Линклар

Шошилинч хабар
08 январ 2025, Тошкент вақти: 20:42

Гулнора Каримова манзил колонияга чиқарилди - манбалар


Гулнора Каримова Пекиндаги Мода ҳафталигида ўзининг Guli коллекцияси тақдимотида. 30 октябрь, 2012 йил.
Гулнора Каримова Пекиндаги Мода ҳафталигида ўзининг Guli коллекцияси тақдимотида. 30 октябрь, 2012 йил.

Марҳум президент Ислом Каримовнинг қатор иқтисодий жиноятларда айбланиб 13 йилдан кўпроқ қамоқ муддатини ўтаётган тўнғич қизи Гулнора Каримова ўтган йил охирида Тошкентдаги аёллар қамоқхонасидан манзил колонияга ўтказилган.

Бу ҳақдаги маълумотни Озодликка Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларидаги бир-биридан мустақил манбалар тасдиқлади.

Айни пайтда маҳаллий нашрларда ҳам ёйинланган хабарнинг расмий тасдиғи ҳозирча йўқ.

Озодлик манбаларининг билдиришича, 52 яшар Гулнора Каримова 2024 йилнинг 20 декабрь куни Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш департаментига қарашли 21-сонли колониядан 42-сонли манзил колонияга ўтказилган.

“Гулнора 5-6 чемодан билан колониядан хурсанд чиқиб кетди. Ўзига яқин бўлиб қолган маҳкумалар билан қучоқлашиб хайрлашди. Гулнорани ГУИНдан келган одамлар ва колониямиз раҳбари Гулруҳ Каримова кузатиб қўйди”, деди Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда исмини очиқламасликни сўраган колония ходимларидан бири.

Унинг сўзларига кўра, Гулнора Каримова жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти Зангиота тумани судининг унга Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 74-моддаси (Жазони енгилроғи билан алмаштириш) асосидаги ажрими билан 19 декабр куни колониядан озод қилинган.

Озодлик Гулнора Каримовага нисбатан жазони ўташ тартиби ўзгаргани ҳақидаги маълумот юзасидан Ички ишлар вазирлиги, Жазони ижро этиш Департаменти ва Омбудсман идорасидан на тасдиқ ва на раддия ололди.

"Бу ерда ҳамма нарса қийноқ устига қурилган". Мирзиёевнинг VIP маҳкумлари
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:10:30 0:00

Озодлик манбаларининг тушунтиришича, қарорга колония маъмуриятининг белгиланган жиноий жазонинг учдан бир қисми ўталгани ҳақидаги тақдимномаси асос қилиб олинган.

“Аслида бу модда колония тартибини бузган шахсларга қўлланилмаслиги керак. Гулнора жазони ўташ тартибини сурункали бузувчи маҳкумалардан бири эди. У жазони ўташ даврида бир неча марта қоидаларни бузган, ҳайфсан олган ва огоҳлантирилган. Лекин унга гуманизм қўлланилди”, дейди Тошкентдаги аёллар колонияси вакили.

Отасининг қамоғида

Бир пайтлар Ўзбекистонни чорак асрдан кўпроқ вақт қаттиққўллик билан бошқарган отасининг сиёсий меросхўри сифатида кўрилган Гулнора Каримова охирги марта 2020 йилда Тошкент шаҳар суди томонидан 13 йилу 4 ойга озодликдан маҳрум қилинганди.

У жиноий уюшма тузиш, товламачилик, ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-торож қилиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва бошқа жиноятларни содир этганликда айбдор, деб топилган.

Ўзбекистон Бош прокуратурасига кўра, Каримовага нисбатан 2013 йилда иш очилиб, 2015 йилда 5 йиллик озодликни чеклаш жазоси, 2017 йилда эса 10 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ўринбосари протестига асосан унга нисбатан белгиланган қамоқ жазоси 5 йиллик озодликни чеклаш билан алмаштирилган.

Уй қамоғида Каримова бир қатор қоидаларни бузгани учун қайта қамоққа олинган. 2020 йилда унга янги айбловлар билан 13 йилу 4 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Жазони 2019 йилдан бери 21-аёллар колониясида ўтаб келаётган эди.

Гулнора Каримованинг яқинлари, жумладан, ҳануз ҳокимиятга яқин деб кўриладиган собиқ биринчи хоним Татьяна Каримова унинг манзил колонияга ўтказилгани борасидаги хабарларга муносабат билдиргани йўқ.

Ўтган йилларда Каримованинг адвокати ҳамда фарзандлари унга нисбатан қамоқхонада босимлар бўлаётгани, маҳкума билан учрашувга рухсат берилмаётганидан шикоят қилиб келишган, аммо расмийлар бу иддаоларни рад этган.

2023 йилнинг 16 июнь куни Гулнора Каримова билан учраштирилмагани ҳақида онаси Татьяна Каримова Facebookда пост қолдирганди:

“Неварам Имонни 25 ёшни қарши олгани билан табриклайман. Бахт, фароғат, меҳр-муҳаббат тилайман. Лекин, афсуски, бугунги гўзал кун қувончи тўкис эмас... КИН-21 аёллар колониясидаги қизим Гулнорани кўришга рухсат берилмади”.

