Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 08:49

Г. Каримова Швейцария судида ютқазди. $800 000 000 нинг Ўзбекистонга қайтарилиши тезлашиши мумкин


2014 йилдан уй қамоғига олингани айтилган Гулнора Каримова¸ ҳозирда Ўзбекистон қамоғида беш йиллик жазони ўтамоқда.
2014 йилдан уй қамоғига олингани айтилган Гулнора Каримова¸ ҳозирда Ўзбекистон қамоғида беш йиллик жазони ўтамоқда.

Швейцария Федерал жиноят суди 31 июль куни Ўзбекистон Биринчи президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова аппеляциясини рад этди.

Бу қарор¸ Гулнора Каримовага қарашли экани айтиладиган музлатилган 800 миллион швейцар франкининг Тошкент ҳукуматига қайтарилишини тезлатиш йўлидаги муҳим қадам сифатида кўрилмоқда.

Каримова Швейцария судига ким ва нимадан шикоят қилди?

Женевадаги адвокати Grégoire Mangeat орқали Швейцария Федерал жиноят судига май ойи охирида қилган шикоятида Гулнора Каримова Швейцария федерал прокуратурасининг 2012 йилда музлатилган 800 миллион франк маблағнинг қарийб 700 миллионини (айни кунда тахминан 701 миллион АҚШ долларига тенг-таҳр.) конфискация қилиш ҳақидаги ордерига норозилик билдирган.

Швейцария прокуратураси жорий йилнинг 22 май куни чиқарган иккита ордерда Женева ва Цюрихдаги банкларда 2012 йили музлатилган ва Гулнора Каримовага қарашли экани гумонланаëтган 800 миллион франкнинг 686.7 миллионини мусодара қилиш ва Ўзбекистонга қайтариш айтилган эди.

Прокуратуранинг бундай ордерига¸ Гулнора Каримова “идораси”нинг икки асосий хизматчиси – Гаяне Авакян ва Рустам Мадумаров ëзган иқрор асос бўлган. Ўзбекистонда узоқ йиллик қамоқ жазосини ўтаëтган Каримованинг бу икки шериги Швейцария прокуратурасига берилган иқрорномасида музлатилган пулларнинг жиноий эканини тан олган ва уларнинг ўғирланган манзил – Ўзбекистонга қайтарилишини сўраган. Айни пайтда¸ 2012 йилдан бери Швейцарияда очилган жиноят ишининг асосий бу икки фигуранти¸ ўз ишининг тез ва соддалаштирилган тартибда - Гулнора Каримова иши ëпилишини кутмасдан тугатилишини сўраган.

Швейцария маҳкамасига топширган апелляция аризасида Гулнора Каримова адвокати¸ прокуратура ордери процессуал нормалар ва айбланувчиларнинг адолатли суд ҳаққини бузишини¸ ўзбек қамоғида олинган иқрорларнинг етарли эмаслигини иддао қилган¸ жиноий ишнинг икки фигуранти берган кўрсатма асосида музлатилган пулларнинг Ўзбекистонга қайтарилишига норозилик билдирган.

(Каримова Швейцарияда 2012 йил 5 июль куни очилган жиноят ишининг асосий фигуранти ҳисобланади. Ундан ташқари яна беш ўзбекистонлик – Гаяне Авакян¸ Рустам Мадумаров¸ Беҳзод Аҳмедов¸ Алишер Эргашев ва Шоҳруҳ Собировлар Швейцария Федерал прокуратураси олти йилдан бери олиб бораëтган жиноят иши фигурантларидир. Россияда яшириниб юргани айтиладиган Беҳзод Аҳмедовдан ташқари бешала фигурантнинг Ўзбекистон қамоғида экани айтилади – таҳр.)

Озодлик билан 20 июнь кунги суҳбатда Гулнора Каримованинг Женевадаги адвокати Grégoire Mangeat Авакян ва Мадумаровнинг Швейцария федерал прокуратурасига берилган иқрорларининг “қийноқлар остида олинган” бўлиш эҳтимолини тилга олган ва бундай иқрорлар Швейцария федерал прокуратурасини фактларни аниқлаштириш мажбуриятидан озод қилмаслигини айтган эди.

Федерал жиноят судининг 31 июль кунги қарорига муносабат билдирган Grégoire Mangeat ундан хафа эканини яширмади.

"Аппеляция аризамиз рад этилганидан¸ албатта¸ хафамиз. Биз бу аризамизда олти фигурантдан иккитаси ишининг алоҳида кўрилишига норозилик билдирган эдик. Пуллар конфискациясининг бунга дахли йўқ. Гап фақат процессуал бўлиниш ҳақида эди. Прокуратуранинг яна икки алоҳида қарори устидан берган шикоятимиз ҳозирда ўрганилмоқда"¸ деб ëзди Озодликка Каримованинг адвокати 15 август куни.

Швейцария Федерал жиноят суди қарори

14 август куни нусхаси Озодликка юборилган суд қарорида¸ Гулнора Каримова адвокати томонидан билдирилган бу эътирозлар асоссиз деб топилган.

