Линклар

Шошилинч хабар
30 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:44

Фаоллар Мирзиёевдан инсон ҳуқуқлари ва судлов бўйича ваъдани бажаришни сўрамоқда


Фаоллар Мирзиёевдан инсон ҳуқуқлари ва судлов бўйича ваъдаларни бажаришни сўрамоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:14:58 0:00

Фаоллар Мирзиёевдан инсон ҳуқуқлари ва судлов бўйича ваъдаларни бажаришни сўрамоқда

Ўзбекистонлик фаолларга кўра, мамлакатда абгор инсон ҳуқуқлари вазиятини яхшилаш ваъдаси билан ҳокимиятга келган Шавкат Мирзиёев ҳукумати, якунига етаётган 2022 йилда ҳам бу борада туб ислоҳотлар қилишга шошилмади.

Ҳозирда Францияда яшаётган ҳуқуқ фаоли, Марказий Осиё инсон ҳуқуқлари ассоциацияси раҳбари Надежда Атаева, Ўзбекистонда ҳануз судлар эркин эмас, халқаро ҳажамият талаби билан озод қилинган собиқ сиёсий маҳкумлар ҳануз оқлангани йўқ, аввалги президент Ислом Каримов даврида хорижга қувғин қилинган минглаб сиёсий муҳожир ҳануз юртига қайта олмаётир, деб таъкидлади.

Атаева, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 21-22 ноябрь кунлари Францияга расмий ташрифи арафасида айни талаблар билан Парижнинг Сэнт-Августин майдонида акция ўтказди.

Озодлик, ана шу норозилик акцияси чоғида - шу йилнинг 20 ноябрида Атаева билан суҳбатлашиб, Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқларининг аҳволи ҳақида суҳбатлашди.

Озодлик: Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Францияга расмий ташрифига тўғрилаб ўтказилаётган бу акциядан мақсад нима?

Надежда Атаева: Мирзиёев сайланганига беш йилча бўлиб қолди. У иқтидорга келаркан, ҳуқуқий ислоҳотлар ўтказишга қуюқ ваъдалар берган эди. Назаримизда, сарҳисоб қиладиган вақт келди...

2017 йилда ҳуқуқий ислоҳотлар ҳақида роса оғиз кўпиртиришганди. Барчамиз суд тизими ўзгаришини, сиёсий сабабларга кўра қамалганлар ишлари қайта кўриб чиқилишини кутгандик. Биз собиқ сиёсий маҳкумларнинг тақдири нима бўларкин, дея узоқ кузатдик.

Халқаро ҳамжамият ўнлаб фаолларни сиёсий қочқин ва виждон тутқуни деб тан олган. Лекин афсуски, саноқли маҳкумларгина реабилитация қилинди, улар ҳам қай бир тарзда ҳокимият билан тил топишгани учун озодликка чиқдилар. Бошқа маҳкумлар эса реабилитация қилинмади, улар ҳатто ўз соғлиқларини тиклаш имконига эга эмаслар, чунки чет элга чиқишлари тақиқлаб қўйилган.

Сиёсий мигрантлар мамлакатга кела олишмаяпти, ушбу ҳуқуқий ислоҳотлар натижасида фуқаролигини йўқотган шахсларгина қайтишмоқда, келаётганлар эса ўз юртларида ўзларини сайёҳ каби ҳис этишни бўйинларига олиб, келишяпти. Бизнингча, бу ишлар тўғри эмас.

Биз ҳукумат Каримов бошқаруви даврида авж олган қатағонлар учун тавба қилиши керак, деб ҳисоблаймиз. Ўзгаришларни кўрмас эканмиз, ислоҳотлар муваффақияти ҳақида гапира олмаймиз. Бирон бир ўзгариш сезилмаётган соҳа бу – суд тизими. Биз ҳуқуқбонлар нимани кутган эдик, биласизми? Суд тизимида очиқ суд муҳокамалари бўлиши учун тобора кенгроқ шарт-шароит яратилишини кутгандик.

