Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:13

ФХХ Навальнийнинг "суиқасд иштирокчиси" билан сўзлашуви сохта эканини айтмоқда


Навальнийнинг YouTubeдаги видеосини илк соатда 1 миллиондан ортиқ одам томоша қилган - скриншот
Навальнийнинг YouTubeдаги видеосини илк соатда 1 миллиондан ортиқ одам томоша қилган - скриншот

Россия Федерал хавфсизлик хизмати Алексей Навальнийнинг гўёки ўзини заҳарлаганлардан бири билан телефон мулоқоти акс этган ёзув сохта эканини айтди. ТАСС агентлигининг ФХХ вакилидан иқтибос келтиришича, россиялик мухолифатчи эълон қилган текширув “Россия махсус хизматларини обрўсизлантиришга қаратилган иғвогарлик ҳаракатидир”.

21 декабрь куни Алексей Навальний ўзига қарши суиқасд иштирокчиларидан бири эканини айтган шахс билан телефон ёзувини YouTube каналига жойлади. Навальнийнинг ўзи ФХХ тезкор ходими Константин Кудрявцев билан гаплашганини айтмоқда.

Навальнийнинг сўзларига кўра, ўзининг заҳарланиши юзасидан олиб борган тадқиқоти чоғида у суиқасдга алоқаси борлиги айтилган ФХХ ходимларининг рақамларига бир неча қўнғироқлар қилган. Айтилишича, мухолифатчи қўнғироқни махсус илова орқали амалга оширган ва шунинг учун ҳам Кудрявцев ўзига иш рақамидан телефон бўляпти, деб ишонган. Айни рақам ФХХ ходимлари томонидан юқори мартабали зобитлар билан алоқада коммутатор рақами сифатида ишлатилган.

Навальний ўзини Хавфсизлик кенгаши котиби Николай Патрушевнинг ёрдамчиси, Максим Устинов деб таништиради ва раҳбариятга ҳисобот тайёрлаш учун бир неча жиҳатга ойдинлик киритиш кераклигини айтади.

Алексей Навальний билан сўзлашув чоғида, унинг ўзи ФХХ ходими Константин Кудрявцев деб таништирган шахс, агар учоқ Омск аэропортга шошилинч қўндирилмаганида ва тез тиббий ёрдам кўрсатилмаганида мухолифатчи ўлган бўлар эди, деб айтади.

."Агар яна озроқ чўзилганида, эҳтимол, ҳаммаси бошқача тугарди. Кўряпсизми, тасодиф...Бу бизнинг ишимизда орага кириши мумкин бўлган энг ёмон омил”. Навальнийнинг суҳбатдоши, шунингдек, заҳарли модда мухолифатчининг ички кийимида бўлганини айтган.

Кудрявцевга қўнғироқ қилган пайт Навальний унинг ўзини таъқиб қилган ФХХ гуруҳида бўлгани ва Германиядаги шифохонага олиб кетилганидан кейин Омскга етиб борганини биларди.

Аввалроқ Навальнийнинг заҳарланиши юзасидан текширув ўтказган The Insider ва Bellingcat нашрлари кимёвий моддалардан ҳимояланиш бўйича мутахассис бўлган Кудрявцев заҳар қолдиқларини қандай тозалашни билиши, шунинг учун ҳам Омскга махсус учиб боргани ҳақида ёзган эди.

Телефон суҳбатида Кудрявцев Навальнийнинг кийимини тозалаш учун унга ФХХнинг терроризмга қарши кураш бўйича маҳаллий бошқармаси бошлиғи «Михаил» берганини айтади. Навальний тўлиқ исми Михаил Валерьевич Евдокимов экани айтилган шахсга ҳам телефон қилган. У очиқ линиядан гаплашишини рад этади, аммо Кудрявцевга кийимни етказиб бергани ва транспорт полицияси билан биргаликда ишлаганини тасдиқлайди.

Кудрявцев заҳарлаш амалиётининг бошқа эҳтимолий иштирокчилари номини ҳам очиқлайди. Жумладан, олдинги тадқиқотда исми тилга олинганмаган Василий Калашников. The Insider нашри маълумотларига кўра, Калашников – заҳари газ хромотографияси бўйича мутахассис. Бу биологик намуналарда кимёвий моддалар, жумладан, асабни фалажлантирувчи заҳарларни аниқлашнинг замонавий усули.

Навальнийнинг YouTubeдаги видеосини биринчи соатнинг ўзида 1 миллиондан ортиқ одам томоша қилди.

