Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:14

Энергетика соҳасида Мирзиёев айтган ислоҳотни қилиш учун Конституцияни ўзгартириш керак - экспертлар


Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев парламентга мурожаат қилмоқда - Тошкент, 2020 йил 29 декабри (president.uz фотоси)
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев парламентга мурожаат қилмоқда - Тошкент, 2020 йил 29 декабри (president.uz фотоси)

Президент Мирзиёев 29 декабрь куни Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига қилган мурожаатида нефть-газ ва энергетика соҳаларидаги ислоҳотларни ва бошланган йирик лойиҳаларни якунига етказиш лозимлигини айтиб, бу йўналишда қилинадиган ишларни санаб ўтди.

Ўзбекистон ҳукуматининг икки собиқ мулозими мурожаатнинг айнан шу қисмини шарҳлар экан, уни юқори баҳолади.

Бироқ айни пайтда, уларнинг фикрича, Президент айтаётган ишларни амалга ошириш учун бир қатор қонунларни, ҳукумат қарорларини бекор қилиш, баъзиларига, ҳатто Конституцияга ўзгартиш киритиш лозим.

Давлат раҳбари Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига қилган мурожаати давомида “иқтисодий фаоллик ва аҳоли даромадлари ўсгани сайин энергия ресурсларига бўлган талаб ортиб боради” деди.

Кейинги йилларда Ўзбекистонда энергия ресурсларига бўлган талаб ортгандан-ортиб, қондирилмаётгани кўз юмиб бўлмайдиган ҳақиқатдир.

Президентга кўра, “2021 йилда давлат ва хусусий электр станциялари, ҳамда истеъмолчилар ўртасида электр энергияси улгуржи бозорини шакллантириш бошланади”.

Давлат раҳбарининг айтишича, шунингдек, табиий газ таъминотида монополия бекор қилинади, бозор механизмлари жорий этилади.

Шавкат Мирзиёевга кўра, ишлаб чиқарувчи ва импортёрларга биржа орқали табиий газни сотиш, улгуржи истеъмолчилар эса газни сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлади. “Ўзтрансгаз” компанияси газни транспортировка қилади холос.

Суюлтирилган газ бозорида хусусий сектор иштирокини кенгайтириш мақсадида унинг импортига ўрнатилган божлар бекор қилинади.

Озодлик Президентнинг бу баёнотларини шарҳлаб беришни сўраб, Ўзбекистон ҳукуматининг икки собиқ мулозимига мурожаат қилди.

Хусусий электр станциялари ҳақида

Президент ўз мурожаатида “хусусий электр станциялари” деган иборани ишлатиши хусусий шахсларга мини-ГЭСлар қуришга изн берилганига оид ўтган йилги хабарларни эслатди.

Бироқ “Ўзбекнефтгаз” компанияси собиқ раҳбари Анвармирзо Ҳусаиновнинг айтишича, ҳозирча росмана хусусий электр станциялари мавжудлиги тўғрисида гапиришга эрта.

Ўз вақтида қонунлар ва ҳукумат қарорлари билан хусусий шаклда электр энергияси ишлаб чиқариш ман қилинган, жазо чоралари белгиланган.

“Ўз вақтида қонунлар ва ҳукумат қарорлари билан хусусий шаклда электр энергияси ишлаб чиқариш ман қилинган, жазо чоралари белгиланган. Монополиялар манфаатлари қаттиқ ҳимоя қилинган. Президентнинг бу тезиси хусусий электр станциялари яратилишига йўл очади. Бу ишни қила оладиган бойларимиз, сармоядорлар бор ва улар тайёр. Масалан, нархи 30 миллион долларлик иссиқхоналар бор. Бундай корхоналар эгалари ўзларининг мини электр станциялари бўлишини албатта истайди.

Ўзбекистон ҳукуматининг собиқ мулозими, иқтисодчи олим Сапарбой Жубаевнинг фикрича, масалага формал ёндошилса, Ўзбекистонда хусусий электр станциялар бор дейиш ҳам мумкин. Катта электр станциялари мулкчилик шаклига шаклига кўра, акциядорлик жамиятлари, яъни хусусий. Лекин бу корхоналар акцияларининг назорат пакети давлатнинг қўлида. Демак, буларни хусусий деб бўлмайди.

