Шиаларнинг муқаддас Қум шаҳрида бир аёл ҳижоби ҳақида танбеҳ берган уламога ташланиб, унинг салласини улоқтириб оёқости қилган. Воқеа акс этган видео ўтган йили интернетда тарқалгач, кўпчилик бу аёлни мақтади, аммо руҳонийнинг тарафини олганлар бўлмади.
Аёлнинг ҳибсга олиниши билан якунланган воқеа 1979 йилги Ислом инқилобидан кейин ҳокимиятга келган уламоларга нисбатан жамоатчиликнинг норозилигини уйғотди.
Буни Эронда уламоларга қарши жисмоний ҳужумлар ортаётганидан ҳам кўриш мумкин.
Теҳронлик қочқин уламо Абулфазл Нажафий-Теҳроний Озодлик билан суҳбатда аҳоли ғазабига Эрон диний идорасининг яхши ишламаётгани, эронликларнинг кундалик ҳаётига аралашиши ва уламоларнинг замонавий эҳтиёжларга унчалик ҳам тоқат қилмаслиги сабаб бўлганини айтди.
“Охирги йилларда биз одамларнинг давлат сиёсатидаги уламоларга нисбатан нафрат ва ғазаби кучайганига гувоҳ бўлдик ”, деди Нажафий-Теҳроний. Бу ғазаб “ўз реакцион турмуш тарзини бошқаларга юклаётган” уламоларга нисбатан ҳужумларга сабаб бўлганини қўшимча қилди у.
Охирги бир неча ой ичида оммавий ахборот воситаларида дин арбобларига нисбатан бир неча жисмоний тажовуз содир этилгани хабар қилинди.
Жумладан, июнь ойи бошида Олий раҳбар Оятуллоҳ Али Хоманаийнинг Исфахон вилоятидаги вакилини пичоқлашга уринган шахс ҳақида хабар берилди. Оятуллоҳ Юсуф Табатаинажод ҳужумдан кейин интервью бериб, ҳужум қилган ёш йигит эканини ва ҳужум сабаблари ўрганилаётганини айтди.
Июль бошида Исфаҳонда бир дин арбоби суиқасд чоғида яраланган бўлса, орадан бир нечта ҳафта ўтиб, 28 июль куни Караж зиёратгоҳида ваъз ўқиётган ёш муллага бир неча марта пичоқ билан жароҳат етказилди.
Апрель ойида Эрон шимоли-шарқидаги Машҳадда, Имом Ризо зиёратгоҳида икки нафар эронлик мулла пичоқлаб ўлдирилган, яна бири яраланган эди. Ҳужум қилган шахс афғонистонлик 21 ёшли этник ўзбек бўлиб, радикал сунний қарашларга эга бўлган.
Сўнгги йилларда содир бўлган ҳужумларнинг аксарияти ислом қоидаларини, жумладан, инқилобдан кейин мажбурий бўлган ҳижоб қоидаларини омма олдида татбиқ этишга уринаётган уламоларга қаратилган.
Апрель ойида Фарс ахборот агентлиги сўнгги 10 йил ичида ҳужумга учраган йигирма нафар уламонинг исмларини эълон қилди. Ҳужумлар натижасида 3 нафар уламо ҳалок бўлган, иккитаси кўзидан айрилган.
Ислом инқилобидан кейинги дастлабки йилларда Мужоҳиддин Халқ Ташкилоти (МХТ) каби гуруҳлар юқори мартабали уламоларга қарши бир неча бор суиқасд уюштиришди. Юқори мартабали амалдорлар ҳужумлар ҳақида очиқ изоҳ бермади.
Исломий республикада сўнгги сўзни айтадиган Хоманаий июнь ойида қилган чиқишида генерал Қосим Сулаймоний дафн маросимига “миллионлаб” йиғилганларга ишора қилиб, инқилоб бошидан бери одамларнинг дин ва руҳонийларга “хайрихоҳлиги” кучайганини даъво қилган эди.
Нажафий-Теҳронийнинг айтишича, одамлар жорий иқтисодий қийинчиликда уламоларни айблайди.
“Одамлар дин арбобларининг ваколатлари чекланишини, дин ва диний вакилларнинг давлат ишига аралашмаслигини талаб қилмоқда. Инқилобдан 43 йил ўтиб, динга асосланган бошқарув тизими самарасизлигини халқ англаб етди”, дея таъкидлади Нажафий.
У шунингдек, кўплаб эронликлар кун кечириш учун қийналаётган бир пайтда кўпчилик давлат бюджети семинарияларга сарфланаётганидан норози эканини қўшимча қилди. Шу ой бошида Хожатулислом Муҳаммад Нуралиохун халқ ва уламо ўртасидаги “жуда жиддий” тафовут ҳақида огоҳлантириб, бўлинишда уламоларни айблади.
“Бугунги кунда биз юқори мартабали уламолар расмий ва давлат маросимлари ҳақида баёнотлар беришига гувоҳмиз, лекин улар адолатсизликлар, тенгсизликлар, нотўғри қарорлар ва одамларга қилинган зўравонликлар ҳақида камдан-кам ҳолларда гапиришади”, дейди Нуралиохун.
1979 йилдаги инқилобнинг дастлабки йилларида кўплаб эронликлар уламолар ҳақида мунтазам равишда ҳазиллашиб, уларни қобилиятсиз ва жоҳил қилиб кўрсатган. Ўшанда аксар такси ҳайдовчилари уларни олиб кетишдан бош тортишарди. Сўнгги йилларда иқтисодий қийинчиликлар ортиб бораётган бир пайтда, аҳолининг уламоларга нисбатан ғазаби кучайгандан кучайди.
2019 йил ноябрь ойида бензин нархининг кескин ошишига қарши норозилик намойишлари чоғида тўққизта семинария ва жума намози пешволарининг идоралари ғазабланган намойишчилар нишонига айланди. Намойишчилар Эрон етакчиларига, шу жумладан Хоманаийга қарши чиқдилар.
Нажафий-Теҳронийнинг фикрича, оломон ғазаби асосан тузум тарафдори бўлган уламоларга қаратилган. Нажафийнинг айтишича у зарур бўлмаган пайтда салла ўрамайди. Чунки одамлар режим тарафдорлари ва унга қаршиларни ажрата олмайдилар, дея изоҳлайди у.
“Мен ҳам жорий вазият танқидчилариданман деб салламга ёзиб қўёлмайман‑ку”, дейди у.
Форум