Ўзбекистон Энергетика вазирлиги Нидерландияда рўйхатдан ўтган Stone City Energy компанияси билан газ турбинали электр станциясини қуриш учун 1,2 миллиард долларлик шартнома имзолади. Бу ҳақда Reuters агентлигига таяниб Power Technology нашри хабар бермоқда.
Агентлик хабарига кўра, ширкат 25 йил давомида 1 560 МВт қувватга эга электр станциясини лойиҳалаштириш, молиялаштириш, қуриш, ишга тушириш ва бошқариш учун масъул бўлади.
Ўзбекистон ҳукумат станция учун Сурхондарё вилоятининг Ангор туманида 150 га ер майдонини ажратган.
Станция 2024 йил охирига қадар ишга тушиши кутилмоқда.
Энергетика вазири Алишер Султонов матбуотга:
"Stone City Energy билан имзоланган шартномалар Ўзбекистоннинг халқаро ҳамкорлар билан мамлакат манфаати йўлида ишлаётганининг яна бир мисолидир", деган.
"Мамлакатимизнинг иқтисодий ўсиши ва аҳолининг ўсиб бораётган эҳтиёжлари туфайли биз келажакда энергияга бўладиган эҳтиёжни қондиришимиз керак. Келгуси йилларда Stone City билан яқин ҳамкорлик қилишни орзиқиб кутяпмиз", - деган вазир.
Stone City Energy ширкатига 2019 йилда асос солинган бўлиб, у электр энергиясини ишлаб чиқариш ва тарқатиш соҳаларида фаолият юритади.
Power Technology нашрининг хабар беришича, Ўзбекистон ҳукумати Electricite de France ширкати билан Ўзбекистонда илк гидроаккумулятор электр станцияси – ГАЭС қуриш масаласида алоҳида музокаралар олиб бормоқда.
Ўтган ҳафта Ўзбекистон Энергетика вазирлиги Siemens Energy ширкати билан билан ўзаро англашув меморандумини имзолаган эди. Меморандумда келажакда амалга ошириладиган қўшма лойиҳалар учун йўл харитаси белгиланган.
Меморандумни Султонов ва Siemens Energy президенти Кристиан Брух имзолаган.
"Ўзбекистон ўзининг энергетика стратегиясини амалга ошириш учун энг яхши халқаро ҳамкорлар билан яқиндан ишлашишда давом этмоқда", деган вазир ҳужжат имзоланиши ортидан.
"Биз углеводород ишлаб чиқарувчи дунёда иқлимни бошқариш бўйича ўз бўйнимизга олган мажбуриятларимизни бажаришда етакчилик қилишни олдимизга мақсад қилиб қўйганмиз. Siemens дунё миқёсида танилган ва биз муносабатларимизни янада чуқурлаштиришни истаймиз", - деган вазир.