Линклар

 
"Маошнинг 80 фоизи". Ўзбекистонда электр ва газ нархи яна ошмоқда
Шошилинч хабар
26 март 2025, Тошкент вақти: 22:15

"Маошнинг 80 фоизи". Ўзбекистонда электр ва газ нархи яна ошмоқда


Ўзбекистонда 1 апрелдан электр энергияси ва газ учун тўловлар ошиши ортидан кам таъминланган оилаларнинг иқтисодий аҳволи янада оғирлашиши кутилади.
Ўзбекистонда 1 апрелдан электр энергияси ва газ учун тўловлар ошиши ортидан кам таъминланган оилаларнинг иқтисодий аҳволи янада оғирлашиши кутилади.

Ўзбекистонда жорий йил 1 апрелидан бошлаб электр энергияси ва газга янги тарифлар қўллана бошлайди: 200 кВт/соатгача – 600 сўм, 201–1000 кВт/соатгача – 1000 сўм бўлади. Бу тақрибан 11 фоизга ошиш дегани.

2023 йил кузида электр энергияга янги тариф ва лимит жорий этилганда аҳоли буни оғриқли қабул қилганди, электр ва газ нархининг навбатдаги ошиши аҳолининг ҳаётини янада оғирлаштириши мумкин.

Ижтимоий тармоқларда айрим ўзбекистонликлар, хусусан, бюджетдан маош олиб ишлайдиган оилалар ойлик даромадларининг ярмини коммунал тўловларга сарфлашаётгани ҳақида ёзишмоқда.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 16 апрелдаги қарори билан аҳоли ва истеъмолчилар учун табақалаштирилган тарифлар жорий этилган эди. Мамлакатда биринчи бор “ижтимоий норма” тушунчаси киритилди.

Янгиланган тарифлар реестри 14 март куни Ўзбекистон Молия вазирлиги томонидан тасдиқланган.

Zimiston-UZ. Газ ва свет муаммоси, метанга навбат билан ўтган қиш
Илтимос кутинг
  • Auto
  • 240p
  • 360p
  • 480p
  • 720p
  • 1080p

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:23:52 0:00
  • Auto
  • 240p
  • 360p
  • 480p
  • 720p
  • 1080p

Ушбу қарор билан 2025 йил 1 апрелдан бошлаб янги тарифлар қўлланилади:

  • 200 кВт/соатгача – 600 сўм;
  • 201–1000 кВт/соат – 1000 сўм;
  • 1001–5000 кВт/соат – 1500 сўм;
  • 5001–10 000 кВт/соат – 1750 сўм;
  • 10 000 кВт/соатдан юқори – 2000 сўм.

Тошкентлик истеъмолчи Абдураззоқ Содиқовнинг айтишича, бу нархлар аҳолининг камбағал қатламлари аҳволини янада оғирлаштиради:

"Бизга берилаётган 200киловаттлик лимит бир ҳафтага ҳам етмаяпти. Лимитдан ортиқ ҳар киловат электрга 900 сўмдан пул тўладик. Электрнинг ўзига ўртача ойига бир миллион сўмдан ортиқ пул тўлаяпмиз. Коммунал тўловлар маошларнинг 20 фоизидан ошмаслиги керак, аммо бизда тескариси бўляпти, маошнинг 80 фоизи электр ва газга кетиб қоляпти. Ижтимоий ҳимоя деган нарсанинг умуман йўқлиги халқни иқтисодий қатағонликка қараб олиб кетяпти".

Янги тарифлар билан электр энергияси нархи ўртача 11 фоизга ошиши кутилмоқда.

200 киловатгача бир киловатт электр энергияси нархи шу кундаги 450 сўм ўрнига 600 сўм бўлади, яъни 150 сўмга қимматлайди.

ZIMISTON-UZ. Ўзбек энерготизими ноқулай куз ҳавосига чидамади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:19:43 0:00

2018 йилда, яъни бундан 7 йил аввал бир киловатт электр нархи 228 сўм бўлган эди, бугун эса қарийб уч бараварга ошди.