Электр энергияси улгуржи бозори ҳақида

Президент ўз мурожаатида “электр энергияси улгуржи бозорини шакллантириш бошланади” деди.

Анвармирзо Ҳусаинов
Анвармирзо Ҳусаинов

Анвармирзо Ҳусаинов бу қандай бозор эканлигини тушунтирар экан, бундай деди:

Бугунги кунда бизда бу соҳада вертикал монополия шаклланган. Электр энергиясини ишлаб чиқариш, уни истеъмолчига етказиб бериш, улгуржи ва чакана савдосини ташкил қилиш масалаларининг барчаси монополист “Ўзбекэнерго”га бериб қўйилган. Бундан буён эса, энергияни бозорда, биржада сотиш ташкил қилиниши мумкин. Шунда электр энергияси бозори пайдо бўлади. Бу бозорга эндиликда пайдо бўладиган хусусий мини- электр станциялар эгалари ҳам иштирокчи бўлиб кириши, энергияни сотиши мумкин. Энг муҳими - бу масалада рақобатга йўл қўйиб бериш керак”.

Сапарбой Жубаев электр энергияси улгуржи бозори нималигини қўшни Қозоғистон мисолида тушунтирди:

Масалан, Қозоғистонда ҳар бир шаҳар, ҳар бир туманда электр энергияси сотадиган компаниялар мавжуд. Булар энергияни улгуржи бозордан сотиб олади. Электр линиялари биттаку, мана шундай шароитда қандай қилиб электр тармоқлари корхоналаридан ташқари яна бошқа компаниялар пайдо бўлиши мумкин, деган савол пайдо бўлиши табиий. Янги компаниялар хизмат кўрсатиш учун маҳаллаларни, корхоналарни бўлиб олиши мумкин. Ва бундай компаниялар вилоят ёки мамлакат миқёсидаги бозорга чиқиб, ўз истеъмолчилари учун энергия сотиб олиши мумкин”.

Суюлтирилган газ бозори ҳақида

Президент ўз мурожаатида “суюлтирилган газ бозорида хусусий сектор иштирокини кенгайтириш мақсадида унинг импортига ўрнатилган божлар бекор қилинади” деди.

Анвармирзо Ҳусаинов бу режани олқишлар экан, бундай деди:

Шу пайтгача биз ўз монополистларимиз ҳимоя қилиб, Туркманистондан суюлтирилган газ сотиб олмай келдик.

“Бу жуда ажойиб ечимдир. Ёнгинамизда Турманистон турибди. Бу мамлакатда суюлтирилган газ ишлаб чиқариш жуда яхши йўлга қўйилган. Шу пайтгача биз ўз монополистларимиз ҳимоя қилиб, Туркманистондан суюлтирилган газ сотиб олмай келдик. Импорт учун бож ставкалари жуда юқори ўрнатилган эди”.

“Ўзбекнефтгаз” компанияси собиқ раҳбарининг айтишича, 90-йилларда Ўзбекистон Россиядан йилига 150 минг тонна суюлтирилган газ сотиб олган:

Мен ўзим шуғулланганман бу иш билан. Эндиликда бож бекор қилинадиган бўлса, газ импорти билан шуғулланадиганлар жуда тез пайдо бўлади. Фақат бу жойда бир нарсани аниқ-тиниқ белгилаб қўйиш керак: суюлтирилган газ импортини бождан озод қилиш режими неча йил давом этади? 10 йилми, 15 йилми – давлат шуни эълон қилиб, кафолатини ҳам бериши керак. Шунда одамлар ишонч билан соҳага сармоя ётқизишни бошлайди”.

Сапарбой Жубаев
Сапарбой Жубаев

Сапарбой Жубаев ҳам суюлтирилган газ импортини бождан озод қилиш ғоясини қўллаб-қувватлашини билдираркан, деди:

Бу яхши таклиф. Агар шундай қилинса, аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлаш масаласи тубдан ўзгариши мумкин. Кўпқаватли уйлар яқинида газсақлагичлар қуриб, уйларда ҳануз сақланиб қолган қувурлар орқали етказиб бериш мумкин”.