Бироқ янги ҳокимият янги миллий механизмларни ўйлаб топдики, натижада юқори мартабали мулозимларга, ҳозирги ҳукумат етакчиларини иқтидорга келтирган шахсларга у ёки бу тариқа алоқадор бўлган ишлар ва, умуман, 2005 йилги Андижон фожиасидан сўнг мамлакатни қамраб олган коррупция бўйича гувоҳлик бериши мумкин бўлган барча кишиларга доир ишлар ёпиқ тарзда кўрилмоқда. Улар қамалганлар, аммо биз уларнинг саломатлиги аҳволини била олмаймиз, жамоатчилик уларнинг айнан нега қамалганидан бехабар.

Илгариги МХХ, ҳозирда ДХХ деб аталувчи жазолаш институтининг ислоҳ қилиниши ҳам ёлғон бўлиб чиқди, у ҳуқуқий майдонда ислоҳ қилиниш ўрнига бадтар коррупциялашди. Давлат хавфсизлиги хизмати раисининг биринчи ўринбосари лавозимига Мирзиёевнинг қудаси – катта куёвининг отаси тайинланиши шундан далолат беради. Кичик куёв эса президентни қўриқлаш хизмати бошлиғи. Яъни, бу икки куёв мамлакатимизни ўз таъсир доираларига бўлиб олганлар.

Ўзбекистонга тўғридан-тўғри инвестиция бормаяпти, четдан фақат кредит олинмоқда, натижада мамлакат аҳолиси қарзга ботган. Ва бу оддий фуқароларнинг турмуш даражасида акс этмоқда.

Озодлик: Муштарийларимиздан ҳукуматнинг юқори эшелонларидаги коррупция, бунга президент оиласи вакиллари мансублиги хусусида кўплаб мурожаатлар бўлади. Ҳуқуқ фаолисиз, сизда президент икки куёвининг коррупцион ишларга алоқадорлигига доир иддаоларни тасдиқловчи бирор факт борми ва агар бўлса, Озодликка тақдим қила оласизми?

Надежда Атаева: Шубҳасиз. Биздаги маълумотларга кўра, Фарғона вилоятидаги кўплаб корхоналарни кичик куёв назорат қилади. Тўнғич куёв эса ўз бизнесини ўзбек аслли россиялик олигарх Алишер Усмонов билан ҳамкорликда йўлга қўймоқда. Мирзиёевнинг катта куёви ҳамда катта қизи Усмонов билан жуда яқинлигига рад этиб бўлмас далиллар бор, умуман олганда улар буни яширишмайди ҳам.

Яқинда тўнғич куёв бир ёпиқ тўй базмида Алишер Усмонов билан рақсга тушгани акс этган суратлар қўлимизга тушди. Бу куёв Гулнора Каримова йўлидан боряпти. Бунақа ёпиқ базмлар жамият қандай бўлинаётгани, қайси олигархлар қайси мулозимларга хизмат қилишини кўрсатади. Бугунги кунда Ўзбекистонда қурилиш бизнеси ва банклар катта куёвнинг измида. Баъзи муҳим активлар икковининг ўртасида қўлдан қўлга ўтяпти...

Озодлик: Аккредитация олиш ёки Ўзбекистонда расман фаолият олиб бориш учун рўйхатдан ўтиш мақсадида Адлия вазирлигига мурожаат қилганмисиз?

Надежда Атаева: Ҳозирча йўқ, аммо аккредитация олиш учун албатта мурожаат қиламиз. Бунинг учун аввало ташкилотимизни мазкур миссияга тайёрлашимиз лозим. Ташкилотимиз қарорига биноан, келгуси йилнинг апрелидан сўнг шу ишлар билан шуғулланамиз.

Лекин шу ўринда бир гапни айтишим керак. Биз Конституцияга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш юзасидан ўз таклифларимизни Ўзбекистон парламентига юборган эдик. Улардан жавоб келди. Бизга миннатдорлик билдиришибди. Бунақа муносабат кўриш биз учун ажабланарли ҳол бўлди. Эндиликда эса парламентнинг айрим вакиллари янги Жиноят кодекси юзасидан изоҳ ва Жиноят-процессуал кодекс бўйича таклифлар беришимизни сўрашяпти. Экспертларимиз адвокатлик фаолияти йўналишида ҳам иш олиб боришмоқда.

