Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:46

Eurasianet: Қорақалпоғистонда қонли воқеалар ортидан карахтлик, саросима ва ғазаб ҳукм сурмоқда


Президент Мирзиёев куч тузилмаларининг Нукусда қанчалик мутаносиб куч қўллагани текширилишини айтган.
Президент Мирзиёев куч тузилмаларининг Нукусда қанчалик мутаносиб куч қўллагани текширилишини айтган.

3 июль куни Қорақалпоғистон республикаси пойтахти Нукусга етиб борган британиялик журналист Жоанна Лиллис аввалига хавфсизлик кучлари томонидан ушланган, видеоларни ўчиришга мажбурланган, аммо кейинроқ қўйиб юборилган. Ўзининг сўзларига кўра, расмийлар ундан кечирим ҳам сўрашган. 7 июль куни Eurasianet нашрида чоп этилган мақоласида журналист Нукусда кўрган-кечирганларини мана бундай тасвирлайди:

Маҳаллий ўликхонадан намойишчилар ва хавфсизлик кучлари ўртасидаги тўқнашувда ҳалок бўлган 18 кишидан бирининг жасадини таниган шахс ҳўнграб йиғлаганича чиқиб келди.

Хавотирга тушган қариндошлар зўравонликларда жабрланган 243 киши орасидаги яқинлари аҳволидан қайғуриб, касалхона олдида у ёқдан бу ёққа қадам босишарди. Қаттиқ қўриқланаётган полиция биноси ташқарисида эса одамлар ҳибсга олинган 500 га яқин одам орасида эканлиги гумон қилинаётган қариндошлари ҳақида ҳақида маълумот кутишарди.

Намойишчилар фаолиятини мувофиқлаштирса, кўчалардаги тартибсизликлар сусаймаслигидан хавотир олган расмийлар интернет алоқасини узиб қўйишганди. Бу шаҳар аҳолиси атрофларида нима содир бўлаётганидан бехабар қолишига сабаб бўлди ва турли миш-мишлар урчишига замин яратди.

Бўш кўчаларни яхши қуролланган қўшинлар ва ҳарбий машиналар қўриқлаётганди. Дўконлар ва ресторанлар ёпилганди.

Британиялик журналист Жоанна Лиллис.
Британиялик журналист Жоанна Лиллис.

Асосий маъмурий бинолар атрофидаги йўлларда назорат пунктлари ўрнатилганди. Ниқоб кийган, қўлида автомат тутган офицерлар асабийлик билан қуролларини текшириб кўраётгандилар.

Одатда гавжум бўладиган бозор деярли бутунлай ҳувуллаб қолган эди. Оз сонли сотувчи озиқ-овқат олиш учун ташқарига чиққан мижозларга молини сотишга уринаётган эди.

Ёши 30 дан ошган савдогарлардан бири Улмекен Алланазарова кичик тақинчоқ дўконига эга. Унинг исми ушбу мақолада тилга олинган бошқа суҳбатдошларнинг исми сингари ўзгартирилди. Тартибсизликлар ортидан шаҳарда қўрқув авж олган.

Тўрт фарзанднинг онаси Алланазарова 1 июль куни эрталаб одатдагидек ўз дўконини очар экан, кун хавфсизлик кучлари ишга солган кўзни ёшлантирувчи газ ва сув пуркагичдан қочиш билан якунлашини умуман кутмаган.

Аммо намойишларга қўшилганидан кейин айнан шундай бўлди. Бир неча кун олдин ушбу сокин, чўл республикасида бундай намойишлар содир бўлишини тасаввур қилиб бўлмас эди.

3 июль куни Нукусда тартиб тикланганидан сўнг, Алланазарова яна бир нечта ҳафсаласи пир бўлган сотувчи қатори ўз дўкони олдида ўтирарди. Бу кичик гуруҳ воқеаларни қайғу ва ғазаб билан хотирлади. Барчаси телефонида Алланазарова дўкони яқинида бошлаган тартибсизликларнинг видеоларини кўриб ўтирарди. Интернет ишламай қолганлиги сабабли видеолар бир телефондан иккинчисига эски услубда улашилаётган эди.

