Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:02

"Ижтимоий аҳамиятга эга эмас" деб топилган корхоналарга газ бериш тўхтатилди


Декабрь ойи бошидан бошлаб бутун Ўзбекистон бўйлаб ижтимоий аҳамиятга эга бўлмаган идора ва ташкилотларни табиий газдан узиш жараёни бошланди. Озодликка мурожаат қилган тадбиркорлар, гази узилган корхоналар ишлаб чиқариш тўхтаб¸ одамларнинг ишсиз қолганини айтмоқда. Соҳа мутасаддилари газ узилишини табиий газ етишмовчилиги билан изоҳлашди.

Тошкент вилоятининг Зангиота туманидан Озодликка боғланган тадбиркор йигитнинг айтишича, 9 декабрь куни унинг ишлаб чиқариш корхонасини табиий газдан узиб қўйишган.

“Олдиндан огоҳлантиришмади ҳам. Газ идора ходимларидан иборат махсус гуруҳ юрибди. Ўшалар келиб, “Юқоридан буйруқ бор”, деб, акт қилиб, газимизни пломбалаб кетишди. Лекин ҳеч қандай буйруқни кўрсатишмади. Газдан ҳеч қандай қарзим йўқ. Ҳар доим 1 ой аввал передоплата қиламиз”, дейди шахсини очиқламасликни сўраган қандолатчилик корхонаси эгаси.

Шу туманда яшовчи тадбиркор аёлга кўра, унинг ҳам фирмаси ҳам газдан узиб қўйилган.

“Мен туманимиздаги бошқа тадбиркорлар билан ҳам гаплашдим. Бутун туман бўйича ҳамма тадбиркорнинг газини узиб қўйишган. Ҳаммаси бошини чангаллаб ўтирибди”, дейди расмийлар босимига учраш эҳтимолидан қўрқиб исми очиқланмаслигини сўраган тадбиркор аёл.

Зангиоталик тадбиркор йигитга кўра, газ узилгани боис уч кундирки, унинг корхонасида иш тўхтаб қолган.

“Корхонамиз газда ишлашга мослашган. Электр спиралда ишлагани учун қимматга тушади. Шу боис табиий газдан фойдаланамиз. Кейин газ эффекти яхши, маҳсулот тезроқ қайнайди. Энди ишимиз тўхтаб ётибди. Бизга қачон газни ёқишларини ҳам айтишмади. Энди шунча одам ишсиз ўтириши керак”, дейди тадбиркор йигит.

Зангиота туман газ таъминоти идорасининг Озодлик боғланган ходими нафақат тадбиркорлар¸ балки тумандаги барча ижтимоий аҳамиятга эга бўлмаган обеъктларнинг табиий газдан узилаëтганини билдирди.

“Бизга облгаздан топшириқ берилган. Бу биргина бизнинг туманда эмас. Бутун вилоят бўйича ҳамма жойда бўлаяпти бу. Мактаб, боғча ва касалхоналардан ташқари барча объектлар газини узиб қўяяпмиз. Бутун қиш давомида уларга газ берилмайди. Қачон берилишини билмаймиз, юқоридагилар “бер” деса бераверамиз”, деди Зангиота туман газ таъминоти идораси ходими.

Тошкент вилояти газ таъминоти ҳудудий филиали мулозими ҳам ижтимоий аҳамиятга эга бўлмаган объектларнинг газдан узилаëтганини тасдиқлади.

“Газ муаммоси бор. Муаммо каттароқ. Қанчалик катталиги борасида бирор рақам бера олмайман. Аммо муаммо мавжуд. 20 декабрдан бошлаб, совуқ тушишни бошлайди ва газ етишмовчилиги кучаяди. Шунинг учун газни ўчириб қўяяпмиз. Бу ҳукуматнинг топшириғи билан бўлаяпти. "Ўзтрансгаз"нинг ёзма топшириғи бор бу бўйича. Тадбиркорларнинг ҳаммасини эмас, мавсумий истеъмолчиларнинг газини ўчириб, ижтимоий аҳамиятга эга объектлар яъни мактаб, боғча, шифохоналар ва аҳолининг ўзига газ етказиб бериш режаланган”, деди исмини очиқламаётганимиз мулозим.

Мулозимга кўра, гази ўчирилган обеъктларга қачондан бошлаб газ берилиши ҳозирча номаълум.

"Ўзтрансгаз"дан олинган маълумотга кўра, ижтимоий аҳамиятга эга бўлмаган объектларни табиий газдан узиб қўйиш бутун мамлакат бўйлаб амалга оширилаяпти.

Ўзбекистоннинг қанча гази бор?

Ўзбекистонда ҳар йили қиш мавсумида газ тақчиллиги кузатилади.

“Ўзбекнефтегаз” давлат ширкати расмий сайтида иддао қилинишича, миллий холдинг ширкати “ишлаб чиқариш қувватлари” Ўзбекистонда йилига 60-70 миллиард куб метр табиий газ қазиб олиш" имконини беради ва Ўзбекистон газ қазиб олиш ҳажми бўйича жаҳонда 11 ўринни эгаллайди.

Ўзбек газининг хориждаги энг катта харидори Хитой ҳисобланади, йилига Ўзбекистон Хитойга 10 миллиард куб метр газ етказиб беради.

Ўзбек газининг иккинчи йирик харидори Россиядир.

2014 йилги расмий хабарларда¸ Ўзбекистондаги ички истеъмолнинг йилдан-йилга ошиб¸ 50 миллиард куб метрдан ошгани иддао қилинган эди.

Ўзбекистоннинг табиий газга нисбатан ички эҳтиëжига оид рақамлар жамоатчиликка эълон қилинмай келинади.

Сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг четга сотиладиган газ ҳажмини ошириши аҳолига газ таъминотининг камайиб кетишига олиб келди.

Кейинги 10 йилдан зиёд вақт давомида Ўзбекистонда табиий газ муаммоси юзага келган. Юзлаб чекка қишлоқлар кейинги 4-5 йил ичида газдан бутунлай узиб қўйилди.

Маҳаллий аҳоли мамлакат ўз газини чет элга сотаётгани сабабли оддий халқ ўтин ва тезак ёқишга мажбур бўлаётганидан шикоят қилиб келади.

XS
SM
MD
LG