Федерал жиноят судининг 31 июль кунги қарори нусхаси.
Федерал жиноят судининг 31 июль кунги қарори нусхаси.

Федерал прокуратура ордерларини “объектив” ва етарлича асосланган деб топган Федерал жиноят суди уларда процессуал қоидалар бузилмаганини айтади ва шу асосда “аризачи апелляциясини рад этиш¸ апелляция суди харажатларини аризачи томон зиммасига юклаш ва прокуратура ордерларини тўхтатиб туриш сўровининг мақсадга мувофиқ эмаслиги” ҳақида қарор чиқаради.

Бу қарор устидан шикоятга ўрин йўқ”¸ деб тугалланади Озодликка нусхаси келган Швейцария Федерал жиноят судининг 31 июль кунги қарори матни.

Суд қарори музлатилган миллионларнинг Ўзбекистонга қайтишини англатадими?

Озодлик суҳбатлашган швейцариялик экспертлар¸ Федерал жиноят судининг Каримова аппеляциясини рад қилгани Женева ва Цюрихда олти йилдан бери музлатиб қўйилган 800 миллион франкнинг дарҳол Ўзбекистонга қайтарилишини англатмаслигини билдирди.

Айни пайтда¸ бу қарор шу йўлда ташланган муҳим қадам ва у¸ шубҳасиз¸ пуллар қайтарилишини тезлатади. Бу ҳам Швейцария¸ ҳам Ўзбекистон прокуратураси ўз муваффақиятлари рўйхатига қўшса бўладиган воқеа”¸ деди Озодлик билан суҳбатда Швейцарияда “ўзбек иши” номини олган жиноят ишни яқиндан кузатиб келаëтган молиявий мутахассислардан бири.

Озодлик билан 15 август кунги ëзишмаларда Швейцария Бош прокурори матбуот хизмати расмийси¸ ўз идораси Федерал жиноят судининг 31 июль кунги қароридан “мамнунлигини” алоҳида таъкидлади.

Гулнора Каримова адвокатининг Федерал прокуратура 22 май куни чиқарган икки ордер устидан қилган аппеляцияси рад этилди. Эндиликда суднинг Жиноят ишлари палатаси ҳам прокуратура ордерлари юзасидан ўз қарорини чиқариши лозим. Жиноят ишлари палатаси қарори¸ бу ордерларнинг ижро этилиш-этилмаслиги ҳақида бўлади. Бу қарор чиқишини кутар эканмиз¸ тўртала айбланувчига нисбатан бораëтган жиноят иши давом этади”¸ дейилади Швейцария Бош прокурори идорасининг Озодликка йўллаган билдиришномасида жумладан.

Бу ëзишмаларда Швейцария Бош прокуратураси расмийси¸ 2018 йилнинг 22 май куни Гулнора Каримованинг шахсий котибаси Гаяне Авакян ва унинг фуқаровий эри Рустам Мадумаров устидан очилган жиноят иши якунига етгани ва айблов хулосасини чиқарилганини ҳам таъкидлаб ўтди.

Федерал прокуратура пул ювиш ва ҳужжатларни сохталаштирганликда айбланган бу иккала шахсни жаримага тортиш (ҳар бирига 390 минг франк жарима солинган – таҳр.) ва уларни ҳисобидаги 685 миллион франкка тенг маблағдан мосуво қилиш ҳақида ордер чиқарди”¸ дейилади Швейцария Бош прокурори идорасидан Озодликка юборилган расмий жавобда.

Ўзбек қамоғида қолаëтган собиқ "малика" ўз шартлари қабул қилинса¸ судгача муросага бориши мумкин

21-22 июнь кунлари Тошкентда ўз мижози билан учинчи марта учрашган Гулнора Каримованинг адвокати Grégoire Mangeat¸ Ўзбекистон ва Швейцарияда очилган жиноят ишларини тезроқ ëпиш мақсадида Каримова "айрим шартлари қабул қилинган тақдирда¸ муросага бориши мумкинлигини" айтган эди.

Бу шартлар эса¸ адвокат таъкидича¸ Каримованинг қамоқхона шароитини яхшилашдан тортиб¸ унинг озод этилиб янги ҳаëт бошлаши ва шахсий бойликларининг қайтариб берилишигача ўз ичига олади.

Ҳозирча Озодлик ихтиëрида Ўзбекистон томонининг бундай муроса таклифига қандай жавоб берганига оид аниқ маълумот йўқ.

2017 йилнинг 28 июль куни Ўзбекистон Бош прокуратураси Гулнора Каримова ишига оид тафсилотларни жамоатчиликка очиқлаган эди.

Унга кўра¸ Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судининг 2015 йил 21 августдаги ҳукми билан Г.Каримова айбланаётган жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган ва унга 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.​

Расмий баëнотда айтилишича¸ "Г.Каримовага нисбатан уюшган жиноий гуруҳга қўйидаги жиноятларни содир этишга кўмаклашиш ҳолатлари бўйича алоҳида иш юритувга ажратилган жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда".

"Ушбу ҳолатлар бўйича Г.Каримовага Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168, 178, 182, 189, 228 ва 243-моддалари билан айблов эълон қилинган ва унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган".

XS
SM
MD
LG