Алланазарованинг сўзларига кўра, ҳамамси нукуслик таниқли маҳаллий фаол Даулетмурат Тажимуратов ҳибсга олинганидан сўнг бошланиб кетган. Тажимуратов Қорақалпоғистоннинг Ўзбекистоннинг ягона автоном ҳудуди сифатидаги алоҳида мақомидан маҳрум қилиш кўзда тутилган конституциявий ислоҳотга қарши чиқиб келаётган эди.

Қорақалпоғистондаги бошқалар сингари, Алланазарова ҳам бу ўзгартиришлар ҳақида бир неча кун олдин эшитган эди. Ушбу ўзгаришларни ишлаб чиққан қўмита жамоатчилик билан маслаҳатлашмаган. Таклиф этилаётган конституциявий ислоҳотлар ҳақидаги хабарлар Қорақалпоғистон ижтимоий тармоқларида катта шов-шувга сабаб бўлди.

Қорақалпоғистон: Расмий Тошкент мустақил текширувга рози бўладими?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:09:41 0:00

Eurasianet нашрига уч кун давомида интервью берган бошқа кўпчилик нукуслик сингари Алланазарова ҳам Қорақалпоғистоннинг ҳозирги мақомига ҳар қандай ўзгартириш киритилишига қатъиян қарши эканлигини айтди. Қорақалпоғистон Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудлари, яъни вилоятларидан фарқли ўлароқ, расман республика сифатида белгиланган ҳамда ўз ҳукумати ва парламентига эга. Ўзбек тилига қараганда қозоқ тилига яқинроқ бўлган қорақалпоқ тили эса давлат мақомига эга.

Амалдаги конституцияга кўра, 2013 йилдан бери Қорақалпоғистон Ўзбекистондан ажралиб чиқиш учун референдум ўтказиш ҳуқуқига эга. Ўзбекистон ичида ҳеч ким бу ҳуқуқдан фойдаланишга очиқчасига чорламаган, бироқ бу имтиёзни зўр бериб ҳимоя қилишади. Конституцияга киритиш таклиф қилинган ўзгартириш Қорақалпоғистонни бу ҳуқуқдан маҳрум қилган бўларди.

2 июль куни, яъни Нукусдаги тартибсизликлар бутунлай босилиб улгурмасдан президент Шавкат Мирзиёев таклиф қилинаётган ўзгартишларни бекор қилди. Бу ҳолат президент таклиф қилинаётган ўзгаришлар туғдирадиган таҳдидларни яхши англашидан далолат берарди.

Бир кун аввал Алланазарова қорақалпоғистонлик бошқа кўплаб одам қатори ғазаб отига минган бўлган. Автономия тарафдори Тажимуратов ҳибсга олинганини эшитгач, у бозор олдидаги кенг майдонда тўпланган савдогар ва харидорлар сафига қўшилиб, фаол озод қилинишни талаб қилган. Оломон тезда кўпайиб, намойишчилар сони бир неча мингга етган. Кўк, яшил ва тўқ сариқ рангли қорақалпоқ байроғини қўлида туган одамлар бир муддатга шу қадар кўпайганки, намойишчилар бозор олдидаги гавжум катта йўлни тўсиб қўйишган.

Нукуслукларнинг аксари одамлар шунчаки Қорақалпоғистон учун конституциявий статус-квони сақлаб қолишни хоҳлаган, деб билади. Алланазаровага ўхшаган бошқалар эса радикал қадамни, яъни мустақил Қорақалпоқ давлатини тузиш учун Ўзбекистондан ажралиб чиқишни қўлладилар.

«Мен шахсан Қорақалпоғистон учун мустақилликни хоҳлагандим», - деди Алланазарова Eurasianet нашрига.

«Шунинг учун биз кўчага чиқдик. [...] Биз ўз республикамизни хоҳлаймиз».

Бу каби интилишларга Ўзбекистон ҳукумати тоқат қилмайди. Мирзиёевнинг сепаратизм чақириқлари ҳақидаги жиддий огоҳлантиришлари буни тасдиқлайди.

Тажимуратов тинчликни тиклаш учун қисқа муддатга қўйиб юборилган ва у майдонга, оломон олдига етиб борган. Бу пайтга келиб вазият кескинлашган эди. 1 июль куни кечки пайт бозор олдидаги оломон, жумладан, Алланазарова Қорақалпоғистон парламенти – Жўқорғи Кенгес томон юришга қарор қилган.

