Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 05:02

Ўзбекистон элчихонаси ўзбекларнинг Финляндиядан депортацияси расман тасдиқланмаганини билдирди


Финляндия Миграция хизмати – Migri охирги ярим йилда мамлакатдан депортация қилинган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари сони 219 кишига етгани, яна 258 ўзбекистонликка ишга рухсатнома берилмаганини очиқлади. Бу хабарни тарқатаётган Финляндиянинг Yle нашрига кўра, сохта дипломлар билан мамлакатга кириб келишга уринаётган ўзбеклар сони камаймаётир.

Бироқ, Ўзбекистоннинг Латвиядаги элчихонаси, маҳаллий матбуотда келтирилаётган рақамлар расмий тарзда эълон қилинмагани боис, уларга шубҳа билан қарашга чақирди.

Финляндиянинг Yle нашрида “Ўзбеклар сохта дипломлар билан Финляндияга кириб келишга уринишларни давом эттирмоқда” мақоласи чоп этилди.

Мақолада ёзилишича, мамлакат Миграция хизмати – Migri охирги ярим йилда Финляндиядан 219 нафар ўзбекистонликни депортация қилиш тўғрисида қарор қабул қилган.

Ундан ташқари, Migri 258 нафар ўзбекка ишга рухсатнома беришни рад этди. Жорий 2019 йилда ишга рухсатнома 42 ўзбекистонликка берилди”, деб Миграция идорасидаги манбасига таяниб хабар қилди Yle.

Ўзбекистонлик ишчиларга ишга рухсат берилмаётганига аксар ҳолларда уларнинг финн миграция ҳукуматига тақдим этган қурилиш техникумини битиргани борасидаги қалбаки дипломлар сабаб бўлаётгани айтилди.

Финляндия журналистлари сохта дипломлар билан Финляндияга ишга келаётган ўзбеклар сони камаймаётганини иддао қилди.

Улар қалбаки дипломлар билан Ўзбекистондан келиш ҳоллари асосан 2017-2018 йиллари давомида авж олганини ёзди.

Бироқ Финляндия Миграция идораси расмий сайтида ҳам бу масалада ҳозирча бирор расмий изоҳ берилмаганини кўриш мумкин.

Бундан олдинроқ Озодлик Финляндия Миграция хизмати 2019 йилнинг баҳор ва ёз ойларида 139 нафар ўзбекистонликни мамлакатдан депортация қилиш тўғрисида қарор қабул қилгани борасида хабар берганди.

Шов-шувни келтириб чиқарган қалбаки дипломлардан бири
Шов-шувни келтириб чиқарган қалбаки дипломлардан бири

Депортация қилинаётганларнинг деярли ҳаммаси 1993 йилда фаолияти тўхтатилган “Туямўйингидрострой” трестининг Ўқув комбинатида қурувчиликнинг турли йўналишларида таҳсил олгани тўғрисида диплом тақдим этган.

Бироқ, Ўзбекистоннинг Латвиядаги элчихонаси ходимларига кўра, келтирилаётган рақамларга шубҳа билан қараш керак, зеро бу маълумотлар расмий тарзда эълон қилинмаган.

- Прессадаги маълумот бу. Афсуски Финляндия тарафи аниқ сонлар бўйича бизга расмий маълумот бергани йўқ. Илтимос қилганмиз, кутиб турибмиз. Тушунмовчиликлар кўп бўляпти шунинг ортидан – ҳар хил рақамлар чиқяпти, Ўзбекистонда ҳам ахборот воситалари текширмасдан чиқарворишибди. Хуллас, Финляндия ҳукумати бу масалада аниқ рақамларни келтиргани йўқ, деди финн нашрларида эълон қилинаётган 249 кишининг депортацияси тўғрисидаги рақамлар расман тасдиқланмаганини билдирган Ўзбекистон элчихонаси вакили.

Шу йилнинг 13 июлдаги хабарида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг Консуллик-ҳуқуқуқий департаменти сохта ҳужжатларга эга Ўзбекистон гражданларининг депортация қилинаётгани ва улар иши назоратга олингани айтилган эди.

Хоразмлик М. Бир неча йилдан бери Эсмаадаги турар-жой қурилишида ишлаб келади ва шу йилнинг бошида Финляндиядан чиқариб юборилиши ҳақида огоҳлантирилган.

Озодлик суҳбатлашган бу йигит депортацияга қарши Ҳелсинки судига шикоят ёзгани ва ҳозирча уларга ҳеч ким “чиқиб кет” деб айтмаётганини билдирди.

- Ҳозирча бизларга ҳеч ким ҳеч нарса демаяпти, чиқиб кет деб. Ишлаяпмиз. Ишимизни судга ошириб қўйганмиз, бўлди. Жавоби қачон келишини билмадим – бир ойми, бир йилми. Тинчлик бўлиб қолди. Ўша 8 соатлик иш вақтимиз, 2 кун дам оламиз. Финлар қандай ишласа, биз ҳам шундай ишлаймиз. Ойликларимиз яхши, ҳарҳолда Россиядан анча яхши ойлик оламиз. Бу ердан бирдан шунча одамни чиқариб юборса, қурилиш фирмаларида иш тўхтаб, уларга катта жарималар солинади, деди исмини ошкор қилмаган қурувчи йигитлардан бири.

Финляндия Меҳнат ва иқтисодий тараққиёт вазирлиги эълон қилган маълумотларга кўра, мамлакатда 40 касб бўйича малакали мутахассис етишмаслиги сезилмоқда, ваҳоланки, 2017 йилда бу кўрсаткич 24 соҳа бўйича берилган.

Энг катта эҳтиёж оғир жисмоний меҳнат талаб қилинадиган қурилиш соҳасида экани айтилди.

Озодлик гаплашган Финляндиядаги ўзбекларга кўра, қурилиш ширкатларига асосан Ўзбекистоннинг Хоразм вилоятидан ишчилар келмоқда.

Финляндия Миграция хизматининг ўзбек қурувчиларини депортация қилиш тўғрисидаги қарори маҳаллий қурилиш компаниялари жиддий норозилигини келтириб чиқарди: малакатдаги 7та йирик қурилиш компанияси Финляндия миграция ҳукуматининг ўзбек муҳожирларини бадарға қилиш тўғрисидаги қарорига қарши чиқди.

Улар Уусимаа ва бошқа минтақалардаги янги қурилаётган уй-жойлар ва объектлар ўзбек сувоқчилари ва бўёқчиларисиз битмасдан қолишидан хавотир эканини маълум қилди.

Финляндия Статистика бошқармаси маълумотича, мамлакатнинг бир нечта саноат марказлари қурилиш ишларига 800 га яқин ўзбек ватандоши жалб қилинган.

Аммо финн касаба уюшмалари давлатда арзонга хориж ишчиларини ишлатилишига қарши чиқиб, Финляндияда 3000 яқин бўёқчи ишчиз юрганини маълум қилди.

Улар асосан янги саноат зоналарида қурилиш олиб борилаётган Эспо, Эсмики ва Вантаа шаҳарлари ва пойтахт Ҳелсинкидаги қурилишларда бўёқчилик ва сувоқчилик билан шуғулланиб келади.

XS
SM
MD
LG