"Агар 1 апрелдан нарх кўтарилса халқ жуда қийналади, ўзи ҳозир жуда оғир шароитда яшаяпти. Электр токига 200 киловатт лимит кўпчиликка етмайди кетмайди. Масалан, бизнинг туманда газ йўқ жойлар жуда кўп. Ўтинку қолмаган, кўмир ҳам ҳаммада бор эмас, илож йўқ, ток билан уйини иситишга мажбур. 200 киловатт нима бўлади? Бир ҳафтага етмайди. Қолган уч ҳафтасига эса икки баравар нарх тўлайди. Энди кўпчилик яна тошчироғу шамга ўтса керак", дейди жиззахлик Кенжа Сармонов.

Расмийлар нархларнинг ошиш сабабини сўнгги йилларда энергетика соҳасида катта ислоҳотлар амалга оширилаётгани, мавжуд ускуналарни модернизация қилиш ва уларни янгилаш учун маблағ талаб этилиши билан изоҳлайди.

Ўзбекистонда газ тарифларининг биринчи апрелдан бир каррага ошириш ҳақида ўтган йили молия вазири Жамшид Қўчқоров айтган эди.

Вазирлар Маҳкамасининг қарорига мувофиқ, аҳоли истеъмолчиларига газ ҳисоблагич орқали етказиб бериладиган 1 метр куб газ нархи 2025 йил 1 апрелдан бошлаб 1000 сўм қилиб белгиланган.

Расмийларнинг иддао қилишича, сўнгги беш йил давомида табиий газ нархи ўзгармаган. Бу эса газ қазиб чиқариш, ишлаб чиқариш ва етказиб бериш жараёнларига салбий таъсир кўрсатган.

Ҳозирги кунда табиий газнинг ўсиш даражаси 2025 йил 1 апрелда ошадиган нархга нисбатан 35 фоизга фарқ қилади.

2024 йил 1 майдан 1 метр куб газ 650 сўм бўлса, 2025 йил 1 апрелдан 1 метр куб газ нархи ҳисоблагичли ҳолда 1000 сўм этиб белгиланмоқда. Бу нархлар ўртасидаги таққосий фарқ 35 фоизни ташкил этади. Сўм ҳисобида бу 350 сўмга тенг.

Шу билан бирга, 2025 йил 1 апрелдан бошлаб 1 килограмм суюлтирилган газ нархи ҳам 400 сўмга қимматлаб, 2000 сўм бўлади.

"Газга ҳам ойига 500 кублик лимит жорий қилинган. Мана шу қиш бу ҳеч нарса бўлмади, мен ойига 1200 кубдан ҳам ортиқ газ ёқдим. Ўшани ҳам отопленияни паст қилиб ёқаман, неваралар совқотмасин деб. Менку 4-5 миллион сўм ойлик оламан, ўша билан қийналиб қолдимку. Лекин туманимиздаги 80 фоиз ишловчи аҳоли 1,5-2 миллион сўм маош олади, улар қандай қилди, Худо билади. Газ ўзимиздан чиқса, нега бунча қиммат?", дейди жиззахлик Кенжа Сармонов.

Ўзбекистонлик иқтисодчи Отабек Бакировнинг ёзишича, 2024 йил 1 майдан кучга кирган ва 2025 йил 1 апрелдан яна бир бор ошадиган тарифлар ҳеч бир муҳокамасиз қабул қилинган.

Газ-свет ваъда қилган Мирзиёев Ўзбекистони: ўтин қиммат, кўмир танқис, газ-свет ҳамон йўқ
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:23:13 0:00

Ўтган ой Ўзбекистон Марказий банки жорий йил январь ойи учун аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари томонидан сезилган инфляция даражаси бўйича маълумотларни эълон қилган.

Ўтказилган сўровларга кўра, январь ойи мобайнида аҳоли томонидан сезилган инфляция даражаси ўтган ойги даражасида сақланиб қолган ва 14,7 фоизни ташкил этган.

Сўровномада қатнашган аҳоли ва бизнес вакилларининг 57 фоизи келгусида нарх ошишига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган асосий хавотирли омил сифатида коммунал хизматлар тарифларини кўрсатган.

Ҳудудлар кесимида ўтган ойда энг юқори сезилган инфляция даражаси Сирдарё вилоятида (16,8 фоиз), энг паст сезилган инфляция даражаси эса Навоий вилоятида (12,6 фоиз) қайд этилган.

Ой давомида нархи ўсиши энг кўп сезилган маҳсулотлар гўшт ва табиий сут, шунингдек, электр энергияси ва табиий газ бўлган. Респондентларнинг 41 фоизи мазкур товарлар нархида кескин ўсиш сезилганини айтган.

Форум

XS
SM
MD
LG