Парламент олдида вазият кескинлашган ва хавфсизлик кучлари ходимлари билан намойишчилар тўқнашган. Расмийларнинг айтишича, намойишчилар бинога бостириб киришга уринган.

Тартибсизликлар 2 июлга ўтар кечаси ва эртаси куни давом этган. Ҳуқуқ-тартибот тузилмалари сўзларига кўра, 2 июль куни намойишчилар асосий полиция бўлимига бостириб киришга икки марта уринишган, аммо буни уддалай олишмаган. Тўполон иккинчи кун кечгача давом этган ва 3 июль куни эрталаб бостирилган.

Бозор ва парламент биноси олдидаги норозилик намойишларига гувоҳ бўлган Алланазарова ҳамда яна бир қанча бошқа гувоҳлар зўравонликкача бўлган воқеалар хроникаси ҳақида айтиб берганлари, умуман олганда, ҳукумат билдирувларига мос тушади.

Аммо бир муҳим савол бўйича икки тараф илгари сураётган фаразлар ўртасида кескин тафовут бор: зўравонликни ким бошлаган?

Алланазарованинг сўзларига кўра, хавфсизлик кучлари ҳеч қандай сабабсиз тинч намойишчиларга қарши кўздан ёш оқизувчи газ, сув пуркагич, тутунли бомба ва шовқинли гранаталарни ишга солган.

«Тинч митинг бўлаётганди. Бизда қурол йўқ эди», - деди у.

Алланазорва намойишчилар ҳақида савол берилганида «ҳа, одамлар майда тошларни отишди», деб тан олди.

«Аммо бизда бошқа ҳеч нарса йўқ эди», - дейди у.

Хавфсизлик кучлари тинч намойишчиларга ҳужум қилди, деган фикр ғазабланган шаҳар аҳолиси орасида кенг тарқалганди. Шунингдек, шаҳар турғунлари Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларидан қўшимча куч сифатида келган зобитлар намойишларни бостиришда қорақалпоғистонлик ҳамкасбларига қараганда аёвсизроқ иш тутганига ишонадилар.

2 июль куни аэропорт яқинидаги маҳалласида тўқнашувларга гувоҳ бўлган 70 ёшли Зиуар Алихонова:

«Бизни хафа қиладиган нарса шуки, улар мана шунча зарарсиз, қуролсиз одамни ўлдиришди», - деди.

Бироқ, баъзи видеотасвирлар намойишчиларнинг барчаси тинч намойиш ўтказди, деган гап ёлғон эканини кўрсатади. Нукус полицияси Eurasianet нашрига хавфсизлик камералари ва ижтимоий тармоқлардаги аккаунтлардан олинган видеоларни тақдим этди. Уларда намойишчилар қўлга олинган зобитларни қуролларидан маҳрум қилиб, дўппослаётгани акс этган.

Видеолардан бирида бет-қўли қонга беланган зобит ҳамкасбларига таяниб, зўрға юриб кетаётгани тасвирланган. Яна бир видеода эса, намойишчилар зирҳли машинага ҳужум қилиб, устига чиқиб олгани кўрилади. Ушбу ҳужумлардан олдинги ҳодисаларни аниқлашнинг имкони бўлмади.

Шунингдек, бир гуруҳ шахс офицерларга Молотов коктейли улоқтираётгани, янада кўпроқ қурол ясаш учун бидонларда ёнилғи етказиб берилаётгани акс этган тасвирлари ҳам бор.

5 июль куни Нукус ИИБ бошлиғи полковник Зияутдин Заитов милиция бош бошқармасида берган интервьюсида хавфсизлик кучлари ошиқча куч ишлатганини рад этди. Бунинг ўрнига у намойишчиларни зўравонликларни бошлаганликда айблади.

«Муайян одамлар таъсирида кўчаларда оммавий тартибсизликлар уюштиришди», - деди у.

«Шиналарга ўт қўйиб, тош отишди. Намойиш натижасида шаҳарликлар ҳаёти хавф остида қолди [...] Шу сабабли махсус чоралар кўрилди».

