Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:27

Андижон ҳокимининг гўштни арзонлаштириш буйруғидан сўнг гўшт янада қимматлади


18 июль куни Андижон вилоят ҳокими қассобларни йиғиб, гўшт нархини 29 минг сўмдан кўтармаслик ҳақида буйруқ берди. Андижонликларга кўра, бунгача 34 минг сўмдан сотилган лаҳм гўшт нархи ҳоким кўрсатмасидан кейин 42 минг сўмга кўтарилган.

Буйруқ - "Гўштни килосини 29 минг сўмдан қимматга сотмайсан!"

18 июль куни Андижоннинг “Боғи Бобур” дам олиш масканида ўтган йиғилишда вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов гўшт нархини 29 минг сўмдан оширмаслик ҳақида буйруқ берди.

Ушбу учрашувда иштирок этган Андижон ҳокимлиги мулозимининг айтишича, ҳоким гўштни қиммат сотишни жиноятга тенглаштирган.

“Йиғилишда вилоятдаги ҳамма ҳокимлар қатнашди. Милиция, МХХ, прокуратура, солиқ бошлиқлари ҳам шу ерда эди. Кейин ўндан зиёд қассоб ҳам бор эди. Ҳоким қассобларга қараб, “Гўштни қиммат сотсанг, қаматиб юбораман” деб дағдаға ҳам қилди”, дейди йиғилишда иштирок этган ҳокимлик расмийси.

Йиғилиш якунида вилоятдаги 622 та қассобхонанинг ҳаммасига гўшт нархини 29 минг сўмдан оширмаслик ҳақида оғзаки буйруқ берилган.

(Мобил мухбир Андижондан жўнатган сурат)

"29 минг сўмга туширилган гўштнинг ярмига яқини суяк ва ёғ"

Андижонликларга кўра, ҳоким кўрсатмасидан сўнг вилоятдаги гўшт расталари олдида “1 кило гўшт нархи 29 минг сўм” деган ёзув пайдо бўлган ва шу нархда сотилаётган гўштга суяк ва ёғ қўшиб берилмоқда:

“Гўшт олмоқчи бўлсангиз, 29 мингдан бор¸ дейишади. Лекин 1 кило гўшт олмоқчи бўлсангиз, 200 грамми суяк ва яна 100 грамми ёғдан иборат, фақат 700 грамм гўшт оласиз. 29 мингга суяк ва ёғсиз гўшт ололмайсиз”, дейди андижонлик йигит.

Озодликка мурожаат қилган андижонликларга кўра, ҳокимнинг гўштни арзонлатиш кўрсатмасидан сўнг лаҳм гўштнинг нархи қимматлаган:

“Ҳоким бобо гўштни арзонлатаман деб, 34 минг сўмдан сотилаётган гўштни 29 минг эмас, 42 минг сўмга чиқариб қўйди. Лаҳм гўшт нархи 40-42 минг сўмдан сотилаяпти”, дейди яна бир андижонлик.

Ҳокимлик: Гўшт билан боғлиқ вазият назоратда

Андижон вилоят ҳокимлигининг Озодлик суҳбатлашган масъулларидан бири ҳокимликнинг гўшт нархини назорат қилишга катта эътибор қаратаëтганини айтади.

“Гўшт нархи 34 минг сўмга чиқиб кетгани юзасидан ҳокимликка, халқ қабулхонасига шикоятлар кўп бўлди. Ушбу шикоятлардан сўнг махсус гуруҳ назорат тадбири ўтказиб, гўшт нархининг асоссиз равишда қиммат сотилаётганини аниқлади. Ўрганишлар натижасида 1 кило гўшт нарх 29 минг сўм қилиб белгиланди. Мутасадди ташкилотлар гўшт сотилишини назоратга олган. Ҳамма идоралар бунинг устида ишлаяпти”, деди ҳокимлик масъули.

Одамлар гўштни граммлаб олаяпти

Гўшт савдоси билан шуғулланувчи андижонлик тадбиркор Бунёдбек 8 июль куни Озодлик билан суҳбатда нарх ошгани сабаб одамлар уни граммлаб олишга мажбур бўлганини айтган эди:

- 100 грамм- 200 грамм олади. Шароит кўтармагани учун битта овқат бўлсаям, иккита овқат бўлсаям 5000 сўмдан олишади. 2-3 кило оладиганлар жуда кам,- деган эди Андижон ҳокими гўшт нархини арзонлатиш ҳақида буйруқ бериши арафасида андижонлик тадбиркор.

Кейинги икки ой ичида нафақат Андижон¸ балки бутун Ўзбекистон бўйлаб гўшт нархи 25 фоизга қимматлади.

20 июль куни Тошкентдан олинган хабарга кўра, пойтахтдаги гўшт расталарида бир кило лаҳм гўшт 45 минг сўмдан сотилаяпти. Икки ҳафта аввал лаҳм гўштнинг бир килоси 35 минг сўмдан сотилган эди.

Май ойида Бош вазир Абдулла Арипов гўшт нархини туширишни талаб қилганидан сўнг, бозорларда арзон гўшт сотувчи расталар пайдо бўлди. Нарх-навони барқарорлаштиришга кўмалашувчи жамғарма тузилди. Лекин ҳозирча гўшт арзонлаш ўрнига фақат қимматлаётгани кузатилмоқда.

Қассоблар ва гўшт савдоси билан шуғулланувчи тадбиркорларнинг айтишича, гўшт нархининг ошишига бир қанча омиллар сабаб бўлаяпти. Жумладан, бензин нархи ошгани боис, асосан, жанубий вилоятлардан ташиладиган қорамолларни пойтахт ва бошқа вилоятларга келтириш ҳаражатлари ошгани, ем-ҳашак танқислашгани ортидан унинг нархи кескин кўтарилиб кетгани ва шунингдек, маъмурий босимлар ҳам гўшт нархининг кун сайин қимматлашига сабаб кўрилмоқда.

Озодлик Ўзбекистон бўйлаб гўшт нархининг кескин ошиб бораëтгани сабабларини ўрганмоқда. Сиз ҳам чорвачилик¸ қассобчилик ва гўшт савдосига бевосита алоқадор бўлсангиз¸ сабаблар ҳақидаги мулоҳаза-маълумотларингизни Озодликка йўллашингиз мумкин.

XS
SM
MD
LG