Самарқанд вилояти Пахтачи тумани Сарой маҳалласидаги газ ва электр муаммосига норозилик билдириб, 5 апрелда йўл тўсганлардан беш нафари ИИБга олиб кетилди.
ИИБ масъули ушланган норозиларга чора кўрилишини таъкидлади.
Воқеа гувоҳларига кўра, йиллар давомида газсиз ўтирган аҳоли 9 кун электрсиз қолгач, сабр-косаси тўлиб, магистрал йўлни тўсишга мажбур бўлган.
Туман ҳокимлиги масъуллари норозилар билан учрашиб, уларга муаммоларни ҳал қилишга ваъда бергач, аҳоли уйларига тарқалган.
Электр тармоқлари идорасига кўра, шу куни қечқурун аҳолига электр берилган.
Йўл тўсиш акцияси
Воқеа жойидан Озодликка йўлланган видеоларда ўттиздан зиёд одамнинг автомобил йўлини тўсиб қўйгани акс этган.
“Йўлни ёпди халқ. Газ-свет йўқ деб. Пробкани қаранг. 20 минутдан бери ўтирибмиз шу ерда”, дейди ҳайдовчилардан бири.
Воқеа гувоҳларидан бирининг Озодликка айтишича, норозилар Пахтачи тумани ҳудудидан ўтувчи М37 магистрал йўлини тўсишган:
“20 йилдан бери газ йўқ. Одамлар газсиз яшашга кўникди ҳам. Лекин светни ҳам ўчирса, чидаш қийин экан. Ўн кунга яқин свет бўлмади. Одамларнинг жонидан ўтиб кетди. Ёш болали оилалар бор, қариялар бор. Ҳам газ, ҳам свет бўлмаса, яшаш қийин бўлиб қоларкан. Кейин электросетдан келиб, “ҳар бир хонадондан 50 минг сўмдан йиғиб беринглар, трансформатор бузилган, шуни тузатамиз” дейишди. Бу гап одамларнинг сабр-косасини тўлдириб юборди, кейин чиқиб, йўлни тўсиб қўйишди”.
Воқеа тафсилотларидан хабардор пахтачилик йигитга кўра, норозилар ҳокимлик вакиллари билан учрашгач, уйларига тарқалишган:
“Одамлар 2,5-3 соатча йўлни тўсиб туришган. Кейин туман ҳокимлигидан вакиллар келган. Ҳокимнинг ўзи келмаган, у Бухорога зиёратга кетган экан. Прокуратура, ИИБдан келган. Одамлар “Бугуннинг ўзида светни ёқиб берасан”, деб талаб қўйишган. Вакиллар “ёқамиз” деб ваъда бергач, одамлар йўлни очишган”.
Муаммога ёмғир сабабчи
Пахтачи туман электр таъминоти идорасидан олинган маълумотга кўра, Сарой маҳалласининг электр билан боғлиқ муаммоси 5 апрель куни ҳал қилинган.
“Кечанинг ўзидаёқ муаммо ҳал қилинди. Бу муаммога 28 март куни кучли ёмғир ёққани сабаб бўлди. Шу кунги ёмғир натижасида 20та маҳаллага хизмат кўрсатувчи бир нечта трансформатор ишдан чиқди. Электр таъминотини тиклаш учун махсус бригадалар тузилди. Айримларини бир неча кун ичида тузатдик. Лекин Сарой маҳалласига хизмат қилувчи трансформатор жиддий шикастлангани сабаб уни тузатиш чўзилиб кетди. Одамларга чидаб туринг десак ҳам кўчага чиқиб кетишди”,- деди матбуотга гапириш ваколати йўқлиги сабаб исми очиқланмаслигини сўраган Пахтачи туман электр тармоқлари идораси масъули.
Сарой маҳалласида яшовчилардан бири электр берилганини тасдиқлади:
“5 апрель куни соат 21:30ларда свет ёнди”.
Беш норози ҳибсда
Сарой маҳалласи фаолларидан бирининг Озодликка айтишича, 5 апрель куни йўл тўсган норозилардан беш нафарини ИИБ ходимлари олиб кетган:
“Кеча светни ёқишди. Бу яхши, лекин маҳалладан беш йигитни ИИБга олиб кетишди. Ҳозир улар Пахтачи туман ИИБсидаги вақтинчалик изоляторда ўтиришибди. Уларни кечаги йўл тўсиш воқеасини уюштиришда айблашяпти. Ўзи бизнинг ҳудуд ИИБ секторига қарайди. Яқинда президентимизнинг Самарқандга келишини кутишяпти. Энди ИИБ бу беш йигитни “президент келишидан аввал тўполон чиқардинг” деб қамаб қўйса керак”.