Унинг сўзларига кўра, хавфсизлик кучлари намойишчиларни тарқатиш учун фақат кўздан ёш оқизувчи газ, сув пуркагич, шовқинли граната ва тутунли бомбалардан фойдаланган, бироқ улар ўт очишдан ўзларини тийишган. Заитов зобитлар ёки улар қўллаган воситалар бирор киши ўлими у ёқда турсин, ҳатто жароҳат олишига сабаб бўлганини кўрсатувчи ҳеч қандай далил йўқлигини таъкидлади.

Бу каби бир-бирига зид ҳисоботлар урчиётган бир пайтда кескинликни юмшатиш учун президент Мирзиёев хавфсизлик кучларининг ҳаракатлари текширилиши ва ноқонуний иш тутган ҳар қандай шахс жавобгарликка тортилишини айтди.

Номутаносиб куч ишлатилган ёки йўқлигидан қатъи назар, ҳуқуқ ҳимоячилари ҳукумат намойишчилар билан тўқнаш келганда уларни куч билан тарқатиб юборишга қарор қилганидан хавотир изҳор қилишди. Шунингдек, интернет узиб қўйилгани ҳам уларни ташвишга солмоқда.

Норвегия Хельсинки қўмитасининг Марказий Осиё бўйича вакили Мариус Фоссум Eurasianet нашрига:

«Нукусда тинч йиғилиш ўтказиш ҳуқуқига нисбатан шафқатсиз тазйиқ бўлди бу», - деди.

«Ўзбекистонда телекоммуникацияларнинг тўсиб қўйилиши ва сўз эркинлиги мунтазам равишда бостирилиши воқеалар ҳақида тўлиқ маълумот олишга тўсқинлик қилади, бироқ қурбонлар сони, юзлаб одам жароҳат олгани ҳамда ҳибсга олинганларнинг сонининг юқорилиги – шуларнинг ўзидан хулоса қилса бўлади», - деди Фоссум.

Шаҳар ўликхонасидаги суд-тиббиёт экспертларининг дастлабки хулосаси шуки, 18 нафар ҳалок бўлганлар «термик» ёки «механик» жароҳатлар ёки иккаласининг комбинацияси натижасида нобуд бўлган. Ҳалок бўлганларнинг барчаси эркак киши бўлиб, уларнинг тўрт нафари ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларидир.

Нукус суд-тиббиёт экспертиза маркази катта мутахассиси Асел Қалимова оддий сўз билан айтганда «термал» жароҳат куйиш, «механик» жароҳат эса қаттиқ, тўмтоқ нарса билан берилган зарбадан олинган жароҳатни англатишини айтди.

Унинг сўзларига кўра, металл парчадан тортиб, машинагача бўлган ҳар қандай нарса механик шикастланишга сабаб бўлиши мумкин. Тутунли гранаталар эса термал жароҳатларга олиб келиши мумкин.

Қалимова илгари сурган тахминга кўра, кўплаб жасадларнинг қўллари, боши ва кўкрагида термик яралар борлиги улар хавфсизлик кучлари намойишчиларга қарата отган тутунли бомбаларни қўлига олишга уринганидан далолат беради.

Eurasianet нашрига полиция томонидан тақдим этилган бир видео бу назарияни қўллаши мумкин. Унда 1 июль куни кечки пайт парламент яқинидаги оломон орасидан бинони қўриқлаётган хавфсизлик кучлари томон тутун бомбалари улоқтирилаётганини кўриш мумкин.

Расмийларнинг намойишчилар спиртли ичимликлар ва гиёҳванд моддалар истеъмол қилгани ҳақидаги даъволарига келсак, Қалимова суд-тиббий экспертиза марҳумларнинг 11 нафарида ўртача миқдорда спиртли ичимлик қолдиқлари аниқланганини тасдиқлагани айтди. Унинг сўзларига кўра, гиёҳванд моддалар бор ёки йўқлиги тўлиқ текширилмаган. Миллий гвардия кўплаб намойишчилар Ўзбекистонда тақиқланган икки дори – Tramadal ва Lyrica қабул қилганини иддао қилган.

