Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 02:28

Косонсой поликлиникасида 15 кундан бери свет йўқ


Наманган вилояти Косонсой тумани марказий поликлиникасида 15 кундан бери свет йўқлигидан айрим врачлар уйидан аккумулятор олиб келиб ишламоқда. Вазиятдан азият чекаëтган косонсойликлардан келган бу хабарни туман тиббиëт бирлашмаси расмийси ҳам¸ туман электр тармоқлари ходими ҳам билвосита тасдиқлади. Айни пайтда¸ иккала расмий идора айбни бир-бирига тўнкашга уринди.

“Косонсой марказий поликлиникасида 15 кундан бери свет йўқ. Касаллар хор-зор. Ўзбекистон тиббиëти шу қадар оқсоқки¸ оддий светни 15 кунлаб беролмайди. Физиотерапея¸ ЛОР¸ окулист¸ ҳамма врачлар касал қабул қилишга қийналишмоқда. УЗИ¸ ФГДС врачлари уйларидан аккумулятор олиб келиб ишлатмоқда. Бошлиқлар қаерга қараяпти?” дейилади косонсойликлар бири шахси сир қолиш шарти билан йўллаган маълумотда.

Косонсой марказий касалхонаси ва марказий поликлиникасида электр билан боғлиқ муаммолар мавжудлигини туман электр тармоқлари ва тиббиëт бошқармаси расмийси тасдиқлади.

Аммо иккала томон айбни бир-бирига юклаб¸ ўзини оқлашга уринди:

- Трансформатор куйиб қолган эди. Иккинчисини ишга туширдик. Биз трансформаторгача электр энергиясини еткизиб берамиз. Ундан у ëғидаги кабелларга ўзларининг электромонтëрлари қарайди. Биз ички томонга қарамаймиз. Бизда чегара нуқтаси бор. Чегарагача етказиб берамиз¸ у ëғига ўзлари қарайди. Биз туман тиббиëт бирлашмаси билан шартнома қилганмиз. Шартномада кўрсатилган¸ электр таъминоти корхонаси фалон нуқтагача хизмат кўрсатади. Бу нуқтадан у ëғига ўзи хизмат кўрсатади. Трансформатордан у ëғигабиз эмас¸ улар қарайди. Қарашга бизнинг ҳаққимиз йўқ¸ деди Косонсой электр тармоқлари корхонаси мутахассиси.

Косонсой тиббиëт бўлими масъули эса¸ электр таъминотида муаммо юзага чиққани¸ марказий касалхона тўрт соат¸ марказий поликлиника эса¸ атиги уч кун электрсиз қолганини билдирди:

- Ëмғирда трансформатор портлаб¸ фақат битта линия қолган. Трансформатор бизнинг балансимизда эмас¸ РЭСни балансида эди. Тикланди. Марказий шифохонани тиклаш учун тўрт соат вақт кетди. Поликлиникада 3-4 кун свет бўлмади¸ деди Косонсой тиббиëт бирлашмаси вакили.

Марказий поликлиника врачларидан бири ўз шахси очиқланмаслиги шарти билан¸ электр муаммоси бартараф этилмагани¸ хусусан¸ физиотерапея кабинетларига ҳалигача электр қуввати берилмаëтганини билдирди:

- Муаммо ҳал этилгани йўқ. Трансформатор куйганидан кейин¸ қуввати кичкинасини қўйишган. Поликлиникада ҳар хил аппаратлар бор¸ уларнинг ҳаммасига электр керак. Бунга трансформаторнинг кучи етмайди. Шунинг учун физиотерапея кабинетларига свет беришмаяпти. Бу электр тармоқларининг иши¸ бу ерда врач ва ҳамширалар ишлайди. Биз электр бўйича мутахассис бўлмасак¸ трансформатор учун биз масъул бўлмасак. Электр тармоқлари муаммони ҳал қилишни хоҳламаяпти. Ўртада врачлар ҳам ишини қилолмаяпти¸ касаллар сарсон¸ дейди Косонсой марказий поликлиникасида ишловчи врачлардан бири.

Ўзбекистонда йилдан-йилга кучайиб бораëтган электр тизимидаги узилишлар мамлакат вилоятларидаги аҳоли ҳаëтининг барча жабҳасига кириб борган.

Хусусан¸ Озодликка маълум бўлишича¸ вилоятлар ва Қорақалопоғистон электр токи таъминотидаги узилишлар боис шифохоналардаги аҳвол оғирлашиб бормоқда.

- Свет бизда, деярли йўқ. Кунига икки соат бўлади, кейин куни билан ўчади. Кечқурунлари умуман свет бўлмайди. Движокларни ишлатамиз, лекин доимий тарзда свет ўчаверса¸ движоклар ҳам фойда бермайди. Оғир беморлар келади, операция пайти свет ўчиб қолса¸ бу беморнинг аҳволига таъсир қилади. Ўтган йили кўплаб нохуш ҳолатлар бўлганини биламиз. Ҳали қаттиқ совуқ бошланмасидан бунинг олдини олиш керак. Мен шифокорман, беморларга ёрдам беришим керак, бунинг учун зарур шароит яратиб берилиши керак. Ҳақиқатан аҳволимиз жуда оғир, деган эди Озодлик билан суҳбатда Фарғона вилояти Марғилон шаҳридаги болалар шифохонаси врачларидан бири.

Ўзбекистонда аҳолининг ҳаëт-мамоти учун белгиловчи бўлган тиббиëт соҳасидаги электр муаммолари ҳам ечимсиз қолаëтган бир пайтда¸ Ўзбекистон ҳукумати ўтган йили қўшни Афғонистонда электр қуввати сотишни яна 10 фоизга кўпайтирди.

XS
SM
MD
LG