Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:02

Ғўзанинг соясида қолиб кетган соя. Фермерлар соя топширишга мажбурланмоқда


Пахта ичига экилган соя. Мингбулоқ тумани.
Пахта ичига экилган соя. Мингбулоқ тумани.

Ўзбекистоннинг Наманган, Андижон, Фарғона вилоятларида фермерлардан соя ҳосили топшириш талаб қилинмоқда.

Ғўза қатор ораларига соя экишга мажбурланган фермерларнинг айтишларича, бу усул самара бермаган, ғўза культивацияси пайтида соянинг асосий қисми юлиниб, йўқ бўлган.

Наманганда ҳар бир фермер 3 тоннадан соя топиб топширишга мажбурланаётган бўлса, Андижонда соя сотиб олиш учун фермерлар номига кредитлар очилмоқда.

Ўзбекистонлик мутахассис олим, пахта билан сояни бирга ўстиришни дунёнинг бирор мамлакатида кўрмаганини айтар экан, бундай тажрибалар кампания сифатида эмас, балки тажриба сифатида алоҳида тажриба майдонларида ўтказилиши кераклигини таъкидлайди.

Наманган вилояти, Мингбулоқ тумани ҳокими Нуршод Худойбердиев ўзининг Телеграм-каналида фермерларга шундай видеохабар қолдирган:

“Ҳурматли МТП раислари, семинарга фермерлар тўлиқ иштирок этсин и семинардан кейин соянинг разборини қиламиз. Бугун графикни бажариш керак, соя бўйича. Ҳамманг, агар ҳудудлар 3 тоннадан қилсанг, бажарилади. Уч тонна! Энди индамай-индамай, байрам кунлари норозичилик кайфият қилмай десам, ҳамманг ўзингдан кетяпсан, ноинсоф МТПнинг раислари”.

Мингбулоқ тумани ҳокими Нуршод Худойбердиев
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:39 0:00

Бу видеони Озодликка юборган мингбулоқлик фермернинг айтишича, мажбурлаб эктирилган соядан ҳосил олиш имкони бўлмаган:

“Йил бошида пахта орасига соя экиш топшириғи берилди. Деҳқонлар қарши чиқди. Чунки соя ва пахта агротехникаси бир-бирини инкор этади. Пахта ҳосили мўл-кўл. Лекин соя бўлмади. Энди ҳоким қайсидир тадбиркор 15 минг сўмдан олиб келган сояни сотиб олишга ва дон корхонасига тенг ярим нархида топширишга мажбур қилмоқда. Бизни бир нарса ҳайрон қолдиради. Шу пахта орасига соя экишни ўйлаб топган раҳбарнинг ё калласи ишламайди, ёки ўта лаганбардор. Халқнинг қарғишидан қўрқмайди. Президентга йўқ нарсани бор қилиб кўрсатиб, олқиш олса бўлди”.

Озодлик суҳбатлашган, исми сир қолишини сўраган бошқа мингбулоқлик фермер соя билан пахтани бирга экиб бўлмаслик сабабларини шундай изоҳлайди:

“Биринчидан, соя касалликка мойил ўсимлик. Бизда пахтага ўргимчаккана билан кўсак қурти кўп тушади. Соя бевосита шу касалликларни чақирувчи ҳисобланади. Иккинчидан, биздаги пахта эгатлари 60-70 сантиметрлик. Унинг орасига соя сиғмайди. Ғўзага культивация солинганда, мажбур у ўрилиб кетади. Учинчидан, соя пишганда пахта ҳам очилиб қолган бўлади. Эгатнинг узунлиги 500 метрми, бир километрми, сояни юлиб, этакда хирмонга ташиб чиқиш керак. Бу ишни эркаклар камдан-кам қилади. Асосан, аёллар ишлайди ва бу аёл учун жуда оғир иш. Ҳам пахта тўкилади, ҳам ортиқча меҳнат”.

Фермернинг айтишича, уларнинг икки гектар алоҳида ерга экайлик, деган таклифлари инобатга олинмаган:

“Йўқ, пахтанинг орасига экамиз, шундай бўлади, деб президентга етказилган, у маъқуллаган, деб кўнишмади. Сояни кластерлар ҳам бўйнига олмади, бу фақат маҳаллий ҳокимларнинг тазйиқи билан бўлаётган ишлар. Энди эса, йўқ сояни топасан, килосини 15 минг сўмдан оласан, деб мажбурлашяпти”.