14 декабрь куни Британияда жойлашган Bellingcat тадқиқот гуруҳи Россия мухолифати етакчиси Алексей Навальний заҳарланиши ортида Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) тургани айтилган текширувини эълон қилган эди.

Терговни Bellingcat Россиянинг Insider тергов сайти, Германиянинг Der Spiegel газетаси ва АҚШнинг CNN агентлиги билан ҳамкорликда ўтказган.

Терговни олиб борган журналистлар «Телеком ва саёҳат маълумотлари кўринишидаги катта ҳажмдаги далилларга» таянган ҳолда, Навальнийни заҳарлаш режаси 2017 йилда ишлаб чиқилган, деган хулосага келганлар.

сайтида эълон қилинган баёнотда «2017 йил бошидан 2020 йил августигача заҳарли моддалар билан ишлашга ихтисослашган яширин ФХХ бўлинмаси ходимлари Навальнийни Россия бўйлаб таъқиб қилгани, унинг ёнида 30 дан ортиқ рейсда парвоз қилгани ва Томскдаги амалиётдан аввал уни икки марта заҳарлашга урингани айтилади.

20 август куни Навальний заҳарланиш асоратлари билан Омскда касалхонага ётқизилганди. Унинг аҳволи Томскдан Москвага парвоз қилаётганида ёмонлашган. 22 август куни мухолифатчи Берлиндаги «Шарите» клиникасига кўчирилган. У икки ҳафтадан кўпроқ комада ётган.

Айни пайтда Германияда соғлиғини тиклаётган Навальний унинг заҳарланиши билан боғлиқ иш Россияда расман тергов қилинмаганига қарамай, «ўз ечимини топгани»ни таъкидлади.

Мухолифатчи уни заҳарлаш буйруғини Россия президенти Владимир Путин бергани ҳақидаги иддаосини яна такрорлади. Кремль бу айбловларни рад этиб келади.

Bellingcat гуруҳига кўра, тергов давомида Навальний билан бирга Новосибирскка борган ва унинг изидан Томск шаҳрига борган уч нафар ФХХ ходими аниқланган.

Учала агентни камида яна беш нафар ФХХ ходими қўллаб-қувватлаган ва назорат қилган. Уларнинг баъзилари Навальний касалхонага ётқизилган Омск шаҳрига ҳам боришган.

Ҳисоботда Навальний изидан борган шахслар Алексей Александров ва Иван Осипов ҳамда Владимир Панияев исмли агент эканлиги айтилди.

«Гуруҳ аъзолари операция давомида бир-бири билан алоқада бўлган. Заҳарланишдан олдин ва Алексей Навальний тунда (Москва вақти билан) меҳмонхонасидан чиқиб, Томск аэропортига йўл олган пайтда тўсатдан мулоқот кўпайган», дейилади ҳисоботда.

Навальнийнинг аҳволи учоқ ҳавога кўтарилганидан кейин бирданига ёмонлашган ва шу сабабдан Омск шаҳрида фавқулодда қўнишни амалга оширишга мажбур бўлган. Омскда бир неча кун даволанган Навальний Германияга олиб кетилди. У ерда шифокорлар мухолифатчига асабни фалажловчи заҳар берилганини хулоса қилдилар.

14 декабрь куни Навальний ўз жамоаси Bellingcat тергови натижаларини ўрганиб чиққанини айтди.

«Ким мени ўлдирмоқчи бўлганини биламан. Улар қаерда яшашини биламан. Қаерда ишлашини биламан. Асл исмларини биламан. Сохта исмларини биламан. Менда уларнинг фотосуратлари бор», - деди Навальний ўз видеомурожаатида.

Bellingcat ҳисоботи эълон қилинишдан бир неча кун олдин Британияда нашр этиладиган Times газетаси ғарб давлатлари жосуслик хизматларидаги манбаларига таянган ҳолда, Навальний Германияга олиб кетилишидан олдин уни иккинчи марта заҳарлашга уриниш бўлгани ҳақида ёзди.

Bellingcat ҳисоботида айтилишича, Россия криминалистик институтига алоқадор 12 нафар ФХХ ходимининг телефон метадатаси таҳлили шуни кўрсатадики, институт кимёвий қуроллар тайёрлайдиган лабораторияга эга бўлиб, Совет Иттифоқи даврида КГБни тарк этган жосуслар тасвирлаган лабораторияларга ўхшайди.

XS
SM
MD
LG