Линклар

Шошилинч хабар
27 декабр 2024, Тошкент вақти: 06:40

Ғазо: Фаластинлик аёл Исроил ҳужумида ўн йилда дунёга келтирган эгизакларидан айрилди


Фаластин - Исроил можароси. Иллюстратив сурат
Фаластин - Исроил можароси. Иллюстратив сурат

Рания Абу Анза 10 йил фарзанд кўрмади. Унинг ҳомиладор бўлиши учун экстракорпорал уруғлантириш (ЭКУ) керак бўлди. Аммо зўрға етишгани беш ойлик эгизаклари – бир ўғил ва бир қизини йўқотиши учун бир неча сония етарли бўлди.

Шанба куни кечқурун Исроилнинг Ғазо сектори жанубидаги Рафаҳ шаҳридаги уйига уюштирган зарбаси унинг болалари, турмуш ўртоғи ва яна 11 қариндошини ўлдирди. Яна тўққиз киши вайроналар остида бедарак йўқолди, дейди тирик қолганлар ва маҳаллий соғлиқни сақлаш расмийлари.

У соат 22:00 атрофида уйғонди, ўғли Наимни эмизиб, бир қўлида ўғил, бир қўлида қизи Виссам билан ухлаб қолди. Эри уларнинг ёнида ётарди.

Портлаш орадан бир ярим соат ўтиб содир бўлган. Уй қулади.

"Мен болаларим ва эрим учун қичқирардим", дейди у йиғлаб, кўкрагига чақалоғи адёлини маҳкам босиб. "Уларнинг ҳаммаси ўлган эди. Оталари уларни ўзи билан олиб кетди ва мени ташлаб кетди”.

У бошини деворга суяб кўзларини юмди.

Исроил Ғазо уруши бошлангандан бери, ҳатто октябрь ойида ўзи хавфсиз ҳудуд деб эълон қилган, бироқ ҳозирда ҳалокатли қуруқлик ҳужумининг навбатдаги нишонига айланган Рафаҳда ҳам оилаларнинг уйларига зарба бермоқда.

Зарбалар кўпинча огоҳлантиришсиз, одатда ярим тунда содир бўлади.

Уруш анатомияси: Араб-Исроил урушлари, Исроил-Фаластин зиддияти тарихи
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:29:23 0:00

Исроил тинч аҳолига зарар етказмасликка ҳаракат қилаётганини айтиб, инсоний талафотларда Ҳамасни айбламоқда, чунки унинг даъвосича, аҳоли зич жойлашган ҳудудларга жангарилар яширинган, туннеллар қурилган ва ракеталар ўрнатилган. Бироқ ҳарбийлар кўпинча аёллар ва болаларни ўлдирадиган алоҳида зарбалар ҳақида камдан-кам изоҳ беради.

Якшанба куни ҳарбийлар ҳужумга изоҳ бермади, бироқ "халқаро қонунларга риоя қиламиз ва тинч аҳолига етказилган зарарни камайтириш учун мумкин бўлган эҳтиёт чораларини кўрамиз" деди.

Жасадлар олинган шифохона директори доктор Марвон ал-Хамснинг айтишича, Абу Анзанинг уйида ҳалок бўлган 14 кишидан олти нафари болалар ва тўрт нафари аёллардир. Рания эри ва болаларидан ташқари опаси, жияни, ҳомиладор амакиваччаси ва бошқа қариндошларидан ҳам айрилган.

Қариндоши Фаруқ Абу Анзанинг айтишича, уйда 35 га яқин одам яшаган, улардан баъзилари бошқа ҳудудлардан мажбуран кўчиб келган эди. Унинг сўзларига кўра, уларнинг барчаси тинч аҳоли, асосан болалар бўлиб, орасида жангарилар бўлмаган.

29 ёшли Рания ва унинг эри Виссам фарзандли бўлиш учун ўн йил ҳаракат қилишди. ЭКУнинг икки босқичи муваффақиятсиз чиқди, аммо учинчисида, ўтган йил бошида ҳомиладор бўла олди. Эгизаклар 13 октябрда дунёга келди.

Унинг айтишича, мардикорлик қилувчи эри шу қадар хурсанд бўлганки, қизига ўз исмларини қўйишни талаб қилган.

"Мен уларга тўёлмадим, – дейди она. – Қасам ичаманки, мен уларга тўёлмадим."

Бир ҳафтадан камроқ вақт олдин Ҳамас бошчилигидаги жангарилар кутилмаган ҳужумда Исроил жанубига бостириб кириб, аҳоли пунктларини вайрон қилган, 1200 га яқин одамни (асосан тинч аҳолини) ўлдирган ва 250 га яқинни, жумладан, болалар ва чақалоқларни гаровга олган эди.

Исроил яқин тарихдаги энг ҳалокатли ҳарбий кампаниялардан бири билан жавоб қайтарди. Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, урушда 30 мингдан ортиқ фаластинлик ўлди. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолисининг қарийб 80 фоизи ўз уйларини тарк этди ва аҳолининг тўртдан бир қисми очарчиликка дучор келди.

Вазирлик ўтган ой урушда 12,300 дан ортиқ фаластинлик болалар ва ўсмирлар ҳалок бўлганини, улар жами ўлганларнинг 43 фоизини ташкил қилганини айтди. Аёллар ва болалар биргаликда ҳалок бўлганларнинг тўртдан уч қисмини ташкил қилади. Вазирлик ўз ҳисоб-китобларида тинч аҳоли ва жангчиларни ажратмаган.

Исроил 10 мингдан ортиқ Ҳамас жангариларини ўлдирганини даъво қилмоқда, бироқ ҳеч қандай далил келтирмаган.

Уруш омон қолган болалар учун ҳаётни дўзахга айлантирди, Ғазо сектори шимолидаги баъзиларни тиббий ёрдамдан мосуво қилди, дейди ёрдам ташкилотлари ходимлари.

“Атиги бир неча километр наридаги ҳаётбахш ёрдамдан ажратиб қўйилган ота-оналар ва шифокорлар ночорлиги ва умидсизлиги ҳисси чидаб бўлмас бўлса керак, лекин бундан ҳам ёмони, бу чақалоқларнинг азобли йиғлашлари аста-секин ўлиб бораётганини бутун дунё кузатмоқда», дейди ЮНИСEФнинг минтақавий директори Адел Ходр якшанба куни.

OzodNazar: Исроил-Фаластин зиддияти ечими нимада?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:45:43 0:00

Шанба кунига қадар Абу Анзанинг оиласи нисбатан омадли эди. Рафаҳ Ғазо сектори шимоли ва жанубдаги Хон Юнис шаҳридаги катта вайронагарчиликдан омон қолганди.

Рафаҳ, шунингдек, ҳозиргача гуманитар ёрдам етиб бораётган Ғазодаги шаҳардир.

Аммо Исроил навбатдаги нишон Рафаҳ бўлишини ва у ерда бошпана топган тахминан 1,5 миллион одам кўчирилиши кераклигини айтди.

"Бизда ҳеч қандай ҳуқуқ йўқ, – деди Рания. – Мен энг яқин одамларимни йўқотдим. Мен бу ерда яшашни хоҳламайман. Мен бу мамлакатдан кетмоқчиман. Бу урушдан чарчадим”.

Форум

XS
SM
MD
LG