Линклар

Шошилинч хабар
26 декабр 2024, Тошкент вақти: 23:10

Экологлар: Толибон қураётган Қўштепа каналида йирик авария юз берган


Сунъий йўлдошдан олинган тасвирларда Қўштепа каналининг ўпирилган жойи аниқ-тиниқ кўриниб турибди (Rivers.Help! сайтидан олинган фотосурат)
Сунъий йўлдошдан олинган тасвирларда Қўштепа каналининг ўпирилган жойи аниқ-тиниқ кўриниб турибди (Rivers.Help! сайтидан олинган фотосурат)

Афғонистонда Толибон томонидан қурилаётган Қўштепа каналида йирик авария юз берган. “Чегара билмас дарёлар” халқаро экологик коалиция экспертлари сунъий йўлдошдан олинган тасвирлар асосида Амударёдан сув олаётган канал ўпирилиб, катта ҳажмдаги сув атрофга ёйилганини аниқлаганлар. Экспертлар ушбу баҳсли иншоот қурилиши сув заҳиралари етишмаётган минтақа учун ҳалокатли оқибатларга олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантириб келишади.

Rivers.Help! сайти хабарига кўра, “Чегара билмас дарёлар” коалицияси экспертлари 10 декабрдаги сўнгги сунъий йўлдош тасвирларини ўрганиш отидан шундай хулосага келганлар. Экспертларнинг ишонишича, мазкур авария оқибатида катта ҳажмдаги сув Қўштепа канали қирғоғини ўпириб, унинг ёнида сунъий кўл ҳосил қилган.

Амударёдан сезиларли ҳажмда сув олаётган каналнинг биринчи босқичи шу йил октябрида ишга туширилган эди. Экспертлар фикрича, ўпирилиш канал сувга тўла бошлаган илк ойдаёқ содир бўлган ва авария оқибатлари ҳалигача бартараф қилинмаган.

Сунъий йўлдошдан олинган тасвирларда каналдан сизиб чиққан кўп миқдордаги сув атрофга ёйилиб, катта кўл ҳосил қилганини кўриш мумкин (Rivers.Help! сайтидан олинган фотосурат)
Сунъий йўлдошдан олинган тасвирларда каналдан сизиб чиққан кўп миқдордаги сув атрофга ёйилиб, катта кўл ҳосил қилганини кўриш мумкин (Rivers.Help! сайтидан олинган фотосурат)

Тасвирлар Европанинг Sentinel-2 сунъий йўлдоши воситасида олинган бўлиб, уларни ўрганиш жараёнида каналнинг қирғоқ тўғони сув босимини кўтара олмаган ва каналдан сизиб чиққан сув улкан ҳудудга ёйилиб кетган.

“Канал қирғоғини ўпириб чиққан сув кучи ва ҳажми узунлиги тўққиз километрга узанган халқоб ҳосил қилган. Рамзий томони шуки, агар бу улкан кўлмакка орбитадаги сунъий йўлдош оптикаси орқали қарасангиз, у бошқа бир гигант – тираннозавр шаклига эга. Устига устак, янги тавсирлар кўлоб майдони тўхтовсиз катталашиб бораётганини кўрсатмоқда, бу эса толибларда вазиятни тузатиш имконияти ёки истаги йўқлигидан далолат бериши мумкин”, дея қайд этган “Чегара билмас дарёлар” коалициясининг Марказий Осиё бўйича мувофиқлаштирувчиси Александр Колотов.

Айни пайтда Толибон вакиллари Қўштепа каналидаги аварияга оид хабарларга нисбатан расмий муносабат билдиргани йўқ. Бу борада Толибон расмийларидан изоҳ олишга уринган Кобулдаги журналистлардан бирининг Озодликка айтишича, толиблар Қўштепада фавқулодда ҳодиса юз берганини рад этишмоқда. Толибон вакили “канал устидан кўприк қуриш мақсадида маълум ҳажмдаги сув атрофдаги даштликка чиқазилгани”ни, кўприк қуриш ишлари эса бошланганини айтган.

Экологлар Қўштепа канали қурилиши бошидан буён унинг бутун минтақа учун, айниқса Амударё қуйида жойлашган Ўзбекистон ва Туркманистон учун ҳалокатли оқибатларга сабаб бўлиши мумкинлиги хусусида бонг уриб келишади.

Гидрогеология бўйича туркманистонлик экспертлардан бири Озодлик билан суҳбатда зиммасида ҳеч қанақа халқаро мажбурият ва масъулият бўлмаган Толибон ҳаракати томонидан канал қурилиши “ҳақиқий офат”га айланиши мумкинлигини айтган.

Озодликнинг туркман хизматидан исмини ошкор қилмасликни сўраган мутахассисга кўра, бу ўринда Ўзбекистон ва Туркманистон қишлоқ хўжалиги сувнинг анча қисмидан маҳрум бўлиши ҳақида илмий жиҳатдан асосланган маълумотлар бор.

Жорий йилнинг март ойида Озодликнинг ўзбек хизмати “Толибоннинг "ҳалокатли канали". Ўзбекистон нега жим?” сарлавҳали мақола ва видеоматериални эълон қилган эди. Унда мутахассислар мазкур канал учун Амударёдан сув олиниши оқибатида Ўзбекистон сув захираси янада озайиши ва бу қурғоқчиликка сабаб бўлиши мумкинлигидан хавотир билдиришган.

Толибоннинг "ҳалокатли канали". Ўзбекистон нега жим?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:28:42 0:00

Экологлар ҳатто аварияларни ҳисобга олмаган тақдирда ҳам Қўштепа канали Амударё сувларининг 15-20 фоизини олиб қўйишини урғулашмоқда. Амударёнинг юқори қисмида Вахш дарёсида қурилган Роғун ГЭСининг фойдаланишга топширилиши минтақадаги сув билан боғлиқ вазиятни янада мураккаблаштириб юбориши мумкин.

“Келажакдаги муҳтамал сценарийлар ҳақида аниқ тушунчага эга бўлиш ва сув инқирозининг олдини олиш учун Афғонистон ва Тожикистон ҳудудларида ҳозирда қурилаётган мегалойиҳаларнинг барчасини ҳисобга олган ҳолда Амударё ҳавзасидаги барча сув хўжалиги комплекси ривожланиши бўйича стратегик экологик баҳолаш ўтказилиши талаб этилади”, деб ҳисоблайди “Чегара билмас дарёлар” коалицияси халқаро координатори, Янги Жанубий Уэльс университети (Австралия) докторанти Евгений Симонов.

Лойиҳага кўра узунлиги 285 километр, эни 100 метр, чуқурлиги 8 метр бўлган Қўштепа канали қурилиши 2022 йилнинг март ойида бошланган. Октябрь ойида толиблар каналнинг 103-километрга узанган қисмини очиб, уни Амударё суви билан тўлдира бошлашган.

Марказий Осиёда сув захираларидан фойдаланиш минтақадаги бешта мамлакат томонидан 1992 йили Қозоғистонда имзоланган эди.

Бундан ташқари, Амударё ҳавзасидаги сувни тақсимлаш бўйича БМТнинг Трансчегаравий очиқ сув оқилари ва халқаро кўлларни муҳофаза қилиш ҳамда фойдаланишга оид конвенциясига амал қилинади. 1992 йилнинг март ойидан буён амалда бўлган бу халқаро конвенцияга Ўзбекистон 2007 йилнинг 3 декабрида қўшилган.

Афғонистон сув захираларидан фойдаланишга оид минтақавий шартномани ҳам, БМТ конвенциясини ҳам имзолаган эмас.

Форум

XS
SM
MD
LG