Линклар

Шошилинч хабар
15 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:44

"Эко ҳашар" доирасида бюджет ходимлари 1 миллион сўмга арча кўчати олишга мажбурланмоқда


Асакада ободонлаштириш ишлари учун маҳаллалар фаоллари ҳам жалб қилинган. Асакалик фаоллардан бири тақдим этган фотосурат.
Асакада ободонлаштириш ишлари учун маҳаллалар фаоллари ҳам жалб қилинган. Асакалик фаоллардан бири тақдим этган фотосурат.

Андижон вилояти Асака туманида ободонлаштириш ишлари учун корхона ва ташкилотлар раҳбарлари ўз ҳисобидан 50 тадан 500 тагача арча, мевали ва манзарали дарахт сотиб олишга мажбурланмоқда.

Маҳаллий фаоллардан олинган бу хабарни тасдиқлаган туман ҳокимияти расмийси исми сир қолиши шарти билан ободонлаштириш ишлари учун давлат бюджетидан пул ажратилгани, аммо бу пул қаерга йўқолганини ҳеч ким ҳокимдан сўрашга ботина олмаётганини айтди.

Ҳокимлик вакилига кўра, Асакада нафақат корхона ва ташкилотлар, маҳалла қўмиталари, балки ҳокимлик ходимларининг ўзи ҳам ўз ёнларидан камида 1 миллион сўмлик арча ва манзарали дарахт кўчатлари сотиб олишга мажбурланмоқда.

"50 та арча кўчатини 1 миллион сўмга сотиб олишга мажбур қилишди"

Асака туманидаги мактаб директорларидан бирининг Озодликка айтишича, шахсан ўзига туман ҳокимияти 50 та арча кўчатини сотиб олиш мажбуриятини юклаган. Каттароқ корхоналардан эса, уларнинг молиявий салоҳиятидан келиб чиққан ҳолда, 500 тагача кўчат сотиб олиш мажбурияти юкланган.

“Андижон вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов ташаббуси билан 25 февралдан бошлаб вилоятда "Эко ҳашар” кўчат экиш акцияси бошланди. Бу акция ҳозир ҳам давом этмоқда. Менга 50 та арча сотиб олишим кераклигини буюришди. Битта арчанинг нархи 20 минг сўм бўлаяпти. Мен бир миллион сўмга арча олишим керак”, деди ўз исми сир қолишини сўраган мактаб директори.

Асакалик маҳалла фаолларидан бири ҳам Озодлик билан суҳбатда ҳар бир ҳудудга қанчадан кўчат экиш тақсимлангани, маҳалла қўмиталарига ҳам ҳудудлар бириктирилиб, ўша ерга кўчат етказишни таъминлаш талаб қилинаётганини айтди:

“Масалан, биз 500 та кўчат экишимиз керак. Бу фақат кўча бўйларига. Бундан ташқари¸ ҳар бир ҳовлига учта-тўрттадан кўчат эктиришимиз керак. Ҳаммасини ўз ҳисобимиздан олишимиз керак экан. Бундан ташқари¸ кам таъминланган оилаларга ҳам кўчатларни ўз ҳисобимиздан олиб беришимизни айтишди”.

"Ободонлаштириш бўлими раҳбари кўчатлар қайси пулга сотиб олинаётганини айтишдан бош тортмоқда"

Озодлик 4 март куни Асака туман ва шаҳар ҳокими билан боғланиб¸ бу хабарларга изоҳ олишга уринди.

4 март куни Асака тумани кенгаши сессияси бўлаётгани ва бу сессияда ҳоким Э. Якубов ўрнига Бўстон туман ҳокими И.Мамадалиев тайинлангани муносабати билан туманнинг биринчи раҳбарлари билан боғланиш имкони бўлмади.

Туман ободонлаштириш бўлими раҳбарияти эса Озодлик мухбирига бу масалада маълумот беришдан бош тортди. Асакалик блогер Отабек Нуритдинов ҳам Озодлик билан суҳбатда туман ободонлаштириш бўлими бошлиғи кўчатлар кимнинг ҳисобига олинганини айтишдан қочаётганини таъкидлади.

