Линклар

Шошилинч хабар
26 декабр 2024, Тошкент вақти: 07:10

Газ ва электр қимматлаши ортидан баъзи тадбиркорлар ишлаб чиқаришни тўхтатди


Чиқиндиларни қайта ишлайдиган баъзи тадбиркорлар ҳам электр қуввати учун тарифлар ошгани боис ўз ишини тўхтатди.
Чиқиндиларни қайта ишлайдиган баъзи тадбиркорлар ҳам электр қуввати учун тарифлар ошгани боис ўз ишини тўхтатди.

Вазирлар Маҳкамасининг "Табиий газ ва электр энергияси етказиб бериш ва реализация қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ортидан баъзи кичик тадбиркорлар ишлаб чиқаришни тўхтатди. Озодлик суҳбатлашган Тошкент ва Урганчдаги икки тадбиркор айнан шу қарор боис ишлаб чиқаришни тўхтатганини айтиб берди.

Тадбиркорлардан бири, 46 яшар Улуғбек Урганчда бетондан тротуар учун декоратив брусчатка ишлаб чиқаради. Озодлик билан суҳбаатда Улуғбек вақтинча ишлаб чиқаришни тўхтатганини айтди:

- Тўловлар ошгандан кейин брусчатка ўзини оқламай қолди. Таннарх ошди. Брусчатка ишлаб чиқаришда ҳам газ¸ ҳам электр сарфи катта. Брусчатка катта босимли буғ ëрдамида ҳосил бўлади. Станок эса электр билан ишлайди. Газ нархи тўрт марта ошди. Ҳозир тўхтатдим ишлаб чиқаришни¸ деди тадбиркор.

Яна бир тадбиркор эса, Тошкентда яшайди. Озодлик билан суҳбатда 40 яшар Шуҳрат пластик гранулалардан тўшама ва қоплама махсулотлар ишлаб чиқариб келгани ва шу кунларда ишини тўхтатганлигини таъкидлади:

- Пластик гилам ва бошқа қопламалар ишлаб чиқариш жараëнида кўп миқдорда электр сарфланади. Бош вазирнинг декабрдаги 1025-сонли қарори асосида электрга пул тўлаш биз учун фойда келтирмайдиган бўлиб қолди. Ой учун 100 фоиз предоплата қилинг дейишди. Лимит қўйишди. Лимитдан ошсанг яна тўлов. Час-пикда электр қўллансанг қиммат тариф. Ишни тўхтатдим¸ деди суҳбатдош.

Ишчилар бекор қолди

Бу икки тадбиркор қўлида ишлайдиган йигирмага яқин ишчи шу кунларда бекор қолишган. “Баҳоргача кутаман агар вазият ўзгармаса ишчиларни бўшатиб брусчатка ишлаб чиқарадиган техно-линияни сотиб юбораман”, деди урганчлик Улуғбек Озодлик билан суҳбатда.

Бошқа тадбиркорлар ҳам тараддудда

Улуғбекнинг айтишича¸ вилоятда оҳак ва шпаклевка ишлаб чиқарадиган цехлар ҳам ¸ энергия учун тўловлар ортгани боис ишини тўхтатган.

Бош вазир Абдулла Арипов 2017 йилнинг 27 декабрида имзолаган қарор иловасида “Табиий газ ва электр энергиясини реализация қилишда уларга нисбатан нарх белгилашнинг алоҳида тартиби белгиланган” ташкилотлар рўйхати келтирилган.

Қурилиш учун зарур гипс-картон, керамика плиталари, брусчатка, керамик черепица, ва қувур ишлаб чиқарувчи корхоналарга ҳам электр ва газ учун оширилган тўлов белгиланган.

