Хусусий бандлик агентликлари орқали Германияга ишга келган юзга яқин ўзбекистонлик кўчада қолган.
Икки ҳафтадан бери Мюнхен вокзалида тунаётган ўзбекистонликлардан бирининг Озодликка айтишича, "Turon World Cooperation" ҳусусий бандлик агентлиги уларга Германияда Ferienjob дастури доирасида уч ойлик иш ваъда қилган.
Хизматлар учун ўзини “Абдуллоҳ” деб таништирган шахс ҳар бир кишидан 700 дан 1000 долларгача пул олган.
Муҳожирлар алданганликларини Германияга келиб билишган.
Исми очиқланмаслигини сўраган ўзбекистонлик талаба уч ҳафтадан буён вокзалда тунаётганликларини айтади:
“4 июндан бери вокзалда ётибмиз. Шу ойни бошида келганмиз. "Уч ойлик иш, ойига камида 1000 евро ойлик оласизлар' дейишган. Келсак булар ваъда қилган иш йўқ. Германиядаги RAJ-Personal services "сизларни танимаймиз"деяпти. "Turon World”дагилар ишимизни чўзиб келяпти. Биздан пул олган Абдуллоҳ деган одам телефонни кўтармайди. Хуллас, бизни чув туширишди”, - дейди исми сир қолишини истаган ўзбекистонлик йигит.
"Turon World Cooperation" ҳусусий бандлик агентлиги Озодлик билан суҳбатда Германияда кўчада қолган ўзбекистонликларни ишга жўнатганини рад этди.
Ferienjob дастури доирасида ўзбекистонлик талабалар Германияга уч ойдан ортиқ бўлмаган муддатга ишлаш учун келишлари мумкин.
Ferienjob дастури бўйича хорижликларни мавсумий ишга жойлаш билан Германиянинг Бремен шаҳридаги Raj Personal ширкати шуғулланади.
Ширкат менежери Рой ван ден Хурк айрим ўзбекистонлик муҳожирлар билан юзага келган вазиятни "ачинарли", деб атади.
“Ўзбекистонликлар уч ойга мавсумий ишларга келиши мумкин. Талабалар бу ерда ишлаб, маҳаллий аҳоли маданиятини ўрганишади ва пул топишади. Бу талабалар учун жуда яхши имконият. Ҳозир тўрт юз ўзбекистонлик бизда ишлаяпти. Яна шунчаси келаси ҳафта келади.
Лекин, баъзи ўзбекистонликлар бизга олдиндан хабар қилмасдан келяпти, бу ерга келиб “иш топиб бер” деяпти. Бизда уларга иш йўқ. Уларга қандайдир одамлар бизни манзилимизни айтишган, баъзилариники ҳужжатлари сохта, булардан пул ҳам олишган. Буни эшитиш жуда ачинарли. Чунки, бунинг учун ҳақ олинмайди, бепул дастур бу. Афсуски, кимлардир бундан пул ишлашни мақсад қилган. Шунинг учун Германияга келишдан олдин бизга боғланишларини тавсия қиламиз”, - дейди Бремен шаҳридаги Raj Personal ширкати менежери Рой ван ден Хурк.
Ўзбекистонлик блогер ва ижтимоий фаол Никита Макаренко Германияга ишга жўнатилга ва кўчада қолган ўзбекистонликлар вазиятини ўрганган.
“Ўзбекистондаги "Turon World Cooperation" ҳусусий бандлик агентлиги лицензияси ўтган йили тугагани, лекин шунга қарамай бу агентлик одамларни чет элга юбориш билан шуғулланиб келганини аниқладик. Ҳозир жами 300 одам сарсон бўляпти. Шулардан юз нафари Германияга учиб кетган. 200 нафари бу ерда. Ҳаммаси бу агентлика пул тўлаган, лекин иш йўқ. Шартномалар “Wоrld Shahrisabz” масъулияти чекланган жамияти, “Фуад инвест” масъулияти чекланган жамияти ва бошқа 33 та юридик шахс номига тузилган. Хизматлар учун ҳар бир кишидан 700 дан 1000 долларгача пул олинган. Яъни, 100 минг доллардан ортиқ пул ундирилган ҳаммасидан. Баъзи йигитлар 4 июндан бери темир йўл вокзалларида яшамоқда. Уларнинг барчасига Германиядаги бир компаниянинг манзили берилган. Элчихонамиз хабардор. Франкфуртдаги Бош консуллик 15 июндан буён ушбу шаҳарда бўлган 8 кишини уйга жойлаштирди, овқатлантирган. Бу холатга Ўзбекистондаги ҳуқуқ тартибот идоралари эътибор қаратиши ва айбдорларни жазога тортиши керак”, - деб ёзди Никита Макаренко 28 июнь куни ўзининг Телеграм - каналида.
"Ишсизлик сабаб одамлар осонгина алданиб қоляпти"
Ўзбекистонда "Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида"ги қонунга уч йил аввал киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларга кўра, хориждан иш топиб берадиган хусусий агентликлар ўз мижозидан хизмат ҳақи олиши мумкин эмас.
Қонунга биноан агентликлар бу ҳақни ишчига иш бераётган хорижий ширкатдан ундириши лозим.
Аммо, қонуний ўзгаришларга қарамай хусусий бандлик идоралари мижозлардан ҳақ ундириши давом этмоқда.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги расмийларига кўра, қонунга киритилган ўзгаришлар фуқароларнинг бандлик агентликлари ва иш берувчиларга алданиб қолиши ва фирибгарлик олдини олиш мақсадида қабул қилинган.
Ўтган йили Ўзбекистонда рўйхатга олинган юздан зиёд хусусий бандлик агентлигидан 50 тасининг лицензияси бекор қилинган эди.
Ўндан ортиқ ширкатга нисбатан фирибгарлик бўйича жиноят иши очилган.
2019-2020 йиллар давомида Озодлик радиоси қатор хусусий бандлик агентликлари ўзбекистонликларни алдагани тўғрисидаги мақолаларни эълон қилган. Бунинг ортидан уларнинг айримлари фаолияти тўхтатилган, айримларига нисбатан эса жиноят ишлари очилган.
Форум