“Бугун (4 март) мен махсус кўчат экилаётган жойлардан бирига бордим. Ўша ерда ободонлаштириш бўлими бошлиғи ўзи раҳбарлик қилиб кўчат эктираётган экан. Унинг олдига келиб: “Кўчатларни қайси ташкилот ва кимнинг ҳисобидан сотиб олди?” деб савол бердим. Аммо у жавоб бермасдан қочиб кетди. Унинг қўл остидагилар ҳам, ўринбосари ҳам бу ҳақда ҳеч қандай маълумот бермаяпти”.

"Бюджетдан ажратилган пул қаерга йўқолди?"

Айни пайтда туман ҳокимиятининг масъул ходимларидан бири исми сир қолиши шарти билан Асакада корхона ва ташкилотлар раҳбарларига кўчат сотиб олиш мажбурияти юкланганини тасдиқлади:

“Ҳа, шундай бўлаяпти. Туман ҳокимиятидаги ходимларга ҳам бу мажбурият юкланган. Масалан¸ мен 1 миллион 200 минг сўмлик кўчат олиб бердим. Бу шахсан менга юклатилган мажбурият эди”, - деди туман ҳокимлиги мутассаддиси.

Унга кўра, арча, мевали ва манзарали дарахтлар ниҳолларини муайян ширкатдан сотиб олиш талаб қилинмаяпти.

“Кўчатларни бозордан ёки ўзимиз хоҳлаган бошқа жойлардан сотиб олаяпмиз. Ҳеч ким мана бу ердан сотиб оласан, деб мажбурламаяпти. Аммо пешона тери билан топган маошимнинг деярли ярмидан кўпроғини берганим алам қилаяптида! Мантиқ бўйича ободонлаштириш ишларига Молия бўлими бюджетдан пул ажратиши лозим эди. “Ўша пул қаерга кетди?” деб сўрашга эса ҳеч ким ботина олмаяпти”, -деди Асака туман ҳокимлиги масъул ходими.

Мазкур ходим суҳбат давомида шаҳарни ободонлаштириш учун бюджетдан пул ажратилгани ҳолда¸ бу маблағнинг ўзлаштириб юборилганини иддао қилди.

"Юқоридагилар "Бу пулларга кўчат олдик", деб расмийлаштириб, ўзларига қарашли фирмалардан бирига ўтказишади. Яъни бу пулни ноқонуний ўзлаштиришади. Бу биринчи марта бўлаëтгани йўқ”.

Озодликда Асака туман ҳокимияти ходимининг бу иддаосини тасдиқловчи ҳужжат ҳозирча мавжуд эмас.

Аввалги ҳолатлар

25 февраль куни Озодлик айни шундай мажбурий ободонлаштириш кампаниясининг Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳрида ҳам кузатилгани ҳақида ёзган эди.

Олмалиқдаги айрим мактаб раҳбарлари Озодлик билан суҳбатда кўчат сотиб олиш ва бунинг учун ота-оналардан пул йиғиш шаҳар ҳокимлиги ва Халқ таълими бўлими раҳбарлари буйруғи билан бораëтганини билдирган эди.

“Бозорда 5 минг сўм турадиган кўчатни булар 25-30 минг сўмдан олдираяпти. Ҳар бир синфга бешта кўчат олиш айтилган. Унақа- бунақа кўчат бўлмас экан, фақат ҳокимлик ажратган кўчатни сотиб олиш керак экан”, деб айтган эди ўшанда суҳбатдошлардан бири.

Икки йил аввал Хоразмнинг Шовот туманидаги мактабларда ҳам ўқитувчиларга арча кўчатлари мажбурлаб соттирилган. Кузга бориб эса кўчатлар қуриб қолган.

Мактабларда сарғайиб қуриган арчаларни бўяш учун ўқитувчилардан яна пул йиғилган эди.

Ўтган ой Тошкент шаҳар Яккасоарой туманида 100 га яқин дарахтнинг ноқонуний кесиб ташланганига жавобан шаҳар прокурори пойтахтнинг ҳар туманида 1 миллиондан кўчат ўтқазиш ташаббуси билан чиққан эди.

Тошкентлик журналист Сергей Ежков¸ бундай кўчатсеварлик ташаббуси ортида муайян гуруҳларнинг пул¸ хусусан¸ давлат маблағларини ноқонуний йўл билан ўзлаштириш режаси ëтганини тахмин қилган эди.

XS
SM
MD
LG