Мингбулоқ тумани ҳокимининг қишлоқ хўжалиги ишлари бўйича ўринбосари Баҳодир Муйдинов фермерлар соя сотиб олишга мажбурланаётганини инкор қилди:

“Туманда 5170 гектар пахтанинг ичига соя экилган. Ҳозир ҳам сояни йиғиштириб, топшириш давом этяпти. Фермерлар бирор-бир тадбиркордан соя сотиб олиб, топширишга мажбурлангани йўқ. Ҳар гектар ерга 10 центнердан режа қўйилган, гектаридан 12 центнер олганлари ҳам бор. Килосини 9 мингдан сотяпти. Фермерларнинг рентабеллиги ҳам ошди. Соя ҳеч қандай касаллик ҳам келтиргани йўқ”.

Айни пайтда андижонлик фермерлар ҳам экилмаган сояни бошқа тадбиркорлардан сотиб олишга мажбурланаётганини айтмоқда.

Андижон туманидаги исми сир қолишини сўраган фермерлардан бирининг сўзларига кўра, уларга соя сотиб олиш учун кредит расмийлаштириляпти:

“Ўтган йили соя экиб топширган эдик. Пулини беришмади. Агар 1 тонна соя топширган бўлсак, 500 килосини қайтариб берди. Қуритиб, сақлаб турганига 500 килодан олиб қопти. Бу йил эса, ҳеч ким соя экмади. Лекин ҳужжатларга экилди, деб кўрсатилди, шартнома тузилди. Менда ҳам ўша 500 кило турган эди, ўшани олиб бориб топширдим. Масалан, шартномада 2 тонна топшириш керак бўлса, қолган бир ярим тоннасига пахтага ажратилган ресурсдан кредит оформит қилиб, соя сотадиган ташкилотга ўзлари ўтказиб юборяпти. Ёзнинг жазирамасида пахтани чеканка қилган аёл ишчиларга пул йўқ, аммо сояга пул бор экан”.

Фермернинг айтишича, соя кўзбўямачилик учун гўё экилган қилиб кўрсатилди:

“Пахтазорда эгатнинг бош тарафига фермерлар 20-30 метрга экиб қўйишди. Соя пахта билан бир-бирига тушмайди экан. Масалан, касални чақириб олади экан. Ғўзага дори қилсангиз, унга ёқмайди экан, унга дори қилсангиз ғўзага ёқмайди экан. Ҳамма фермерлар пахта билан "айтмайди" бу, деса ҳам мажбур қилишяпти”.

Озодлик Фарғона вилоятида ҳам фермерлар соя сотиб олишга мажбурланаётгани ҳақида хабар берган эди.

Фермерлар сояни пахта билан қўшиб экиш эффектсиз эканлиги ҳақида икки йилдан буён бонг ураётган бўлса-да, аммо водий вилоятларида уни фермерларга мажбурлаб эктириш давом этмоқда.

Қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор Ойбек Кимсанбоев пахта билан сояни бирга ўстиришни дунёнинг бирор мамлакатида кўрмаганини айтар экан, бундай тажрибалар кампания сифатида эмас, балки тажриба сифатида алоҳида тажриба майдонларида ўтказилиши кераклигини таъкидлайди.

“Бугун гап ердан унумли фойдаланиш, юқори ҳосил олиш ҳақида борар экан, бу масалага ҳар-хил қараш мумкин. Тўғри, пахта бизда анъанавий ўсимлигимиз ҳисобланади. Пахта буғдой ва бошқа экинлар билан бирга экиб кўриш тажриба қилинган. Соя эккан деҳқонлар билан мен ҳам гаплашдим. Икки хил экин бўлгандан кейин агротехникаси ҳам, зараркунандалардан ҳимоя қилиш дастури ҳам ҳар-хил бўлади. Бизнинг деҳқонларда эса бундай тажриба йўқ. Шунинг учун одатда, янги технология жорий қилинаётганда аввал у алоҳида тажриба майдонларида синаб кўрилиши, илмий нуқтаи назардан асослаб, агар фойда берадиган бўлса, кейин бошқа жойларда оммавий ташкил қилиш мумкин. Ҳозирча пахта орасига соя экиб зўр натижа олдим, деган деҳқонни мен кўрганим йўқ. Шунинг учун ҳам бу ишларга ура-урачилик билан эмас, балки илмий нуқтаи назардан ёндошилганда яхши бўларди”, - дейди Ойбек Кимсанбоев.

2018 йилнинг февраль ойида ҳукуматнинг “Республикада соя етиштириш ҳажмларини янада кўпайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эълон қилинган эди.

Қарорда соя экинини илмий асосланган ҳолда жойлаштиришга эътибор берилмаганлиги учун бир қанча мансабдор шахсларга ҳайфсан берилган, ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароитларига мос равишда сув таъминоти яхши бўлган, унумдор ер майдонларига соя экинини жойлаштириш тавсия қилинган.

Қарорнинг бирор бандида сояни ғўза қатор ораларига экиш ҳақида ёзилмаган.

XS
SM
MD
LG