Умуман олганда, биз фақат танқид билан чекланмаймиз, эълон қилинган ислоҳотлар жуда кенг қамровли эканини тушуниб турибмиз, улар қандайдир умумий мавзуларга алоқадор. Шу боис биз мазкур расмий ташриф муносабати билан ўзимиз учун янги бир акцияни бошладик. У “Бизни эшитинг” деб номланади. Биз мурожаатчиларимизга юзланиб, амалдаги ҳокимиятга ўз аҳволлари хусусида қандай айтар гаплари борлигини сўрадик.

Биз улар билан иш олиб боряпмиз, албатта. Улардан айримлари махсус тартиб-таомиллар бўйича БМТга аризаларини тайёрлаб қўйишган, биз ўзимизнинг муқобил ҳисоботларимизда уларга оид ишларни ёритамиз, бироқ уларнинг ўзларини тинглаш жуда муҳим, токи биз бўрттирмаётганимизни, бу уларнинг овози ва мурожаатлари эканини билишсин.

Бу 50 овоз асосан оммавий “снос”лар мавзуси билан боғлиқ, чунки ушбу сиёсат оқибатида кўпчилиги бошпанасиз қолиб хонавайрон бўлишган. Қолаверса, бу мурожаатлар танқид қилгани учун жабрланган журналист ва блогерлар тақдирига ҳам алоқадор.

Жиноят кодексидан “Туҳмат қилиш” моддаси чиқариб ташланди, бироқ айни чоғда кескин фикр ёки танқид учун озодликдан маҳрум этишни назарда тутувчи бошқа моддалар пайдо бўлди. Шу боис, ислоҳотлар одамларга гапириш имкониятини бериши биз учун жуда муҳим, қолаверса, ҳукуматдаги бюрократия самарали механизмга айланиши керак.

Биз ўз мурожаатчиларимизга минбар беришга ва бир неча ҳафтадан сўнг, натижаларни муҳокама қилиш учун яна тўпланишга қарор қилдик. Чунки биз ўз сўровларимизни Ўзбекистонга йўллаганимиз каби, Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг қанчалик самарадорлигини кўрсатиш ва коррупцион схемалар иштирокчисига айланиш хавфидан огоҳ этиш учун Франция ҳукуматига ҳам йўллаймиз...

Тушунаман, 30 миллионли мамлакатдан атиги 50 мурожаат бу мисоли денгиздан томчи, лекин, майли, лоақал мурожаатлардан бошлайлик. Мурожаатларни ўзбек ва рус тилларида олган бўлсак, кейин француз ва инглиз тилларига ўгирдик, уларнинг арзлари тингланиши учун қўлимиздан келган барча ишни қиляпмиз. Ва ўз навбатида Шавкат Мирзиёевга мужда беришни истаймиз: у Франция ҳукуматига ишончли ҳамкор бўлишни ваъда қиларкан, бу ваъдани бажариши учун жамият уни қўллаб-қувватлаши кераклигини тушуниши лозим.

Надежда Атаева билан суҳбатни қуйидаги видеода тўлиқ томоша қилишингиз мумкин.

Фаоллар Мирзиёевдан инсон ҳуқуқлари ва судлов бўйича ваъдаларни бажаришни сўрамоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:14:58 0:00

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев шу йил 21-22 ноябрь кунлари Францияга расмий ташриф билан борганди.

Бу ташриф жараёнида, томонлар ўртасида қатор соҳаларда ҳамкорлик, кўпроқ сармоявий ҳамкорлик ҳақида гап борди.

Хусусан, француз ширкатлари Ўзбекистоннинг энергетика соҳасига катта миқдорда сармоя киритиши ҳақида келишувларга эришилгани айтиди.

Бундан ташқари, Парижда Ўзбекистонга оид икки кўргазма очилди. Булар Лувр музейидаги “Ўзбекистон воҳалари хазиналари. Карвон йўллари чорраҳасида” ҳамда Араб дунёси институтида «Самарқандга йўл, ипак ва олтин мўъжизалари» номли кўргазмалардир.

Луврдаги кўргазмага 2023 йилнинг 6 мартигача, Араб дунёси институтидаги кўргазма 4 июнигача давом этади.

Форум

XS
SM
MD
LG