30 январь куни блогер ва жамоатчилик фаоли Элдор Эркин шикоят аризасини кўриб чиққан Москва шаҳар суди уни депортация марказида қолдириш қарорини кучда қолдирди.
Ўзбекистон ИИВ си томонидан “фирибгарлик”да айбланиб¸ халқаро қидирувга берилган Элдор Эркин 7 ойдан буён “миграция қоидаларини бузганлик” айби билан Россия ҳибсхонасида сақланмоқда.
Айрим ҳамкасблари Элдор Эркин Ўзбекистон расмийларини жиддий танқид қилгани ва жамоатчилик фаолияти учун босимга учраганини иддао қилмоқда.
Бундан бир ой олдин Россия Бош прокуратураси Элдор Эркинни Ўзбекистонга бериш сўровини рад қилган эди.
Москва шаҳар судининг 30 январь куни чиқарган қарори билан “Ватандош” телеканали бошловчиси, Элдор Эркин тахаллуси билан фаолият юритган жамоатчилик фаоли Элдор Ғаниев Сахарово депортация марказида қоладиган бўлди.
Шаҳар суди асли фарғоналик блогер устидан қуйи инстанция суди чиқарган депортация тўғрисидаги маъмурий жазони кучда қолдирди.
“Маҳкама Ғаниев Э.Э.Ўзбекистонга чиқариб юборилса¸ у ерда қийноқларга солиниши ва ғайриинсоний муносабатга учраши тўғрисидаги Ғаниевнинг сўзлари ҳеч нарса билан тасдиқланмаган, деб ҳисоблайди. Ғаниев Элдор Эркинович Россия Маъмурий қонунбузарликлар тўғрисидаги Кодекснинг 18.8 моддаси 3.1 қисмини бузганликда айбдор топилсин ва унга 5000 рубль миқдорида жарима солиниб, Россия Федерацияси ташқарисига бадарға қилиш чораси қўллансин”, дейилади Озодликка тақдим этилган суд қарорида.
Суд жараёнида қатнашган “Ватандош” телеканали бошловчиси ва оператори Акмал Баратов Элдор Эркин 2019 йилнинг июнь ойидан буён ушлаб турилганини айтди.
- Ҳозир у Сахароводаги депортация марказида ушлаб турилибди. Суд уни ушлашда полициячилар йўл қўйган хатоларга эътибор бермаяпти. Ўзбекистонда унга нисбатан пора олгани ҳақида Фарғона ИИБси томонидан иш очилган. Қидирувга берилган ва Россия Бош прокуратураси бир ой олдин Элдор Ғаниевни Ўзбекистонга бериб юбормаслик ҳақида қарор чиқарган. Лекин прокуратура қарорини қўлига олиши билан полиция уни “регистрация қайдини буздинг”¸ деб депортация марказига жўнатди, дейди Акмал Баратов.
Акмал Баратов “Элдор Эркин ижтимоий тармоқлардаги танқидлари ва блогерлик суриштирувлари орқали айрим ўзбек амалдорлари босимига учраганини” тахмин қилади.
- У Youtubeга чиққанидан кейин бошланди ҳаммаси. Ўзбек консулини танқид қилиш, элчихонани ёмон ишлаши ҳақидаги видеолари Россия Youtubeда биринчи ўринларга чиқиб кетганди. У кўп нарсаларни чоп этишга улгурмади. Мақсад – унинг оғзини ёпиш эди! Нима бўлса ҳам уни бадном қилиб, машҳур бўлишига қарши иш олиб борилди. Бундан ташқари, у депутатликка номзодини қўймоқчи эди. У Ўзбекистонда ахборот воситаларига йўл очилгани учун қайтмоқчи ҳам эди.
Айни пайтда суҳбатдош охирги пайтларда блогер, журналист ва эркин фикрловчиларга нисбатан бошланган босимлар уни Ўзбекистонга қайтиш фикридан қайтарган эди, деб қўшимча қилди.
“Ватандош” мухбири Сахарово Хориж гражданларини сақлаш марказида ушлаб турилган Элдор Ғаниев-Эркин тушкун ҳолатда эканини билдирди.
- “Сахаровода турмадан ҳам баттар шароитлари – совуқ, қорнимиз тўймайди”, деяпти. Аҳволи жудаям оғир – тушкунликка тушган. “50 кириб, фарзандларимни кўрмай юрибман. Мендақалар сон мингта!” Ҳақиқат излаб, уни топа олмаган одам аҳволида. Фарзандлари, невараларини соғиниб, қийналгани кўриниб турибди, деди Акмал Баратов.
Судда сўзга чиққан Элдор Эркин Ўзбекистонга юборилса қийноқларга солиниши ва ҳатто ўлдирилиши хавфи борлигини тахмин қилишини айтган.
Озодлик саволларига телефон орқали жавоб берган Элдор Эркин бирорта жиноят содир этмагани ва унга нисбатан махсус буйруқ бўлганини иддао қилди.
Блогер Элдор Эркин ҳимоячилари Москва шаҳар судининг бу қарори устидан Россия Олий суди ва Европанинг Инсон ҳақлари судига мурожаат қилишни режаламоқда.