Қурилиш молларининг нарҳи ошади

Тошкентдаги қурилиш моллари бозорида ишлайдиган ва ўзини Саидазим Отабеков деб таништирган савдогар назарида бу қарор қурилиш моллари қимматлашуви ва маҳаллий ишлаб чиқариш пасайишига олиб келади:

- Қувур¸ черепица деган молларни ўзимиздаги цехларда чиқаришади. Ҳатто кафель плиталаримиз Испаниядаги плиталар даражасига ҳам етиб қолувди. Энди булар ишни тўхтатса бозордаги нарҳлар ошади. Қозоғистондан олиб келиб сотамиз¸ қозоқ тадбиркорини янада бойитадиган қарор бўлибди бу, - деди маҳаллий савдогар Озодлик билан суҳбатда.

Газ ва электрга қарам бўлмаган цехларга яшил чироқ ëқиладими?

Қорақалпоғистоннинг Амударë туманида ишлайдиган ва ўзини Наврўзбек деб таништирган тадбиркорнинг айтишича¸ бу қарор ишлаб чиқаришнинг “электр ва газга қарам бўлмаган” турлари учун стимул бўлишини уқтирди:

- Мен газ ва электр ишлатмасдан пишиқ ғишт ишлаб чиқардим. Хом ғиштлардан ота бува услубида ҳумбуз ясаб ғишт пиширдим. Кўмир кетди ҳолос. Бизда газнинг босими бўлмагани учун шу ишга қўл урувдим. Бугун ҳисоблаб кўрсам, ўзини оқлаб фойда олиб келяпти¸ деди тадбиркор.

Наврўзбек ўзи билмаган ҳолда Бош вазир қароридаги бир бандни тарғиб қилди:

Қарорда ёқилғининг муқобил турларидан (кўмирдан) фойдаланиш тўғрисида хулосалар берилишини таъминлаш кўрсатилган.

***

Ўзбекистонда 2018 йил 1 январдан тадбиркорлар фойдаланилган табиий газ учун тўловларни янги тарифлар бўйича амалга оширади. Бу ҳақда «Ўзтрансгаз» АЖ га таяниб, Kun.uz хабар қилди.

«Ўзтрансгаз» Акциядорлик жамияти шуни маълум қиладики, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 28 декабрдаги «Табиий газ ва электр энергияси етказиб бериш ва реализация қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 1025-сонли қарорига мувофиқ истеъмолчиларнинг айрим тоифаларига 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб табиий газ учун оширилган тарифлар белгиланди», дейилган хабарда.

Эндиликда, пиширилган ғишт, асфальт, цемент ишлаб чиқарувчи, гипс ва оҳактош қазиб олиб, қайта ишловчи, бетон ва темир-бетон ишлаб чиқарувчи корхоналар, иссиқхона ва иссиқхона-парник хўжаликлари, чинни ва фаянсдан буюмлар ишлаб чиқарувчи корхоналар, гипс-картон, йўлакбош ва керамика плиталари, брусчаткалар, керамик ва цемент-қум черепицалар, қуруқ қурилиш аралашмалари, шунингдек, қувур буюмлари ишлаб чиқарувчи корхоналар, муайян хизматлар кўрсатувчи ресторанлар, кафелар ва бошқа умумий овқатланиш объектлари (меҳмонхоналар ва уларга тегишли бўлган объектлар бундан мустасно)га табиий газ тўлови 1 куб.м учун 1000 сўм этиб белгиланди.

Маълумот учун, бунгача, 2017 йилнинг 15 июлидан эътиборан истеъмолчи ташкилотлар учун 1 куб.м табиий газ нархи 263,4 сўм эди. Шу тариқа, нархлар табиий газ учун қарийб 4 баравар ошмоқда.

Эндиликда, рўйхатда санаб ўтилган ишлаб чиқарувчилар харажатлар ошишига мос равишда маҳсулотлар нархини ҳам кескин кўтаришини кутиш мумкин.

Ҳозирча аҳолига етказиб бериладиган табиий газ тарифлари оширилгани ҳақида маълум эмас. Охирги марта, ўтган йилнинг ёзида аҳолига бериладиган табиий газнинг 1 кубометри ҳисоблагич бўлган ҳолда 246,1 сўмдан 263,4 сўмга ошганди.

Ҳукумат қарорига биноан, юқорида тилга олинган корхоналар учун электр қуввати тарифлари ҳам оширилган.

XS
SM
MD
LG