Қашқадарё вилоят “Қарши чарм” қўшма корхонаси дарвозаси олдида Шайхали маҳалласи турғуни 15 август куни ўзига ўт қўйиб, куйиш жароҳати олди.
Дарвоза олдига йиғилган ўн чоғли одам корхонадан чиқаётган бадбўй ҳиддан атрофда яшаётган аҳолининг нафас олиши оғирлашаётгани, одамлар турли хил касалликка чалинаётгани ҳақида гапирган.
Қашқадарё вилояти ҳокимлиги мулозимига кўра, ҳақиқатан ҳам корхона бундан олти йил муқаддам санитария қоидаларига амал қилинмасдан маҳалла ичига қурилган ва айни пайтда Хитой ва Исроил билан қўшма корхона бўлгани сабабли уни бошқа жойга кўчириш муаммо бўлиб қолмоқда.
"Мени яшагим келмаяпти"
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода кўринишича, йиғилганлар корхонадан чиқаётган сассиқ ҳиддан яшаш жуда қийин бўлиб бораётгани ҳақида гапиради:
“Мана аҳвол, сасиб-бижиб ётибди, жанжал қилганимиз йўқ. Фақат президентга мурожаат қиламиз деб келдик”
“Менинг иккита келинимнинг боласи тушди, нима қилай? Буни йўқотиш керакми ёки халқни эзиш керакми?
“Овқат еёлмаяпман, овқат есам қайт қилиб ташлаяпман. Уч-тўрт кундан буён мазамни қочириб ташлади”.
“Кечалари ухлаб бўлмаяпти, болаларни ҳар ҳафта духтурга обориб миллион-миллион сўм пул сарфлаяпмиз, буларни ким қоплаб беради? Ҳидига умуман чидаб бўлмаяпти, бизни ҳокимият ҳам, ҳеч ким тингламаяпти”.
“Менинг аям шу сассиғни дастидан жигар цирроз бўлган!”
Видеонинг ярмида 40 ёшлар атрофидаги бир йигит бундай дейди:
“Соғлиқни ҳам олиб қўйди. Мен ўзим бир шопирман. Ишлаган пулимнинг ярми овқатга кетса, ярми дорига кетади. Акмал деган эгаси ўша куни келганимизда сени ўлдираман, икки кунда мен сени қаматаман... деган менга. Нега мени ўлимга ҳайдаяпти, ўлмоқчиман мен. Нима қилай мен, яшамоқчиман. Лекин мен шундай қилолмайман. Онасини эмсин бўлди. Мени яшагим келмаяпти, шу Акмални деб яшагим келмаяпти! Умуман, вопше яшагим келмаяпти”.
Охирги гапларини айта туриб йигит чўнтагидан баклажка чиқаради-да ва ундаги суюқликни устига сепиб, ўт чақиб юборади.
Атроф қий-чув, дод-вой овозларига тўлади. Одамлар ловуллаб ёнаётган йигитнинг устини ёпиб, оловни ўчириб олади. Аммо йигитнинг юзи, қўллари ва баданида куйиш жароҳатлар борлиги кўринади.
Воқеа гувоҳларининг айтишича, йигит тез ёрдам машинасида касалхонага олиб кетилган.
"60 фоиз куйган"
16 август куни Озодлик ўзига ўт қўйган йигит, Қарши шаҳрида таксичилик қилиб кун ўтказаётган Павел Раҳмоновнинг хотини Манзура Раҳмонова билан гаплашди.
Манзуранинг айтишича, эри 60 фоиз куйиш жароҳати олган:
“Ўша тери заводнинг каттаси, Акмал ака борлар. Ўша норозилик билдирганларни ҳаммасини қўрқитиб, 70-модда билан қаматаман деган. Эрим ўзлари лицензияли таксичи, топган пуллари аллергия касали бор боламни даволатишга кетяпти. Эрим болалари ва маҳалладошларини ана шу заҳарли ва сассиқ ҳиддан ҳимоя қилиш учун чиққан эди”.
"Келинимни ҳам боласи тушди"
Озодлик 16 август куни “Қарши Лезер” МЧЖ ҚК ёнида жойлашган Шайхали аҳолиси билан суҳбатлашди.
