Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:29

Феруза Бабашева: Депутат бўлмасам бошимга шу кунлар тушмасди


Феруза Бабашева депутатлик дахлсизлигидан маҳрум қилинди, аммо депутатлик мандатини сақлаб қолди.
Феруза Бабашева депутатлик дахлсизлигидан маҳрум қилинди, аммо депутатлик мандатини сақлаб қолди.

22 ноябрь куни Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туман кенгаши депутатлари навбатдан ташқари сессияда кенгаш аъзоси Феруза Бабашевани депутатлик дахлсизлигидан маҳрум қилиш ҳақидаги қарорни маъқуллаб овоз берди, аммо унинг депутатлик мандатини сақлаб қолди.

15 ноябрь куни ИИБ рейди чоғида олинган видео тармоқларга сиздирилганди. Видеода номаълум эркак билан тўшакда ётган аёлнинг депутат Бабашева экани айтилган, кейинроқ Бабашеванинг ўзи буни тасдиқлаганди. У видео 2 октябрь куни олинганини айтган ва депутатлик фаолиятига тўсқинлик қилиш мақсадида қасддан сиздирилганини даъво қилган.

43 яшар депутат Бабашева маҳаллий ҳокимлик билан турли ижтимоий ва иқтисодий муаммолар юзасидан тўқнашган, амалдорлар билан бир неча бор судлашиб, ғолиб чиққани билан тилга тушган.

Халқ-демократик партияси туман кенгаши раиси бўлган Бабашеванинг Озодликка айтишича, 22 ноябрь кунги йиғилишда бу видео муҳокама қилинган, аммо асосий муҳокама мавзуси - унинг устидан "тармоқларда ҳақорат қилди" деган мазмунда собиқ прокурор киритган шикоят бўлган.

Бабашева кенгаш қароридан рози эмаслиги, боиси прокурор шикояти ҳали судда тасдиғини топмагани ва бошқа масалаларда ҳам унинг шахсий ҳаёт ҳамда депутатлик дахлсизлигига амал қилинмади, деб ҳисоблашини таъкидлади.

Шунингдек, Бабашева бу интим видеонинг тармоқларга чиқиш сабаблари ва ундан кейинги ҳаёти ҳақида Озодлик тингловчиларидан келаётган айрим саволларга ҳам қисман жавоб берди.

16 ноябрь куни Тошкент вилояти ИИББ, бошқарма тезкор ходимлари 2 октябрь куни маҳаллий аҳолидан бирининг аризасига кўра, дачалардан бирида текширув ўтказиб, у ерда жинсий алоқада бўлаётгани аниқланганини маълум қилди.

Расмий баёнотда айтилишича, видеодаги ҳолат Бўстонлиқ тумани “Хумсон” маҳалласидаги дала ҳовлилардан бирида ўтказилган рейд пайтида тасвирга олинган.

Бошқарма ахборот хизмати раҳбари Бобур Тўлагановнинг Озодликка айтишича, рейд "дала ҳовлида ишратхона ташкил қилингани борасида келиб тушган ариза" асосида ўтказилган:

"Тошкент вилояти ИИББнинг позицияси шундай: Биз бу видео тарқатилганини оқламаймиз. Бу видео ички ишлар бошқармаси томонидан атайлаб чиқарилган, деган даъво бўляпти. Биз бунақа иш қилмаймиз! Бу аёлга нисбатан Ички ишлар томонидан ҳеч қандай хусумат йўқ. Рейд пайти олинган видео бўлгани билан бу аёл депутат бўлгани учун видео уларнинг обод-аҳлоқ комиссиясига муҳокама учун юборилган бўлиши мумкин. Кейин бу аёл мансабдор шахс бўлгани учун тегишли идораларга ҳам видео берилган бўлиши керак. Видео ким томонидан тармоқларга тарқатилгани аниқланмади ҳали. Бу бўйича махсус гуруҳ тузилиб, ишланаяпти. Аниқланган тақдирда, айбдорга нисбатан қонуний чора кўрилади".

Орадан бир ярим ой вақт ўтиб, тармоқларга чиқарилган видеони Феруза Бабашева ўзининг депутатлик фаолиятига тўсқинлик қилиш уриниши сифатида баҳолайди:

- Бунақа ҳолат, агар мен депутат бўлмаганимда ҳеч қачон менинг бошимга тушмасди. Мен ўйлайманки, шунақа танқидий мақолалар чиқармаган бирорта депутатнинг бошига тушмайди бунақа ҳолат, унинг аҳлоқи қай даражада бўлишидан қатъи назар... Масалан, шунақа видеоси чиққан ҳар бир аёл учун бу ўзи иснод аслида, буни ўзим тушуниб турибман. Лекин, мен ҳеч кимнинг олдида ўзимни оқламоқчи эмасман. Лекин, менинг позициям шунақа бўлгани учун шу ҳолат менинг бошимга тушди.

Қуйида депутат Феруза Бабашева билан суҳбатни тўлиқ тинглашингиз мумкин:

Ф. Бабашева: Депутат бўлмаганимда, бу кунлар бошимга тушмасди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:15:23 0:00
Бевосита линк

Бабашевага кўра, унинг интим видеоси тарқатилишидан аввал, Ўрта Чирчиқ туман прокуратураси «Агробанк» бошқарма бошлиғининг аризаси асосида уни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисида тақдимнома киритган.

9 ноябрь куни имзоланган ушбу ҳужжатда депутат Бабашева тармоқлар орқали “Агробанк”ни Ўзбекистондаги энг ўғри банклардан бири деган фикрлари учун Жиноят Кодексининг 41- моддасида айбланган.

18 ноябрь куни Ўртачирчиқ туман кенгашининг одоб-аҳлоқ комиссияси депутат Феруза Бабашева масаласини кўриб чиқди. Унинг ўзи кеч қолганлик важи билан мажлисга қўйилмади.

Мажлисга қўйилмаган Бабашева шу куни ҳокимлик биноси олдида нотаниш аёлнинг ҳужумига учради. Воқеага гувоҳ бўлган блогерлардан бирининг иддаосича, Бабашевага қилинган нотаниш аёл ҳужуми мухолиф фикрлиларга нисбатан уюштириладиган махсус томошалардан биридир.

Интим видео можароси эса кейинги 4 ой ичида иккинчи бор шов-шувга сабаб бўлди. Танқидий мақолалари билан танилган “Qalampir.uz” журналисти Феруза Нажмиддинова жорий йилнинг август ойида худди шундай ҳолатга тушганди.

Гуёки Нажмиддинова экани айтилган интим видео тармоқларга тарқатилиб, журналистни ёмонотлиқ қилишга уринишлар бўлганди. Кейинчалик Ички ишлар вазирлиги видеодаги аёл билан эркак аслида хорижлик эр-хотин экани аниқланганини билдирди. Бироқ орадан 4 ой ўтса-да, журналист Нажмиддиновани обрўсизлантиришга ҳаракат қилган шахслар ушланмади.

Депутат Бабашева эса интим видеосини тармоқларга тарқатганлар жазоланиши учун охиригача курашмоқчи. Айни пайтда депутат аёл ўзининг Фейсбук саҳифасида "халқданэълон қилди.

Феруза Бабашева ХДП Ўрта Чирчиқ туман кенгаши раиси, бунга қадар 12 йил мактаб директори, кейин эса халқ ва мактабгача таълим бўлими мудири лавозимларида ишлаган.

XS
SM
MD
LG