Линклар

Шошилинч хабар
27 декабр 2024, Тошкент вақти: 04:11

Ғазоликлар Рамазонни очликда кутиб олди. Исроил-Ҳамас урушининг эса охири кўринмайди


Ғазо бўлгаси. Рамазон, 2024
Ғазо бўлгаси. Рамазон, 2024

Охири кўринмаётган уруш даҳшатидан чарчаган, очликдан силласи қуриган Ғазо аҳолиси муқаддас Рамазон ойини қарши олди.

АҚШ, Қатар ва Миср Рамазон кириши олдидан оташкесим бўлишига, ҳар икки томондан гаровга олинганлар озод қилинишига ҳамда инсонпарварлик ёрдами учун йўл очилишига умид билдирган эди. Аммо ўт очишни тўхтатиш бўйича музокаралар ўтган ҳафта тўхтаб қолди.

Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги охирги суткада Исроил ҳужумлари натижасида 67 киши ҳалок бўлгани, уруш бошланганидан бери қурбон бўлган фаластинликлар сони 31 112 дан ошганини маълум қилди. Вазирлик юритаётган ҳисоботда тинч аҳоли ва жангчилар қўшиб ҳисобланган. Бироқ ўлганларнинг учдан икки қисмини аёллар ва болалар ташкил этиши айтилган.

"Ассошиэйтед Пресс" агентлигининг хабар беришича, якшанба оқшоми ғазоликлар кўчада, вайрон бўлган бинолар орасида намоз ўқишган. Баъзи одамлар гавжум чодир лагерларида гулчамбар ва безаклар осиб қўйган. Бошпанага айланган БМТ мактабидан олинган видеода болаларнинг рақсга тушиб, қўшиқ айтаётгани, бир киши овоз кучайтиргичда гапираётгани акс этган.

Аммо 30 000 дан ортиқ фаластинликни ўлдирган ва Ғазо секторининг кўп қисмини вайронага айлантирган беш ойлик урушдан сўнг, байрам қилиш учун баҳона оз. Одамлар одатда кунлик рўзаларини байрамона зиёфатлар билан очадилар, лекин консервалардан ташқари озиқ-овқат жуда кам ва нархлар кўпчилик учун жуда баланд.

Ғазо: Рамазон олдидан ўт очишни тўхтатиш умидлари сусаймоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:07:20 0:00

Якшанба куни энг жанубдаги Рафаҳ шаҳрида озиқ-овқат харид қилаётган Сабоҳ ал-Хенди: "Кўзларида қувонч бор одамни кўрмайсиз, – дейди. – Ҳар бир оила қайғули. Ҳар бир оилада битта шаҳид бор”.

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш душанба куни бошланган мусулмонлар учун муқаддас Рамазон ойи шарафига Ғазо секторида “қуроллар сукунати”га чақирди.

Гутерриш журналистларга Рамазон “тинчлик, ярашув ва ҳамжиҳатликни нишонлашини айтди. Бироқ, Рамазон бошланган бўлса ҳам, Ғазо секторида қотилликлар, портлашлар ва қон тўкилишлар давом этмоқда”.

У, шунингдек, Ҳамас томонидан гаровга олинганларни озод қилишга ва Ғазо секторига "ҳаётий зарур ёрдамни талаб қилинадиган тезлик ва миқёсда етказилишини таъминлаш учун барча тўсиқларни" олиб ташлашга чақирди.

"Халқаро гуманитар ҳуқуқ поймол қилинмоқда, – деди у журналистларга. – Исроилнинг Рафаҳга ҳужум қилиш хавфи ғазоликларни жаҳаннамнинг янада тубига итқитиши мумкин."

Қўшма Штатлар, Қатар ва Миср ўнлаб исроиллик гаровга олинганлар ва фаластинлик маҳбусларни озод қилиш ва катта миқдордаги гуманитар ёрдамни олиб кириш учун рамазон ойи олдидан ўт очишни тўхтатишга умид қилишган эди, лекин музокаралар ўтган ҳафта тўхтаб қолди.

Ҳамас ҳар қандай бундай келишув урушнинг тугашига олиб келиши учун кафолат истамоқда, Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняҳу эса жангари гуруҳ устидан “тўлиқ ғалаба” қозонилиб, қолган барча гаровдагилар озод қилинмагунча ҳужумни давом эттирмоқчи.

Уруш 7 октябрь куни Ҳамас етакчилигидаги жангарилар Исроил жанубига бостириб кириб, 1200 га яқин одамни, асосан тинч аҳолини ўлдирган ва 250 га яқин кишини гаровга олгандан кейин бошланган. Ўтган йилги алмашинишдан сўнг ҳам Ҳамас 100 га яқин асир ва яна 30 кишининг жасадини ушлаб тургани ишонилади.

Уруш Ғазонинг 2,3 миллион аҳолисининг қарийб 80 фоизини уйларини ташлаб кетишга мажбур қилди ва юз минглаб одамларни очарчилик ёқасига олиб келди. Соғлиқни сақлаш расмийлари айтишича, Ғазо шимолида камида 20 киши, асосан болалар, тўйиб овқатланмаслик ва сувсизланишдан вафот этган.

