17 декабрь куни Фарғона шаҳридаги автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчасида кучли портлаш юзага келди. Портлаш оқибатида, расмий маълумотга кўра, бир киши ҳалок бўлган, 4 киши тан жароҳатлари олган.
Фарғона вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси хабарида айтилишича, яна 8 киши "тиббиёт ходимлари назоратига олинган".
Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларда қурбонлар сони кўпроқ бўлиши мумкинлиги айтилади.
Фарғона шаҳар Аҳмад Яссавий кўчасида жойлашган АЁҚШдаги портлаш "технологик жараёнларнинг бузилиши ва техника хавфсизлиги қоидаларига риоя қилинмагани натижасида" келиб чиққани айтилмоқда.
Тармоқларда тарқалаётган видеолардан кўринишича, портлаш кучи атрофдаги муассасаларга ҳам зарар етказган.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Фарғона вилояти бошқармаси таъкидича, ёнғин маҳаллий вақт билан 14:12 да бартараф этилган.
Ҳодиса юзасидан Фарғона шаҳар прокуратураси томонидан жиноят иши қўзғатилган.