Гулбаҳор Панжиеванинг айтишича, маҳалланинг ўртасига қурилган терини қайта ишлаш заводидан чиқаётган бадбўй ҳид йиллар давомида уларни қийнаб келмоқда:
“Ишонасизми, шу завод қурилганидан буён жонимизни битта қилди. Топганимиз духтурга кетяпти. Бир йилдан буён асаб касалидан азоб чекаман. Уч йил олдин битта келинимни ҳам боласи тушди, ана шу сассиқ ҳиди дастидан. Мана бу келинимни ҳам беш ойлик боласи тушди. Укамнинг хотинини ҳам боласи тушди. Ҳомиладор кичкина келинимни отасиникига олиб бориб қўйдим, эсон омон туғиб олсин деб. Заводни каттаси Акмал деган болани олдига бориб бир иложини қил, бу ҳидни йўқот, дедим. У эса ҳеч ким ҳеч нарса қилолмайди, ҳеч ким фалонимни ҳам еёлмайди, деди. Аччиғим чиқиб ўша болани бир шапалоқ урдим”.
"Ҳокимингни ҳам илиб қўйганман"
Воқеа гувоҳи Насиба Жумаеванинг айтишича, норозилик билдириб борган одамлар корхона раҳбарияти томонидан ҳақоратланиб, таҳқирланган:
“Бордик, заводга кирдик, улар жуда ҳақоратлади.Қўлингдан келганини қил, деди. Президентингга ёзасанми, ҳокимингга ёзасанми, ҳаммасига.. анови деди. Ҳокимингни ҳам илиб қўйибман, деди. Тери заводи каттаси Акмал ака айтди бу гапларни”.
Қаршилик Руқия Усмонованинг айтишича, оналар ҳомиладорлик жараёнини жуда оғир ўтказаётгани боис, болалар ҳам касалманд бўлиб туғиляпти:
“Чаман маҳалласидан келин бўлиб келганман. Завод қурилганига 7 йил бўлган бўлса-да, ўшандан бери ҳидга чидаб бўлмайди. Айниқса аёллар токсикозлигида жуда қийналади. Аёл қийналгандан кейин фарзанди ҳам касалманд бўлиб туғиляпти. 40-50 градус иссиқда яна сассиқ ҳидга чидаб бўлмаяпти. Қайнонам ҳам асаб касали бўлиб инсульт бўлиб қолди”
"Болам туғилганидан буён касал"
Нишон туманидан келин бўлиб тушган Ситора Нурматова эса заводдан чиққан сассиқ ҳид туфайли фарзандидан ажралганини иддао қилади:
“Биринчи фарзандим 2 ёшга тўлди, туғилганидан буён фақат асабига даволаниш олдираман. Токсикозлик даврим ҳам оғир ўтган. Чунки биз томонда бунақа бадбўй ҳид йўқ эди. Мен буни кўтаролмасдим, тинмай қусардим. Боламнинг асабига ўша таъсир қилган, чунки ўзим ҳам кўп асаб бўлардим. Мана иккинчи фарзандим тинмай қусавериб, ҳеч нарса еёлмаганим сабабли, болам тушди”.
"Норози"лар ярим кечаси ИИБга олиб кетилди
29 яшар воқеа гувоҳи Соҳиба Каримованинг айтишича, воқеа содир бўлганидан сўнг норозилик билдирган фуқаролар кечаси ИИБга олиб кетилган:
“Кеча ички ишлар ходимлари келиб, ҳаммани олиб бориб тиқиб қўйди. Кечаси соат 12да аёлу эркак ҳаммани олиб кетди. Кечаси соат 2да милициядан қайтиб келсак, уйда бир Дамасда бешта мелиса турибди. Кечаси соат иккида қари дадам билан онамни қўлидан судраб мошинага тиқиб олиб кетишди. Биз қаршилик қилдик, лекин аёл киши бўлишимизга қарамай судраб, итариб юборишяпти”
Озодликнинг Қашқадарё вилоят ва Қарши шаҳар прокуратурасидан бу ҳақда маълумот олишга қилган ҳаракатлари бесамар бўлди.
Озодлик олган маълумотга кўра, 15 август, яъни воқеа содир бўлган куни завод дарвозаси олдидаги норозилик намойиши иштирокчиларининг барчаси Қарши шаҳар ИИБга олиб борилиб сўроқ қилинган.
