Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:47

Гулнора Каримованинг Москвадаги квартиралари сотилади, пулини Россия билан Ўзбекистон тенг тақсимлайди


Россия суди Ўзбекистон биринчи президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг Москвадаги олтита квартирасини мусодара қилиш ҳақида қарор чиқарди.

ТАСС агентлигининг Ўзбекистон адлия вазири ўринбосари Музроф Икромов сўзларига таянган ҳолда хабар қилишича, Каримованинг суд томонидан мусодара қилинган квартиралари сотувидан тушган даромадни Россия билан Ўзбекистон тенг тақсимлашга келишишган.

Ўзбекистон Адлия вазирлиги 2020 йилда Бош прокуратура билан биргаликда Каримованинг “жиноий йўллар билан топилган” 1,3 миллиард долларлик активини қайтариш билан шуғулланаётгани ҳақида маълум қилган. Вазирлик қайдича, Россияда собиқ президентнинг катта қизи ҳисобрақамларида 6 миллион доллар сақланмоқда. Шунингдек, унинг Москвадаги “Камелот” тураржой мажмуасида пентхаусга, “Рублёвка” массивида ҳашаматли уйга ва саккизта квартирага эгалиги айтилган. Бундан ташқари, унинг Ялтада 2 миллион долларлик ер участкаси, уйи ва меҳмонхонаси борлиги қайд этилган.

Аввалроқ Гулнора Каримовага қарши очилган жиноят иши доирасида мусодара қилинган активларни қайтариш учун Швейцария ва Ўзбекистон БМТ қошида кўптомонли траст фонди тузишга келишиб олгани билдирилган. 2012 йилдан бери Каримованинг Швейцария банкларидаги ҳисобрақамларида қолаётган пуллардан тақрибан 131 миллион доллари шу кунда қайтариш ҳозир ҳолатга келтирилган.

Музроф Икромов 13 сентябрь куни Тошкентда ўтказилган матбуот анжумани чоғида Франция, АҚШ, Латвия ва бошқа мамлакатлардаги Гулнора Каримова ва у бошчилигидаги уюшган гуруҳга оид активларнинг умумий қиймати қарийб 1,4 миллиард долларга баҳолангани, бу пулга 1400 та мактаб қурса бўлишини айтди.

Ўзбекистонда Гулнора Каримовага қарши 2013 йилда ўғрилик ва солиқ тўлашдан бош тортиш айбловлари бўйича иккита жиноят иши очилган. 2015 йилда у биринчи иш бўйича 5 йилга озодликдан маҳрум этилган. 2017 йилда эса у иккинчи иш бўйича 10 йил қамоқ жазоси олган. Кейинчалик мазкур жазо беш йилга озодликни чеклаш жазоси билан алмаштирилган.

2020 йилнинг март ойида Г. Каримова Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди ҳукми билан 13 йилу 4 ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Каримова жиноий уюшма тузиш, товламачилик, ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-торож қилиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва бошқа жиноятларни содир этганликда айбдор, деб топилган. У 2019 йил баҳоридан бери Зангиотадаги 21-сонли аёллар колониясида жазо муддатини ўтамоқда.

Озодлик президент Ислом Каримов ҳали тириклигида унинг тўнғич қизи Г. Каримованинг кирдикорларига бағишланган кўплаб материаллар тайёрлаган. Шулардан бири швециялик тележурналистлар билан бирга ҳозирланган “Москвадан келган чопар” ҳужжатли фильми эди. Бу ва бошқа материаллар аввал хорижда, кейин эса Ўзбекистонда Гулнора Каримовага қарши ишлар очилишига туртки бўлган.

Москвадан келган чопар
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:36:18 0:00

Форум

XS
SM
MD
LG