Жароҳатланганларнинг аксарияти олиб борилган шифохонада шифокорлар шовқинли гранаталардан тортиб, оддий тош билан етказилган жароҳатларни даволамоқда. Бу ҳақда Eurasianet нашрига шифохона директори ўринбосари Эрназар Қалмурзаев сўзлаб берди.

Нукусдаги кўплаб тиббиёт ходимлари сингари Қалмурзаев ҳам бир неча кундан бери тинмай ишлаётган экан. У Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларидан олиб келинган шифокорлар ёрдам бераётганини айтди.

Қалмурзаев ҳам, Қалимова ҳам ўз фаолиятлари давомида намойишчиларга қарши ўқ отилганини кўрсатувчи ҳеч қандай далил аниқланмаганини айтишди.

Қалмурзаевнинг сўзларига кўра, ётиб даволанаётган беморлар орасида металл буюмлар ва таёқлар билан калтакланиб, жароҳат олган ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ҳамда оёғости қилинган икки нафар бола бор.

4 июль куни бир оила аъзолари касалхона ҳудудидаги скамейкада ерга тикилиб ўтиришарди. Уларга қариндош йигит бошидан жароҳат олиб, операция қилинаётган экан. Унинг қариндошлари тирик қолиш-қолмаслигидан хавотирда эди.

Шаҳарнинг бошқа бурчагидаги полицияси бўлимида 200 га яқин одам ҳибсга олинган қариндошларини топишга ҳаракат қилаётганди. У ердаги одамларнинг сўзларига кўра, ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардия қўшинлари текшириб ўтирмасдан ҳаммани ҳибсга олган. Айрим ҳолатларда куппа-кундуз ўз ишини қилиб юрган бегуноҳ фуқароларни ҳам олиб кетишганини айтишди.

Бир киши зўравонликнинг иккинчи кунида университетга имтиҳон топширгандан сўнг қўлга олинган ўғлини қидираётган экан. Бир ёш аёл эса ўз синглисини. Унинг сўзларига кўра, синглиси озиқ-овқат дўконида ишлаб турган пайти қўлга олинган.

Ўрта ёшли аёл эса укаси ҳибсга олингани ёки йўқлигига ишончи комил эмаслигини айтди. Бироқ, укаси ғойиб бўлганни айтиб, у ҳибсга олингани энг мантиқли тахмин эканлигини айтди.

«Касалхоналарни кўрдик, ўликхонани кўрдик. У ерларда йўқ», - деди у умидсизлик билан.

Заитов бирорта фуқаро асоссиз ҳибсга олинмаганини таъкидлади.

Қариндошлар участка ташқарисида кутиб ўтиришар экан, зобитлар вақти-вақти билан пайдо бўлиб, карнай орқали маҳбусларнинг исмларини айтишарди.

Ҳар сафар таниш исм эшитилса, оломон орасидан айримларда ташвиш, енгиллик ёки ҳар икки ҳис уйғонарди. Кўпчилик полиция ҳибсга олинганларни таҳқирлаши мумкинлигидан хавотирда эди. Ўзбекистон қамоқхоналарида маҳбуслар калтаклангани ва қийноққа солингани ҳақида яхши ҳужжатлаштирилган ҳисоботлар мавжуд.

Заитов бундай нарса бўлиши мумкинлигини қатъиян рад этди.

Заитов рост гапиргани ёки йўқлигини вақт кўрсатиши мумкин, аммо полициячилар кўчаларда ҳимоясиз намойишчиларга нисбатан қўпол куч ишлатганини кўрсатувчи аниқ далиллар мавжуд. Бундан ташқари, оддий полиция ходимлари ўз хатти-ҳаракатларини текшираётганларга нисбатан узоқ йиллик ишончсизликларини йўқотмаган кўринадилар.

Eurasianet мухбири участка ташқарисидаги қариндошлардан интервью олганидан кейин полиция томонидан бир соатдан кўпроқ вақт давомида ушлаб турилди ва видео ва фотосуратларни ўчиришга мажбурланди. Кейинроқ мухбирдан узр сўраб, қўйиб юборишди.

Қорақалпоғистон: Тармоқларда энг кўп берилган саволларга эксперт жавоби
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:08:48 0:00

Ҳуқуқ-тартибот идоралари мухбирга бир соат ичида икки марта телефонидан материал ўчиришни буюришди. Аввалроқ назорат-ўтказиш пунктидаги қўшинлар суратга олинишларига эътироз билдирган эди.