Президент режалари амалга ошмай қолиши ҳам мумкин ёки Каримов даврига экскурс

Ўзбекистон ҳукуматининг собиқ мулозими Сапарбой Жубаев бундан 21 йил муқаддам ҳам Шавкат Мирзиёевнинг бугунги режаларидай режалар тузилганини эсларкан, бундай деди:

1 йил олдин белгиланган чора-тадбирлар амалга оширилганда эди, тўғрироғи, амалга оширишга имкон берадиган шароит яратилганда эди, Ўзбекистон кейинги йиллардаги энергетик бўҳронга юз тутмаган бўлар эди.

Бу масалани Ислом Каримов ҳам 1999 йилда кўтарган эди. Хорижий инвесторларни жалб этиш, технологияларни алмаштириш тўғрисида катта тадбирлар режалаштирилган, бироқ у вақтдаги вазият бошқача эди ва шунинг учун Ўзбекистонга ҳеч қандай хорижий инвестор келмаган. Агар ўша 21 йил олдин белгиланган чора-тадбирлар амалга оширилганда эди, тўғрироғи, амалга оширишга имкон берадиган шароит яратилганда эди, Ўзбекистон кейинги йиллардаги энергетик бўҳронга юз тутмаган бўлар эди”.

Ислом Каримов давридаги хато такрорланмаслиги, нефть-газ ва энергетика соҳаларида Шавкат Мирзиёев айтаётган ислоҳотларни якунига етказиш учун иккала экспертнинг фикрича...

“Қонунлар ўзгартирилиши керак”

Анвармирзо Ҳусаинов бу соҳани ислоҳ қилиш тўғрисида хатлар билан мурожаат қилган бир мутахассис сифатида Президент айтаётган таклифлардан жуда хурсанд бўлганини таъкидлар экан, деди:

Бу таклифларни амалга ошириш учун қатор қонунларга, ҳукуматнинг қатор қарорларига ўзгартиш киритиш, баъзиларини эса, бекор қилиш керак бўлади.

Президент айтган режалар биз анчадан буён кутган таклифлардир. Лекин бу таклифларни амалга ошириш учун қатор қонунларга, ҳукуматнинг қатор қарорларига ўзгартиш киритиш, баъзиларини эса, бекор қилиш керак бўлади. “Ўзбекэнерго”, “Ўзтрансгаз” каби компаниялар қонунлар, қонуности меъёрлари, қарорлар билан ҳимояланган монополиялардир. Бу компаниялар ҳам ишлаб чиқарувчи, ҳам сотувчи эди. Президент “Ўзтрансгаз” энди фақат етказиб бериш билан шуғулланади деди ва бу тўғри қарордир”.

Сапарбой Жубаевнинг фикрича ҳам нефть-газ ва энергетика соҳаларидаги ислоҳотларни якунига етказиш учун қонунларни ислоҳ қилиб олиш зарур:

Ҳокимлар ҳеч бир ишлаб чиқарувчи субъектнинг ишига аралашмаслиги керак. У ёки бу қонун у ёқда турсин, Конституцияни ўзгартириш керак.

“Эҳ-ҳее, банк тизими тўғрисидаги, акциядорлик жамиятлари тўғрисидаги қонунларни, давлат бошқарувига оид қонунларнинг ҳаммасини ўзгартириш керак. Ҳокимлар ҳеч бир ишлаб чиқарувчи субъектнинг ишига аралашмаслиги керак. У ёки бу қонун у ёқда турсин, Конституцияни ўзгартириш керак. Чунки ҳокимларнинг ваколатлари Конституцияда белгилаб қўйилган ва улар бекор қилиниши керак. Шаҳардаги ишлаб чиқарувчию қишлоқдаги фермер – барча-барчаси мутлақо мустақил бўлиши керак. У ҳокимнинг, прокурорнинг, мелиса ва солиқ бошлиқларининг кўзига қараб турмайдиган бўлиши керак”.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG