Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 05:38

Манбалар: Қийноқларда айбланган МХХ зобити ДХХ Андижон вилоят бошқармаси бошлиғи лавозимига ўтказилди


Таймуроз Алимовнинг рассом қайта ишлаган сурати
Таймуроз Алимовнинг рассом қайта ишлаган сурати

Қийноқлар билан боғлиқ жиноят иши фигуранти бўлган собиқ МХХ полковниги Таймуроз Алимов ДХХ Андижон вилоят бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаётгани иддао қилинмоқда.

Озодлик манбаларининг билдиришича, 44 яшар Таймуроз Алимов жорий йил сентябрь ойи охирида янги вазифага тайинланган.

Озодлик манбасининг бу ҳақдаги маълумотини Ўзбекистон ҳукумат доираларига яқин бир-биридан мустақил уч мулозим тасдиқлади.

Полковник Таймуроз Алимов қамоқдан озод қилиниб, 2019 йил охирида ДХХ Қашқадарë вилоят бошқармасига бошлиқ этиб тайинлангани ҳақида Озодлик аввал хабар берган эди.

Таймуроз Алимов Қашқадарë вилояти ҳокими Зойир Мирзаев билан бирга (камуфляжда)
Таймуроз Алимов Қашқадарë вилояти ҳокими Зойир Мирзаев билан бирга (камуфляжда)

Тaймуроз Алимов 2018 йилнинг 26 февралида қийноқларда айбланиб, ҳибсга олинган.

МХХнинг Коррупция ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси (2018 йил февралида тугатилган) бошлиғи ўринбосари бўлиб ишлаган Таймуроз Алимовга нисбатан Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 97-модда, («Қасддан одам ўлдириш»), 301-модда («Ҳокимиятни суиистеъмол қилиш») ва 230-моддалари («Айбсиз одамни жавобгарликка тортиш») асосида айблов илгари сурилганини расмий манбалар тасдиқлаган.

Ўзбекистон ҳукуматига яқин мулозимнинг Озодликка айтишича¸ Таймуроз Олимжонович Алимов Ўзбекистон Ҳарбий прокуратураси сўровига мувофиқ ҳибсга олинган ва Ички ишлар вазирлиги тергов изоляторида сақланган.

“2018 йилда Таймуроз Алимов устидан хизмат текшируви олиб борилди. Бу пайтда у тергов изоляторида сақланди. Алимов иши ўша пайтдаги Бош прокурор Отабек Муродовнинг шахсий назоратида бўлган. 2019 йилда Алимов қамоқдан сирли равишда қутулиб қолди ва Қашқадарё ДХХси бошлиғи лавозимига юборилди” , - деди исми сир қолишини истаган амалдор.

Шундан сўнг Таймуроз Алимов вилоят ҳокимлигидаги мажлисда кўриниш берган.

Озодлик Таймуроз Алимовнинг исми зикр қилинган Қашқадарë вилоят ҳокимлиги фармойишини кўрган эди.

Озодликда Таймуроз Алимовнинг вилоят ҳокими Зоир Мирзаев билан тушган суратлари бор. Бу суратлардан бири жорий йил февралида расмий матбуотда эълон қилинган.

Таймуроз Алимов жорий йил сентябрида ДХХ раиси Абдусалом Азизов буйруғига биноан ДХХнинг Андижон вилоят бошқараси бошлиғи лавозимига тайинланган. Озодлик суҳбатлашган мулозим буйруқни ўз кўзи билан кўрганини таъкидлади.

Айни пайтда ҳозирча Озодликда бу маълумотларнинг расмий тасдиғи мавжуд эмас.

Озодлик мухбирининг бу борадаги сўровини Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати "Бу масала ДХХ тасарруфида, шунинг учун ДХХдан сўранг", дея рад этди.

Ўзбекистон ДХХ матбуот хизмати билан боғланишга доир расмий маълумот очиқ манбаларда йўқ.

"Раиснинг хос одами"

Таймуроз Алимов фаолияти билан яқиндан таниш бўлган расмийнинг Озодликка айтишича¸ у ўз вақтида МХХ раисининг "хос буйруқлари"ни бажарувчи алоҳида мавқега эга мулозим бўлган.

"2007 йилдан 2014 йилгача МХХнинг уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўлинмаси бошлиғи бўлиб ишлади. 2014 йилдан 2015 йилгача Коррупция ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси раҳбари ўринбосари бўлган. 2015 йилдан 2017 йилнинг май ойигача Наманган вилоят МХХнинг коррупцияга қарши кураш бошқармаси бошлиғи бўлган. 2017 йил май ойидан 2018 йил 5 февралгача МХХнинг коррупцияга қарши бўлинмаси бошлиғи бўлиб ишлади"¸ - дейди мулозим.

