Эроннинг Жанубий Хуросон вилоятидаги кўмир конида 21 сентябрь куни рўй берган портлашда камида 30 киши ҳалок бўлди, 17 киши жароҳатланди, дея маълум қилди вилоят ҳокими Муҳаммад Жавод Кенат.
Эрон давлат телевидениеси портлаш метан гази сизишиб чиқиши оқибатида рўй бергани ҳақида хабар берди.
Фавқулодда ҳодиса пойтахт Теҳрондан 540 километр жануби-шарқда жойлашган Табас шаҳрида содир бўлган.
Портлаш арафасида конда 70 га яқин ишчи бўлгани, уларнинг 24 нафари шахта ичида қолаётгани айтилмоқда.
Расмий хабарларга қараганда, Эрон президенти Масъуд Пезешкиён “қопқонга тушиб қолганлар”ни қутқариш учун барча чораларни кўриш ва ҳолат юзасидан тергов ўтказишга буюрган.
Эрон Қизил ярим ой жамияти ҳудудда қидирув-қутқарув амалиёти давом этаётгани, аммо конда газ йиғилгани махсус ходимлар ишини қийинлаштираётгани ҳақида хабар берди.
Эрон конларида инсоний талафотларга олиб келувчи портлашлар тез-тез рўй бериб туради. Бунга эса хавфсизлик стандартлари пастлиги сабаб ўлароқ кўрсатилади.
2023 йили Дамғон конида рўй берган портлашда 6 киши, 2017 йили Озодшаҳр шаҳрида рўй берган портлашда эса 43 киши ҳалок бўлган эди.