Ижтимоий тармоқ фаоллари эса бу шикоятомуз постга ҳамдардлик билан эмас, аксинча, “Нима эксанг, шуни ўрасан” қабилидаги ғазабнок айбловлар билан муносабат билдиришган.

Халқаро тергов ва музлатилган миллиард

Гулнора Каримова Европа ва АҚШдаги қатор халқаро жиноят ишлари ва суриштирувлар фигуранти саналади.

Ўтган ой бошида Швейцария прокуратураси бадавлат мижозларга хизмат кўрсатишга ихтисослашган Lombard Odier банкини оғирлаштирувчи шартлар билан пул ювишда айблаган.

Financial Times нашрининг расмийларга таяниб ёзишича, банк бир неча йил давомида, жумладан, Ўзбекистон биринчи президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг жиноий фаолиятини яширишга кўмаклашиш бўйича “ҳал қилувчи рол”лардан бирини ўйнаган.

Прокуратура тахминича, 2023 йил сентябрида айблов эълон қилинган Каримова йирик миқдордаги пул маблағларини ўзлаштириб, уларни Швейцариядаги “Офис” дея танилган ташкилот орқали ювган. Гулнора Каримованинг ўзи мазкур айбловларни рад этган.

Lombard Odier банкининг собиқ ходимига ҳам айблов эълон қилинган. Прокуратура бу ишни 2016 йилдан буён юритиб келмоқда.

Ўзбекистон Бош прокуратураси Каримованинг давлат ва одамларга келтирган зарари 1 трлн. 270 млрд 200 млн сўм, 1 млрд 651,8 млн АҚШ доллари, 26,1 млн евро деб баҳолаган.

АҚШ Адлия вазирлиги ҳузуридаги прокуратура идорасининг Нью-Йорк жанубий ҳудуди бўйича прокурори 2019 йилнинг 7 март куни Гулнора Каримовага нисбатан расмий айбловларни эълон қилган эди.

Каримова қарийб 10 йил давомида турли молиявий схемалар орқали акциялари АҚШ биржасида сотувга қўйилган уч йирик халқаро телеком ширкати – TeliaSonera, VimpelCom ва МTCдан жами 865 миллион доллар пора олганликда айбланади.

Адлия вазирлиги баëнотида таъкидланишича¸ Каримова АҚШнинг хориждаги коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги қонунига кўра, ҳозирга қадар энг катта пора олганликда айбланган шахсдир.

Хориждаги суриштирувлар ортидан Гулнора Каримованинг Швейцария банкларидаги бир миллиард долларга яқин маблағи музлатилган эди.

2022 йилнинг февралида Ўзбекистон Адлия вазирлиги Каримова ўзлаштирган мулкни мамлакатга қайтариш доирасида Франциядан 10 миллион АҚШ доллари Ўзбекистонга қайтарилгани, яна 131 миллион АҚШ доллари қийматидаги активлар "Ўзбекистонга қайтарилишга тайёр" эканини билдирган.

Аммо бу пулларнинг тақдири номаълум, уларнинг нимага ва қандай сарфлангани борасида очиқ ҳисобот мавжуд эмас.

Жамоатчилик фаоллари аввал-бошдан қайтарилаётган бу пулларнинг халққа етиб боришига жиддий шубҳа билан қарашган.

Озодлик суриштируви 2023 йил октябрида, ўз вақтида Гулнора Каримованинг жиноий шериги сифатида айбланган Рустам Мадумаров Ўзбекистон ДХХ зобитлари назорати остида Гулнора Каримовага алоқадор банк ҳисобрақамидан пулларни олиш учун Ҳонг Конгга сафар қилганини ўртага чиқарган.

Озодлик манбаларининг таъкидича, Мадумаровга Гулнора Каримовага алоқадор банк ҳисобидаги пулларни бошқа хусусий ҳисобларга ўтказиш миссияси юклатилганди.

Ўзбекистон расмийлари Озодлик суриштируви юзасидан изоҳ бермаган.

Мирзиёев қамоғида

2016 йилда ҳокимиятга келган Шавкат Мирзиёев аввалига омма ўнгида ўзини Ислом Каримовнинг шогирди ва у бошлаган ишларнинг давомчиси сифатида тақдим этган бўлса-да, амалда унинг сиёсий меросидан масофаланишга қаратилган қатор ишларни амалга оширган.

Жумладан, мамлакат қамоқхоналаридаги ўнлаб сиёсий маҳкумларни озод қилган, минглаб одамларни қора рўйхатлардан чиқарган.

Татьяна Каримованинг ўзи ҳақида эса Мирзиёев “Фарғоналик келинлар” бир вақтлар водийни ғорат қилгани" ҳақида гапирганди.

Ижтимоий тармоқ фаоллари ва оддий ўзбекистонликлар кўпинча Мирзиёев қизларининг отаси администрацияси ва ҳукуматда юқори лавозимларга тайинланиши ҳамда куёвларининг бизнес манфаатлари билан Гулнора Каримованинг бошига тушганлар ўртасида параллел ўтказишади.

Форум

XS
SM
MD
LG