2005 йилдаги қонли Андижон воқеаларидан кейин ўзгарган нарса шуки, Ўзбекистон энди халқаро ҳамжамият назарида ислоҳотчи мамлакат ўлароқ обрўсини сақлаб қолиш йўлида эҳтиёткорлик билан иш тутмоқда.

Eurasianet мухбири Нукусда фаолият юритаётганида муаммоларга дучор бўлгани ҳақида хабарлар пайдо бўлгач, Тошкентдан Ташқи ишлар вазирлиги аралашди. Бунинг ортидан мухбир ҳукумат вакиллари билан бир қаторда ҳуқуқ-тартибот ва соғлиқни сақлаш ходимлари билан учрашиш ҳамда шаҳар кўчаларида суратга олиш имкониятига эга бўлди.

Маҳаллий журналистларга камдан-кам ҳолатларда бундай юмшоқ муносабат қилинади. Ўнлаб йиллар давомида ҳукм сурган ҳукумат қатағонлари эса фуқаролар нотинч воқеалардан сўнг очиқ гапиришга камдан-кам ҳолатларда рози бўлишини англатади.

«Биз ҳеч нарса дея олмаймиз, акс ҳолда улар бизни қамашади», - деди Eurasianet нашрига Нукусдаги тарвуз сотувчиси хавотир билан.

Ман шу қўрқув муҳити нима учун оз сонли ўзбек оммавий ахборот воситалари Қорақалпоғистондаги тартибсизликлар ҳақида мустақил равишда хабар беришга уринганини тушунишга ёрдам бериши мумкин. Қорақалпоғистондаги воқеалар мамлакатда 2005 йилдан бери кузатилган энг қонли тартибсизликлардир.

Бу камчиликни Нукус мисолида ҳам кузатиш мумкин эди.

«Тошкентлик журналистлар қаерда?» - деб сўради чет эллик мухбирга дуч келган аёл ғазаб билан.

Ўзбекистон ҳукуматининг ахборотни назорат қилиш инстинкти Қорақалпоғистондаги воқеалар бўйича тергов холис бўлмаслиги ҳақида хавотир уйғотмоқда.

«Хавотирга соладигани, ҳукумат эркин фикр изҳор қилиниши ҳамда воқеалар ҳақида хабар берилишини чеклаётгани расмийлар Нукусда нима содир бўлгани борасида фактларни аниқлашдан кўра, маълумот қандай тақдим этилишини назорат қилишга интилаётганига ишора қилади», - деди Фоссум.

«Агар мустақил оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамияти воқеалар ҳақида эркин хабар бера олмаса, расмий версияни текширишнинг иложи бўлмайди».

Таниқли қорақалпоқ журналисти Лолагул Қаллихонова Қорақалпоғистон Ўзбекистондан ажралиб чиқишига чорловчи видеомурожаати Интернетда улашилганидан кейин қўлга олинди, бу эса юқорида тилга олинган хавотирларни яна кучайтиради. Журналист 1 июль куни ушлаб кетилганидан буён у ҳақда ҳеч қандай маълумот йўқ. Ўша куни қисқа муддатга озодликка чиққан фаол Тажимуратов ҳам худди шу тарзда ғойиб бўлди.

Замирида ички омиллар ётган тартибсизликларни изоҳлашга имкон берадиган кенг кўламли тергов ўтказилмаса, расмийлар ноаниқ ва номаълум ташқи кучларни айблаш одатига қайтиши мумкин. Президент Мирзиёев аллақачон бу ниятдан далолат берувчи баёнотлар билан чиқди.

6 июль куни президент тартибсизликлар «чет эл кучлари томонидан йиллар давомида тайёрланганини» иддао қилди. Президентнинг сўзларига кўра, уларнинг мақсади «Ўзбекистоннинг ҳудудий яхлитлигига тажовуз қилиш ва миллатлараро низо келтириб чиқариш» бўлган.

Мирзиёев кимни назарда тутгани ҳақида ҳеч қандай маълумот бермади.

XS
SM
MD
LG