Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 04:27

Фейсбук "троллар"дан тозаланаётиб Москва шаҳар мэрияси аккаунтини ҳам ўчириб қўйди


Жорий ҳафтада АҚШ сиёсатига аралашишда гумон қилинаётган Россиянинг “тролль фабрикаси”га боғлиқ аккаунтлар тозаланаётган пайтда Фейсбук компанияси Москва шаҳри мэрияси аккаунтини ҳам ўчириб қўйди.

Москва шаҳар мэрияси Иқтисодий сиёсат бошқармасининг Фейсбукдаги саҳифаси 4 апрель куни ҳеч бир изоҳсиз ўчириб қўйилди. Бу ҳақда бошқарма матбуот котиби 5 апрель куни телефон орқали Озодлик радиосига хабар қилди.

Котибнинг айтишича, шаҳар мэриясидаги расмийлар Фейсбукдан нима учун саҳифа ўчирилгани сабабини айтишни илтимос қилди. Бир кун олдин Фейсбук компанияси Санкт-Петербургда жойлашган Интернет тадқиқотлари агентлигига (ИТА) боғлиқ кўплаб аккаунтларни ўчирганини маълум қилган эди.

Фейсбук айнан Москва шаҳри мэрияси саҳифаси ҳақидаги саволга изоҳ бермади. Бироқ компания расмий вакили Жан Сиеженнининг (Jan Sciegienny) айтишича, айрим ўчирилган аккаунтлар “бир қанча саҳифаларнинг маъмури бўлган, шу сабабли аккаунтлар ўчирилаётганда бу ҳол улар маъмурлик қилган саҳифаларга ҳам таъсир кўрсатган”.

Энг йирик ижтимоий тармоқ юритувчиларидан бири 3 апрель куни 70 та Фейсбук аккаунти, 138 та саҳифа, 65 та Инстаграм аккаунти ўчирилганини хабар қилди. Уларнинг деярли барчаси рус тилида бўлиб, рус тилли аудиторияга мўлжалланган эди.

Фейсбук вакилининг изоҳ беришича, уларнинг барчаси Санкт-Петербургда жойлашган Интернет тадқиқотлари агентлигига у ёки бу маънода дахлдор бўлган, мабодо яна шунақа аккаунтлар топилса, улар ҳам ўчирилади.

Россия РБК ахборот агентлигининг тахминича, Москва шаҳар мэрияси саҳифаси мустақил прокурор Мюллер ўтказаётган терговда номи қайд этилган Глеб Василченкога дахли борлиги учун ўчирилган бўлиши мумкин.

АҚШ ҳокимият идораларининг айблов хусосасига кўра, Василченко ИТАга тегишли “кўплаб ижтимоий тармоқ аккаунтларига материал жойлаштириш, уларни кузатиш ва янгилаш” учун масъул бўлган. Айни пайтда у ўзини “АҚШ ватандошлари ёки оддий халқ вакилларидан иборат ташкилотлар ходимлари қилиб кўрсатган”.

Москва шаҳри мэрияси Иқтисодиёт бошқармасининг исми сир қолишини истаган матбуот котиби Василченконинг мэрияга ҳеч қандай алоқаси йўқлигини айтди.

Бошқарма саҳифаси ўчирилишидан олдин унинг 6600 нафар обуначаси бор эди.

Россия АҚШ президенти сайловига аралашганини қайта-қайта рад этиб келади. Президент Владимир Путин Россия Мюллернинг тергови натижаларига кўра айб қўйилган 13 нафар ватандошини ҳеч қачон АҚШга бермаслиги ҳақида баёнот берди.

Путиннинг матубот котиби Дмитрий Песков 5 апрель куни жорий афтада ИТАга дахлдор Фейсбук саҳифалари ёпилганидан Кремль таассуфда эканини маълум қилди.

XS
SM
MD
LG