Октябрь ойидан бери Исроил кучлари шимолни яккалаб қўйган ва ёрдам гуруҳлари Исроил чекловлари, давом этаётган жанглар ва қонунсизлик ва тартибсизлик минтақанинг катта қисмига жуда зарур бўлган озиқ-овқатни хавфсиз етказиб беришни деярли имконсиз қилиб қўйганини айтишади.

Айни пайтда Исроил тинч аҳоли ҳужумдан қочиш учун қаерга бориши хали аниқ бўлмай туриб, Ғазо аҳолисининг ярми бошпана топган жанубий Рафаҳ шаҳрига ҳужумини кенгайтирмоқчи. Президент Жо Байденнинг айтишича, Рафаҳга ҳужум унинг учун "қизил чизиқ"дир, аммо Қўшма Штатлар Исроилга ҳарбий ёрдам беришда давом этади.

Ўзининг йиллик Рамазон мурожаатида Байден муқаддас ой "катта оғриқли пайтда" келаётганини тан олди.

“Яқин кунлар ва ҳафталарда мусулмонлар ифторлик қилиш учун бутун дунё бўйлаб тўпланар экан, Фаластин халқининг изтироблари кўпчилик диққат марказида бўлади. Бу менинг эътиборимда турибди”, деди у.

Қўшма Штатлар ва бошқа давлатлар сўнгги кунларда ҳаводан ёрдам юборишни бошлади, аммо гуманитар гуруҳлар бундай саъй-ҳаракатлар қиммат ва етарли эмаслигини айтмоқда. АҚШ ҳарбийлари гуманитар ёрдам олиб ўтиш учун денгиз кўприги қуришга асбоб-ускуналарни ташишни ҳам бошладилар, аммо у ишга тушиши учун бир неча ҳафта ўтиши мумкин.

Испаниянинг “Open Arms” гуманитар гуруҳига тегишли, 200 тонна озиқ-овқат ёрдами юкланган кема, қачон жўнаб кетиши номаълум бўлса-да, қўшни Кипрдан Ғазо секторига жўнаши кутилган эди. Исроил денгиз юкларини мамнуният билан қабул қилишини, аммо Ғазога йўл олган юкларни Кипрни тарк этишдан олдин текширишини билдирмоқда.

Кипрда жойлашган кема Ғазо секторидаги номаълум жойга икки-уч кун ичида етиб келиши кутилмоқда. Озиқ-овқатлар таниқли ошпаз Хосе Андрéс томонидан асос солинган Американинг World Central Kitchen хайрия ташкилоти томонидан етказиб берилмоқда. Кема Ғазога етиб боргач, ёрдам кран орқали туширилади, юк машиналарига ортилади ва шимолга жўнатилади.

Ғазо Исроил қуршовида
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:16 0:00

Қўшма Штатлар Исроилга жиддий ҳарбий ёрдам кўрсатди ва уни ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги халқаро чақириқлардан ҳимоя қилди, шу билан бирга, уни тинч аҳолига зарар етказмаслик ва гуманитар ёрдамни осонлаштириш учун кўпроқ ҳаракат қилишга ундади.

Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги душанба куни уруш бошланганидан бери камида 31 112 фаластинлик ҳалок бўлганини, жумладан, сўнгги 24 соат ичида 67 жасад шифохоналарга етказилганини маълум қилди. Вазирлик ўз ҳисобида ўлган тинч аҳоли ва жангариларни ажратмайди, бироқ ўлганларнинг учдан икки қисмини аёллар ва болалар ташкил этишини айтмоқда.

Исроил тинч аҳоли ўлимида Ҳамасни айблайди, чунки жангарилар аҳоли зич жойлашган аҳоли пунктларида, уйлар, мактаблар ва масжидлар яқинида туннеллар қурган ва ракета отмоқда. Исроил ҳарбийлари далиллар келтирмай туриб, 13 минг Ҳамас жангарисини ўлдирганини даъво қилмоқда.

Шанба куни MSNBC телеканалида сўзлаган Байден Исроил 7 октябрдаги ҳужумга жавоб беришга ҳақли, бироқ Нетаняҳу “бегуноҳ одамлар ўлимига кўпроқ эътибор қаратиши кераклигини” айтди. Унинг қўшимча қилишича, “яна 30 минг фаластинликнинг ўлимига йўл қўйиб бўлмайди”.

Рамазон ойи бошланганидан бери Қуддуснинг Эски шаҳар тор кўчаларига ҳам минглаб полициячилар жойлаштирилди, бу ерда исломдаги энг муқаддас масканлардан бири бўлган Ал-Ақсо масжидига ўн минглаб намозхонлар тўпланиши кутилмоқда.

Масжид Рамазон ойида ва Ғазодаги уруш пайтида зўравонлик ўчоғига айланиши мумкинлигидан хавотирлар бор, Ҳамаснинг қуролли қаноти вакили фаластинликларни сафарбарликка ва ал-Ақсога йўл олишга чақирди.

Форум

XS
SM
MD
LG