Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 03:00

ЕИдан Марказий Осиёга экспорт 300 % ўсди. ЕИ товарларнинг Россияга реэкспортига тўсиқ қўймоқчи


Европа Иттифоқининг санкциялар бўйича махсус вакили Дэвид О’Салливан. Бишкек, 28 март, 2023
Европа Иттифоқининг санкциялар бўйича махсус вакили Дэвид О’Салливан. Бишкек, 28 март, 2023

Европа Иттифоқининг санкциялар бўйича махсус вакили Дэвид О’Салливан ташкилотга аъзо давлатлардан Марказий Осиёдаги Россияга ҳамкор давлатларга экспорт ҳажми 300 фоизга ўсганини билдирди. Бу ҳақда 28 март куни Бишкекдаги матбуот анжуманида гапирган Салливан ЕИни бу товарлар ҳаракатининг сўнгги нуқтаси қизиқтираётганини таъкидлади.

Салливан Россияга қарши жорий этилган санкцияларни қўлламаган давлатлар Москва учун санкцияларни четлаб ўтиш воситаси бўлмаслиги лозимлигини қайд этди. Унга кўра, Европа Иттифоқи Украинага босқин ортидан Россияга нисбатан санкцияларнинг ўнинчи пакетини тасдиқлаган.

“Бизнинг вазифамиз санкцияларнинг самарадорлигини таъминлашдир. Савдо ҳажмини таҳлил қилганимиздан сўнг жуда катта ўсиш бўлганини кўришимиз мумкин, авваллари бундай бўлган эмас. Қирғизистон ҳам савдо ҳажми ўсган давлатлардан бири. Бироқ Қирғизистон бу йўналишдаги ягона мамлакат эмаслигини таъкидламоқчиман. Мен Бирлашган Араб Амирликларида, Туркияда бўлдим. Қозоғистон, Ўзбекистон, Грузия ва Арманистонга ҳам бормоқчиман”, деди Салливан.

ЕИ расмийси Марказий Осиёга экспорт қилинаётган товарларнинг 770 туридан Россия урушда фойдаланиши мумкинлигини айтди. У экспорт қилинаётган товарларнинг Россияга сотилиши олдини олиш мақсадида Қирғизистон раҳбарияти билан музокаралар ўтказишини билдирди.

Ўтган йилнинг февралида Россия Украинага бостириб кирганидан сўнг АҚШ Молия вазирлиги санкция жорий этилган маҳсулотлар Россия ва Беларусь бозорига Марказий Осиё давлатлари, жумладан, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон орқали реэкспорт қилиниши мумкинлигини эҳтимолдан соқит қилмаган. Шу муносабат билан минтақа давлатлари Россияга санкцияларни четлаб ўтишга кўмаклашиши мумкин бўлган мамлакатлар рўйхатига киритилган.

АҚШ Молия вазирлиги ҳужжатида санкция жорий қилинган товарлар Марказий Осиё давлатларига хом ашё қатори қонуний йўллар билан сотилиши мумкинлиги, аммо уни Россияга реэкспорт қилиш тақиқланиши белгилаб қўйилган.


27 март куни The Telegraph Европа Иттифоқи Россияга санкцияларни четлаб ўтишга кўмаклашган мамлакатлар, ширкатлар ва шахсларга нисбатан савдо чекловлари жорий қилиш масаласини муҳокама этаётгани тўғрисида хабар берган эди. Нашрнинг билдиришича, бу борада унинг ихтиёрига махфий ҳужжат келиб тушган.

Ҳужжат қабул қилинса, Россияга санкция остидаги товарларни реэкспорт қилган мамлакатлар, юридик ва жисмоний шахсларнинг Европа Иттифоқи бозорига кириши чекланади.

The Telegraph ҳужжатда, жумладан, Европа Иттифоқидан Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистонга, Марказий Осиё мамлакатларидан эса Россияга экспорт камида 60-80 фоизга ўсгани қайд этилганини таъкидлайди. Европа Иттифоқи бу ҳолат “Россияга санкцияларни четлаб ўтишда” кўрсатилаётган ёрдам бўлиши мумкинлигидан ташвишланмоқда.

Нашрнинг ёзишича, бу ерда Европа Иттифоқидан Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистонга сотилаётган “икки мақсадли” техника - кир ювиш машиналари, эски автомобиллар ва фотокамералар назарда тутилмоқда. Бу техникалар демонтаж қилиниб, улардан олинган яримўтказгичлар ва бошқа эҳтиёт қисмлардан Россия шикастланган ҳарбий техникасини таъмирлашда фойдаланаётган бўлиши мумкин.

Аввалроқ Reuters агентлиги Россия компаниялари сўнгги ҳафталарда қозоқ ҳамкорларидан Ғарб санкцияларини четлаб ўтиб, зарур товарларни импорт қилишда ёрдам сўраётгани тўғрисида ўз манбаларига таяниб хабар берган эди.

Туркия ўтган ой АҚШнинг кимёвий моддалар, микрочиплар ва бошқа ускуналарни Россияга экспорт қилмаслик ҳақидаги огоҳлантиришларидан кейин Россия урушда фойдаланиши мумкин бўлган маҳсулотларни экспорт қилмаслигини билдирди.

Анқара Туркия ҳудудида ёки Туркия орқали Ғарб санкцияларини четлаб ўтишга йўл қўймаслигини ва бунинг олдини олиш учун чоралар кўраётганини маълум қилди.

Форум

XS
SM
MD
LG