Президент қаҳрига учраган хизмат

Рашид Қодиров. Ихтиëр Абдуллаев ва Шавкат Мирзиëев
Рашид Қодиров. Ихтиëр Абдуллаев ва Шавкат Мирзиëев

Таймуроз Алимовнинг МХХ да ишлаган даври Ўзбекистон президени тарафидан "симëғочни ҳам қамайдиганлар" дея талқин қилинган эди.

2019 йилнинг 10 январь куни жиноятчиликнинг олдини олишга бағишланган видеоселектор йиғилишида президент Шавкат Мирзиëев куч ишлатар тизимлар, хусусан ДХХ раҳбарларини “арқонни узун ташлаб қўйгани” ҳақида огоҳлантириб, яқин кунларда “жиловни тортишини” айтган эди.

8 февраль кунига келиб, ДХХ раиси Ихтиëр Абдуллаев лавозимидан бўшатилди¸ 11 февраль куни эса, қамоққа олингани хабар қилинди.

Бош прокуратура Ихтиëр Абдуллаев Жиноят Кодексининг 205-моддаси (Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш)¸ 210-моддаси (Пора олиш)¸ 211-моддаси (Пора бериш) да кўзда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланаëтганини билдирган эди.

2019 йилнинг 15 июль куни собиқ Бош прокурор¸ Давлат хавфсизлик хизматининг собиқ раиси Ихтиëр Абдуллаев устидан маҳкама жараëни бошланди.

Озодлик ўз манбаларига таяниб, 10 январдан 11 февралга қадар Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизматининг 100 га яқин ходими устидан жиноят иши очилиб, эҳтиëт чораси сифатида қамоқ қўллангани ҳақида ëзган эди.

2019 йилнинг 27 сентябрда Ўзбекистон Ҳарбий суди Ихтиёр Абдуллаев ва “у томонидан ташкил этилган жиноий уюшма аъзолари”га нисбатан айблов ҳукми эълон қилган ва жиноий уюшма тузганликда айбдор топилган Ихтиёр Абдуллаев 18 йилга озодликдан маҳрум қилинган эди.

Айни маҳкамада ДХХ раисининг собиқ ўринбосари Жаҳонгир Игамов 16 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Мулозимларнинг расман тасдиқланмаган иддаосига кўра, ДХХ тарафидан Мирзиëев оила-аъзоларининг телефон сўзлашмалари тинглангани ва назорат остига олингани боис? Ихтиёр Абдуллаев президент учун “исталмаган шахсга” айланган.

Қийноқ иддаолари

Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов Озодлик билан 2018 йилги суҳбатда Таймуроз Алимовнинг айнан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 97-моддаси ( «Қасддан одам ўлдириш») бўйича ҳибсга олингани ва Алимовнинг маҳбусларни мунтазам қийнаганига оид маълумотларга эга эканини билдирган эди.

Ҳуқуқ фаоли иддаосига кўра¸ Алимов “МХХ назаридаги исталмаган шахслар¸ сир сақланиши зарур бўлган ҳодиса гувоҳларининг ликвидация қилиниши доирасидаги жиноят иши фигуранти" бўлган.

Молиявий жиноятларда айбланиб¸ 2015 йили Алимов гуруҳи томонидан тергов қилинган собиқ маҳкум Озодлик билан 2018 йилнинг 28 февраль кунги суҳбатда Таймуроз Алимовнинг "қилмишларига гувоҳ бўлгани"ни айтган эди.

"Шахсан Таймуроз Косон жазони ижро этиш муассасасига бориб¸ 44 яшар маҳкум Б.Н.Қ.га (бу шахснинг тўлиқ исми Озодликка маълум - таҳр.) маҳбусларни жисмонан йўқ қилиш бўйича топшириқ берганига гувоҳман"¸ - дея иддао қилган Озодлик суҳбатлашган собиқ маҳкум.

Ўзбекистон Бош прокуратураси ва суд идоралари собиқ МХХ зобитига қарши айблов тафсилотларини очиқламаган, қийноқ ва одам ўлдиришга буйруқ берганлик ҳақидаги иддаоларни шарҳламаган.

Полковник Таймуроз Алимов 2011 йил 11 августида ўша пайтдаги президент Ислом Каримовнинг УП 4356 фармони билан иккинчи даражали “Шон-шараф” ордени билан тақдирланганди.

XS
SM
MD
LG