Ўзига ўт қўйган Павел Раҳмоновни руҳияти жойида эмас, гиёҳванд одамга чиқариш ҳаракатлари бўлмоқда.
Аммо Озодлик суҳбатлашган шайхалиликлар Павел Раҳмоновнинг беозор, оилапарвар инсон эканлиги, гиёҳванд моддаларга алоқаси йўқлигини таъкидлади.
Норозиликка йиғилган аҳолининг бирдан-бир талаби заводдан чиқаётган бадбўй ҳид болалар ва катталарнинг соғлиғига салбий таъсир қилаётгани, болалар касалманд туғилаётгани ёки ойига етмай тушиб қолаётгани бу бадбўй ҳидни йўқотиш ёки аҳоли зич яшайдиган ҳудуддан корхонанини кўчириш бўлган.
Сассиқ завод аҳоли яшайдиган маҳаллага қурилган
“Qarshi Leather” МЧЖ ҚК 2016 йилда Ўзбекистон-Хитой-Исроил давлатлари томонидан тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар иштирокида ташкил этилган.
Корхона қорамол терисини қайта ишлаш, ярим тери ишлаб чиқариш ва экспортга сотишга ихтисослашган.
Корхона Шайхали маҳалласининг деярли қоқ ўртасига, одамларнинг яшаб турган уйларига тақаб қурилган. Сунъий йўлдошдан оилнган бу суратда ҳам корхона деворлари аҳоли яшайдиган уйларга туташиб кетганини кўриш мумкин.
Аммо, одамлар соғлиғига зиён етказадиган бундай корхоналар аҳоли яшайдиган пунктлардан камида 1 километр масофада қурилиши Ўзбекистон Санитария қоидаларида белгилаб қўйилган.
2017 йилда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси санитария қоидалари, меъёрлари ва гигиена нормативлари”(СанПиН)да бу ҳақда шундай ёзилган:
“Ҳайвон маҳсулотларини қайта ишлаш.
1-синф -санитар ҳимоя зонаси -1000метр”.
Аммо, корхона ҳудуди аҳоли яшайдиган пунктдан юз метр ҳам узоқ эмас. Ўтган йилларда ҳам корхонадан чиқаётган бадбўй ҳиддан аҳоли бир неча марта арз қилган, аммо уларнинг шикоятлари жавобсиз қолган.
"Боши берк кўчага кирган муаммо"
Қашқадарё вилояти ҳокимлигида ишлайдиган, матбуотга гапириш ваколати йўқлиги учун исми сир қолишини сўраган мулозимнинг Озодликка айтишича, бу лойиҳа президент Шавкат Мирзиёев иқтидорга келган йили, унинг инвестицияларни жалб қилиш талаби ортидан шошма-шошарлик билан қурилган:
“Ўша пайтда Қашқадарё вилояти ҳокими Туробжон Жўраев эди. Президент Мирзиёев сайлангандан кейин эсингизда борми, мажлисларда инвестиция олиб келинглар деб топшириқ берган эди. Ана ўшанда Жўраев ана шу жойда қуришга рухсат берган эди. Собиқ ҳоким бу заводдан катта откат ҳам олган дейишади. Лекин буни тасдиқлайдиган ҳужжат менда йўқ. Ачинарлиси шундаки, терини қайта ишлаш заводидан бадбўй ҳид чиқишини ҳамма биларди, лекин маҳалланинг ўртасида қурилди. Энди ҳар йили бу муаммо кун тартибига чиқяпти. Заводни бошқа жойга кўчирайлик деса хитойлик ҳамкорлар биз бунга керакли пулни тикиб бўлганмиз, йўқ дейишяпти. Шунинг учун ҳам бу муаммо боши берк кўчага кириб қолган”.
"Қўл-оёғи боғланган қўмита"
Ўзбекистон экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг Қашқадарё вилоят бошқармаси аҳоли норозилиги ортидан бир неча бор корхонани жаримага тортган, лекин арзимас жарима пулини тўлаб корхона фаолиятини давом эттирган.