Пахтачи туман ИИБсининг Озодлик боғланган масъули 5 апрель кунги норозилардан бир гуруҳи ушланганини тасдиқлади:
“Ҳаммасига чора кўрилади. Батафсил маълумот учун матбуот бўлимимизга мурожаат қилинг”.
Энергетик бўҳрон ва норозиликлар
Шавкат Мирзиёев Жиззах вилоятига сафар қилган 11 январь куни газ ва электр йўқлигидан норозилик билдириб, йўл тўсган намойишчиларнинг ҳам бир гуруҳи судланган эди.
Норозиликка чиққанлардан 9 нафари судланган, улардан 5 нафари 5 суткага қамалган, 4 нафарига огоҳлантириш берилган.
Улар учта модда бўйича айбдор деб топилган:
- 194-модда. Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик, 1-қисми;
- 195-модда. Ички ишлар органлари ходимларининг ўз хизмат бурчларини бажаришларига қаршилик кўрсатиш;
- 201-модда. Йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар уюштириш, ўтказиш тартибини бузиш, 1- қисми;
Ўзбекистонда қиш мавсуми бошланганидан бери аҳоли норозиликларининг ёйилиши деярли барча ҳудудларда кузатилмоқда.
Жумладан, Хоразм вилоятининг Урганч ва Хонқа туманлари, Бухоро вилоятининг Бухоро ҳамда Қоракўл, Сурхондарёнинг Музработ, Жиззахнинг Пахтакор туманлари, Андижон шаҳри, Фарғона вилоятининг Қўқон ва Олтиариқ туманларида ҳам аҳоли газ ва электр муаммоси туфайли йўл тўсди. Бу фақат Озодликка маълум бўлган ҳолатлар, холос.
Мутасаддилар норози аҳолини кўмир тарқатиш ёки бошқа вақтинчалик чора ҳамда турли ваъдалар билан тинчлантирмоқда.
Айни пайтда мамлакатнинг деярли барча ҳудудида энергетик бўҳрон давом этмоқда.
Ҳукумат бу инқироздан чиқиш борасида аниқ режани эълон қилганича йўқ. Аксинча, муаммони яширишга уринмоқда.
Қиш мавсуми бошланиши арафасида АОКА қатор мустақил нашрларга хат юбориб, қатор муаммолар, жумладан, аҳолининг газ ва электр муаммосини ёритиш "жиддий оқибатлар"га олиб келишидан огоҳлантирган эди.
16 декабрь кунги ҳукумат йиғилишида президент Мирзиёев мамлакатда суткасига 20 миллион кубметр газ тақчиллиги мавжудлигини айтиб, газ экспорти ҳажмини камайтириш ва кунига 7-8 миллион кубметр қўшимча газни аҳоли эҳтиёжлари учун йўналтириш ҳақида ҳукуматга топшириқ берган. Ўтган вақт давомида газ таъминоти яхшилангани кузатилмади.
Энергетика вазири Алишер Султонов эса Ўзбекистонда қазиб олинаётган газ “учта Ўзбекистонни таъминлашга етади”, дея билдириб, бу соҳадаги бўҳронда аҳолининг ўзини айблади.
Алишер Султоновга кўра, айрим туманларга газ қувури ётқизилган тақдирда ҳам, қувурдаги газ босими етарли даражада бўлмайди. Вазир бу ҳолатни “иқтисодий, менталитет ва дунёқараш нуқтаи назаридан келиб чиқадиган тизимли муаммо”, деб атаб, асосий ислоҳот- энергияни тежаш эканини таъкидлади.
Султоновнинг айтишича, Ўзбекистондаги 70 фоиз корхона ва ташкилотларда энергияни тежашга мўлжалланмаган ускуналар ўрнатилган. Хонадонларга ва корхоналарга энергияни тежовчи ускуналар ўрнатилсагина, Ўзбекистонда энергия сарфини камида 3-4 баробарга камайтириш имконияти пайдо бўлади.