Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:57

Ҳоким калтагидан сўнг қашқадарёлик фермернинг ўзини осгани иддао қилинди


Қашқадарё вилояти Миришкор туманида фермерлик қилган 50 яшар фермер Шерали Давронов 18 июнь кечқурун ўз жонига қасд қилди.

Озодликка келган бу хабарни тасдиқлаган ички ишлар мулозимига кўра, Шерали Давронов уй айвонининг тўсинига ўзини осган.

Фермернинг яқинлари ўша куни туман ҳокими уни буғдой режасини бажармагани учун мажлисда уриб ҳақорат қилганидан сўнг уйга келиб ўз жонига суиқасд қилганини иддао қилмоқда.

Туман ҳокими фермерни сўккани ва ургани ҳақидаги иддаоларни инкор қилди.

Миришкор тумани Миришкор ҚФЙнинг Калта қишлоғида яшаган “Қудратов Маъруф” фермер хўжалигининг 50 яшар раҳбари Шерали Давронов 18 июнь куни ўз жонига қасд қилди.

Воқеага гувоҳ бўлган ларидан бирининг Озодликка иддао қилишича, унинг ўз жонига қасд қилганига туман ҳокими Равшан Комиловнинг мажлисда Шерали Давроновни калтаклагани сабаб бўлган бўлиши мумкин:

“Фермерларнинг айтишича, дон қабул қилиш пунктида ўтказилган мажлисда буғдой планини тўлдирмагани учун туман ҳокими Шерали акани ҳамманинг кўз олдида қаттиқ ҳақорат қилиб, урган экан. Шерали ака кечаси ўша мажлисдан чиқиб, уйига келган ва ичкарига ҳам кирмасдан ўзини осиб қўйган”, дейди марҳум ўзини осганидан сўнг дод-войларни эшитиб, унинг уйига борган ҳамқишлоқларидан бири.

Миришкор тумани ички ишлар бўлимининг исми сир қолишини сўраган мулозими бу хабарни тасдиқлади ва бу иш юзасидан туман прокуратураси суриштирув олиб бораётганини айтди.

Миришкор тумани ҳокими Равшан Комилов Озодлик билан суҳбатда фермер Шерали Давроновни калтаклаганини инкор қилди:

- Мана шу ерга келингда, менинг қандай ишлаётганимни халқдан сўранг. Бугунги кунда туманимиз қандай ютуқларга эришяпти, шуни сўранг. Бугун бировни урадиган сиёсатми? Президентимиз халқнинг дарди билан яшагин деяптилар. Тўғри, бундан хабарим бор, лекин буни текширадиган ички ишлар бор, прокуратура бор. Кузда, баҳорда, ёзда, ўзини осиб қўядиган жараён бўлади. Энди, ҳамма нарсани ҳокимнинг бўйнига қўйиш керак эмасда, ҳоким ҳам инсонку, дейди Миришкор тумани ҳокими Равшан Комилов.

Исми сир қолишини сўраган фермерлардан бирининг айтишича, туман ҳокимининг ҳақорат қилиши ва фермерларни калтаклаши янгилик эмас:

"Ҳокимдан маҳаллий халқ жудаям норози. Лекин, гапиришга қўрқишади. Чунки, у доим "мен президентни одамиман" дейди, шунинг учун шикоят қилишнинг фойдаси йўқ, дейишади. Оғизга олиб бўлмайдиган сўзлар билан ҳақорат қилади. Пландан ошиб қолган ҳосил фермерга тегишли бўлсада, у кўпинча тортиб олади. Мана, масалан Жейнав қишлоғида 100 гектар. узумзор ва ўрикзорни энди гуллаган чоғида буздириб пахта эктирди. Бутун қишлоқ йиғлаб, ҳозиргача қарғайди. Президент пахта далаларини қисқартириб боғ-роғ яратинглар, деган. Бу президентнинг одами бўлса президент буйруғига қарши иш қиладими? Президент халқни рози қилинг, деб бот- бот такрорлайди. Бу одам эса нуқул халқни ҳақорат қилиб, дўппослайди", дейди фермерлардан бири.

Равшан Комилов илгари Чироқчи тумани ҳокими бўлиб ишлаганда унинг зўравонлик сиёсати ҳақида Озодлик хабар берган эди.

2014 йилнинг 7 октябрида Чироқчи туманининг Пўстин қишлоғида истиқомат қиладиган 60 ёшли Мойли буванинг юбилей, келин тушириш ва невараларининг суннат тўйини Чироқчи тумани ҳокими Равшан Комилов бузган эди. Пахта терими пайтида тўй қилмаслик ҳақида фармойиш берган ҳоким ўз буйруғини бузганларни шу тариқа жазолаган эди.

2014 йилнинг 19 октябрида Чироқчи тумани ҳокими Равшан Комилов Шаҳрисабз тумани ҳокими Фахриддин Норовни иш кабинетидан ташқарига чиқариб урган. Озодлик манбаларига кўра, асли шаҳрисабзлик бўлган Равшан Комиловнинг "томорқаси"га Шаҳрисабз ҳокими “тош отганлиги” учун уни шу тариқа жазолаган эди.

XS
SM
MD
LG