Озодлик қўмитанинг Қашқадарё вилояти бошқармаси бошлиғи Қаҳрамон Нормуҳаммедов билан боғланди, бу масалага муносабатини сўради. Нормуҳаммедов саволни эшитгач, машина рулида эканлиги, кейинроқ қўнғироқ қилишимизни сўради. Аммо, мулозим кейинги қўнғироқларга жавоб бермади.
Ўзбекистон экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг матбуот хизмати телефонлари гўшагини ҳам ҳеч ким кўтармади.
Қўмитада ишлайдиган, исми сир қолишини сўраган мулозимлардан бирининг Озодликка айтишича, Ўзбекистонда экологлар фақат номигагина бор, уларнинг талабларини эса ҳеч ким писанд ҳам қилмайди ва бажаришни ҳам истамайди:
"СанПиН” қоидасида Ўзбекистон бўйича инсон организимига салбий таъсир қиладиган энг кучли корхоналар тўртта категорияга бўлинган. Энг кучлилари, цемент завод, металл завод, терини қайта ишлайдиган завод. Булар энг хавфли, шунинг учун ҳам камида бир километр масофада қурилиши керак. Лекин Қаршидаги тери заводи ҳам, Гулистон шаҳридаги металлни қайта ишлаш заводини қуришда ҳам бу қоидаларга, қўпол қилиб айтганда, тупурилган. Нега шундай? Масалан, инвестиция киритмоқчи бўлган компания газ, свет, сув узлуксиз бўлсин деган талаб қўяди. Маҳаллий ҳокимлар эса эски биноларни текинга оляптида, аҳоли талаби ҳисобга олинмасдан қуриб ташланяпти”.
Экологнинг айтишича, уларнинг “қўл-оёғи” боғлаб қўйилган:
“Бизни шундай қилиб қўйишганки, масалан бирор корхонага текширувчи орган бўлиб тўғридан-тўғри киришга ҳаққимиз йўқ. Омбудсмен деган бир валломат ташкилот бор. Биз унга аҳолининг арз-додларини қўйиб жўнатишимиз керак. Агар Омбудсмен рухсат берсагина киришимиз мумкин. Ўшанда ҳам кириб фақат жарима қилишимиз мумкин. Ўн минимал иш ҳақи жарима 2-3 миллион сўм бўлади, унга ари чаққандай ҳам таъсир қилмайди. Жаримани тўлайди-да, экологияни бузишда давом этади. Биз ҳамма йўлини қилиб кўрганмиз, одамларнинг касалга чалинаётгани ҳақида поликлиникалардан справка олганмиз, одамларни аризаларини тикканмиз, масалан ўшанақа жойларда юрак ва нафас олиш билан боғлиқ касалликлар кўпаяди. Лекин Омбудсмен валломат фақат тадбиркорнинг ёнини олади. Бир марта рухсатсиз кирган эдик, бизни ўзимизни жарима қилиб ташлади”.
Экологнинг иддао қилишича, Омбудсменга ҳам юқоридан тадбиркорга тегмайсан, у инвестиция олиб келяпти, ишчи ўрин яратяпти”, деган топшириқ берилган:
“Инсоннинг соғлиғи ҳисобидан ривожланиш қилиб бўлмайди. Қарши чарм заводи ҳам худди шундай. Болалар касалланиб нимжон бўлиб боряпти, ҳомиладор аёллар бола ташлаяпти, юрак-томир касалликлари ошиб кетган. Лекин пул ва фойда бор жойда одамларнинг соғлиғи муҳим бўлмай қолди. Қўмитамизнинг қўли ана шундай боғланган. Ҳатто бонг ҳам уролмаймиз. Чунки бизда ҳаммаси ҳукуматдан бошқарилади. Экологик партиямиз ҳам борлигини кўплар билмаса керак. Бизни ҳам мажбуран аъзо қилиб қўйишган. Лекин у ҳам худди қолган тўртта чўнтак партия сингари бир муаммони очиқ кўтариб чиқмайди. Экология қўмитасининг асосий иши эса фақат чиқинди, яъни комхознинг иши бўлиб қолди. қаерда дарахт кесилса, ўшани бориб жарима қилиб келади, тамом. Катта муаммоларни ҳал қилолмайди. Зараркунанда тадбиркорлар эса ҳукумат миқёсида ҳимояланган!”.
Форум