Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:26

Йирик ижтимоий тармоқлар экстремистик контентга қарши биргаликда курашади


Экстремизмга қарши кураш доирасида бу йил Twitter микроблогида 200 мингдан зиёд ҳисоб ёпилган (иллюстратив сурат).
Экстремизмга қарши кураш доирасида бу йил Twitter микроблогида 200 мингдан зиёд ҳисоб ёпилган (иллюстратив сурат).

АҚШнинг тўрт йирик технология ширкати ўз онлайн хизматларидан терроричилик билан боғлиқ контентни ўчириш учун ҳамкорлик қила бошлади. 5 декабрь куни YouTube, Facebook, Twitter ҳамда Microsoft ширкатлари ўз сайтларидан ўчирилган видео ва суратларнинг умумий маълумот базасини тузиш ниятида эканликларини эълон қилишди.

Маълумот базасига Facebook хостлик қилади. Ширкатларга кўра, база уларга ўз платформаларидаги ўхшаш постларни осонликча ўчириш имконини беради.

Маълумот базасида сурат ва видеоларнинг “ҳеш” деб аталувчи уникал излари сақланади.

Лойиҳада иштирок этаётган ширкатлар сайтларига юкланган тасвир ва видеолар ҳеши маълумот базасида мавжуд ҳешлар билан солиштирилади. Агар юкланган сурат ёки видео маълумот базасида мавжуд бўлса, тегишли ширкатга бу ҳақда хабар келади. Бунинг ортидан ширкат ходимлари савол остидаги контентни кўриб чиқади.

Қўшма лойиҳа кейинги йилдан ишга тушади. Келажакда унга янги ширкатлар жалб қилиниши мумкин.

Facebook эълон қилган билдирувда: “Умид қиламизки, глобал миқёсда долзарб бўлган Интернетдаги террорчилик билан боғлиқ контентини озайтириш бўйича қонун-қоидаларимизни йўлга қўяр эканмиз, мазкур лойиҳа бу соҳада самарадорлигимизни оширишга йўл очиб беради”, дейилади.

Twitter матбуот котиби: “Бизнинг истеъмолчилар учун мўлжалланган хизматларимизда террорчиликни тарғиб қилувчи контент учун ўрин йўқ”, деди. Котиб янги ташаббус энг экстремистик ҳамда даҳшатли сурат ва видеоларни мўжлалга олишини қўшимча қилди.

Ғарб давлатлари ҳукуматлари тенхология ширкатларини террор ташкилотлари ҳамда ўнг қанот гуруҳлар билан боғлиқ контентни ўчириш учун кўпроқ курашишга чорлаб келади.

Европа Иттифоқи эса агар технология ширкатлари тезроқ чора кўрмаса, нафрат ва миллатчилик билан йўғрилган контентни ўчириш бўйича янги қонун жорий қилиши ҳақида огоҳлантирган.

“Исломий давлат” жангари гуруҳи учун ижтимоий тармоқлар одам ёллаш учун қулай платформага айланган. Гуруҳ бундай тармоқлардаги фаолияти ёрдамида глобал миқёсда ўзига хайрихоҳларни радикаллаштириб, жойларда террор ҳужумларини амалга оширишга чорлаб келади.

YouTube ва Facebook каби бир неча ширкат ўз хизматларидаги экстремистик постларни автоматик равишда ўчиришни йўлга қўйган.

Аммо аксар провайдерлар шу кунгача эътирозли материалларни ўчиришда фойдаланувчилар арзларига таяниб келади. Одатда, фойдаланувчилар эътирозига сабаб бўлган постларни тегишли ширкат ходимлари бир-бирдан кўриб чиқади.

Февралдан августгача бўлган муддат ичида Twitter 235 минг ҳисобни тўхтатиб қўйди ҳамда эктремистик постларни назорат қилувчи гуруҳлар сонини оширди.

Йирик АҚШ технология ширкатларини ўз ичига олувчи халқаро гуруҳ ўтган ҳафтада эълон қилган ҳисоботда ёзилишича, Интернетда экстремистик контентнинг тарқалишига қарши курашиш истагидаги ҳукуматлар ўз фаолиятлари давомида сўз эркинлиги ҳамда айрим ҳуқуқларни поймол қилишлари мумкин.

Халқаро гуруҳ 30 ноябрь куни ҳукуматлар шиткатларни ўз қоидаларини ўзгартиришга мажбурламаслиги кераклигини ҳамда контентни фильтрлаш мавжуд қонунларга мувофиқ бўлиши лозимлигини таъкидлади.

“Глобал тармоқ ташаббуси” деб аталувчи ушбу гуруҳга аъзолари орасида Microsoft, Facebook, Google, LinkedIn ҳамда Yahoo каби ширкатлар бор.

XS
SM
MD
LG