¸ жиноят иши республика ҳарбий прокуратураси тарафидан очилган.

Ўзбекистон Бош прокуратураси бу борада "ҳеч қандай маълумотга эга эмаслигини" 11 февраль куни маълум қилди.

Жилов тортилди?

Жорий йилнинг 10 январида жиноятчиликнинг олдини олиш борасидаги келгуси вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида президент Шавкат Мирзиëев куч ишлатар тизимлар раҳбарларини “арқонни узун ташлаб қўйгани”дан огоҳлантирган, яқин кунларда “жиловни тортишини” айтган эди.

Озодлик билан ëзишган мулозим иддаосига кўра, 10 январдан то 11 февралга қадар Ўзбекистон Давлат Хавфсизлик Хизматининг юзга яқин ходими устидан жиноят иши очилиб, эҳтиëт чораси сифатида қамоқ қўлланган.

Мулозимларнинг расман тасдиқланмаган иддаосига кўра, ДХХ тарафидан Мирзиëев оила аъзоларининг телефон сўзлашмалари тинглангани ва назорат остига олингани боис Ихтиёр Абдуллаев президент учун “исталмаган шахсга” айланган.

Озодлик тасарруфида бу маълумотнинг расмий тасдиғи ëки инкори ҳозирча йўқ.

Озодлик суҳбатлашган амалдорлар иддаосига кўра, президент Мирзиëев ДХХ ичидаги вазиятни ўз назоратига олиш учун жорий йил бошидан илк қадамларни қўйган.

Президент Шавкат Мирзиёев ўз қудаси Ботир Турсуновни 2 февраль куни Давлат Хавфсизлик Хизмати (ДХХ) раисининг биринчи ўринбосари этиб тайинлагани ҳам шу контекстда кўрилади.

Бу ҳақда Озодликка маълум қилган ҳуқуқ-тартибот тизимларидаги бир-биридан мустақил бир нечта манбага кўра, генерал Ботир Турсунов янги вазифага тайинланаркан, декабрь охирида бўшатилган Жаҳонгир Эгамовнинг ўрнини эгаллаган. Собиқ адлия маслаҳатчиси, Жаҳонгир Эгамов ДХХда бор-йўғи ўн бир ой муқаддам - 2018 йил февралида иш бошлаган эди.

Озодлик 46 яшар Жаҳонгир Эгамовга қарши ДХХнинг бир гуруҳ юқори лавозимли ходимлари қаторида "коррупция иши фигуранти" сифатида жиноят иши очилгани ҳақида мақола эълон қилган эди.

Жорий йилнинг 11 февралида интернетдаги Eltuz.com нашри устидан жиноят иши очилиб қамоққа олинган ДХХ мулозимлари ҳақида ëзди. Айни нашр иддаосига кўра¸ “ДХХ собиқ раисининг божаси Э.А., унинг акаси Э. Ҳ, ДХХ тергов бошқармаси бошлиғи А. А. ва ДХХ раисининг яқин дўсти У.А. билан бирга яна юзга яқин тезкор ходимлар” жорий йил январида қамоққа олинган.

Озодликнинг куч ишлатар тизимларида ишлайдиган манбаси ҳам “ўнлаб ДХХ ходимлари устидан жиноят иши очилгани” борасидаги маълумотни 11 февраль куни тасдиқлади.

Унга кўра¸ қамоққа олинган ДХХ ходимлари Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 167-моддаси (“Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш”), 205-моддаси (“Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш”), 210-модда (“Пора олиш”) ва 211-модда (“Пора бериш”) кўзда тутган жиноятларда гумон қилинмоқда.

Озодликнинг айни масалада юзасидан берган саволларига Ўзбекистон Бош прокуратураси олдинроқ "Бу борада расмий маълумот йўқ", дея жавоб берган эди.

XS
SM
MD
LG